Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (4)
ОНАМ-А

Сендан ўзга меҳрибонни кўрмадим,
Сенсиз ёруғ бу жаҳонни кўрмадим,
Сендан буюк ор-виждонни кўрмадим,
Сенсиз тўкис ер-осмонни кўрмадим,
Бугун яна ёдга тушган онам-а.

Кўришамиз, болам, қиёматда деб,
Йиғлайверма, бўтам, надоматда деб,
Сен яккасан, яша диёнатда деб,
Умринг ўтказ ҳалол, ибодатда деб,
Билдирмасдан мендан қочган онам-а.

Улушинг бор, дастурхонда, ўзинг йўқ,
Кўз олдимда суратинг бор, сўзинг йўқ.
Кўзларимга қараб турган кўзинг йўқ,
Йиғламаган ўғлинг ҳамда қизинг йўқ,
Рўзғоримда шамдай ўчган онам-а.

Эртаю кеч ўгитларинг тилимда,
Ҳасратларинг кўзимдаги селимда,
Кўпга қилган оналигинг эдимда;
Сен боғлатган шоҳи белбоғ белим-да,
Келмасликка қушдай учган онам-а.

Сендан қолган уйни обод айладим,
Сутинг ҳаққи, руҳингни шод айладим,
Ҳариб эдим, ўзни кушод айладим —
Ёлғизингни Бунёд, Озод айладим,
Юртга учта ўғил қўшган онам-а.

Кўрганингда бўлар эди — шу алам!
Дунё иши шундоғ экан, бири кам.
Шу боисдан йиғлаб ўтар эл-олам,
Армонларинг мана мен тутган қалам —
Шоир бўлиб қайнаб жўшган онам-а...

Яйратгансан пири имоним бўлиб,
Қаратгансан табиб инсоним бўлиб.
Яйратгансан боғу бўстоним бўлиб,
Сайратгансан улуғ Туронни бўлиб,
Ўзбекистон каби қучган онам-а...

Толиб ЙЎЛДОШ 

ОНА 

Она! Сенинг қуёшдайин
Умринг бор тинч ҳаётда. 
Меҳринг яшар ҳар бир қалбда,
Ҳар дилда, мангу ёдда.
Ҳар эшикда сенинг алланг —
Сенинг ўғил-қизинг бор. 
Сен тарихлар ижодчиси, 
Асло ўчмас изинг бор. 
Гўдакларга кўксинг очиқ,
Ўз номинг-ла онасан! 
Бахтинг кулиб ҳур Ватанда 
Довруғ топдинг яна сен.
Пахтазорда сенинг ялланг,
Дастгоҳларда овозинг,
Ой расмини олиб тушди
Фан йўлида парвозинг.
"Она” десам, ойнадек 
Чеҳранг менга намоён.
Ёнбошимда тургандайсан
Соям каби ёнма-ён.
"Болам” дейсан, ҳавас билан
Бўй-бастимдан ўргилиб.
Ювиб-тараб, нур кийдириб,
Севиб парвона бўлиб.
Сен бир баҳор, боғларингда 
Ўсар фарзанд — ниҳолинг.
Бизлар — сенинг келажагинг,
Бизлар — сенинг иқболинг.  

Ориф ОДИЛХОНОВ

ОНА МЕҲРИ

Кўрдим, она, юзингиз кўз очиб тонг маҳалда,
Меҳрингиз дилга чиздим офтоб мисол ҳалда.

Меҳр қуёшингиздан бўлди дилим мунаввар,
Ширин сўзларингиздек ширинлик йўқ асалда.

Бу оламни танитган бағри олам ўзингиз,
Онасиз асли олам яралмасди азалда.

Бахти кулган диёр бағрида завққа тўлиб,
Меҳрингиз куйлар Ориф қўшиқ қилиб ғазалда.

Нормурод НАРЗУЛЛЕВ
АЗИЗ ОНАЖОН

Кўнгил гул боғида асрайман сизни,
Кўзим қароғида асрайман сизни,
Қалбим ардоғида асрайман сизни,
Боғбоним, посбоним, азиз онажон!

Қалбим наволари қўшиқ, соз бўлгай,
Баҳор чечаклари поёндоз бўлгай,
Умид, орзуларим сарафроз бўлгай,
Юлдузим, осмоним, азиз онажон!

Сиз билан кўркамдир йиллар, фасллар,
Қалбу кўксингиздан қарздор насллар,
Шу боис бош эгиб, ардоғлаб сийлар,
Имоним, виждоним, азиз онажон!

Сиз бедор, дунё тинч, эл обод бўлгай,
Дарду андуҳлардан дил озод бўлгай,
Хонадон серфайзу кўнгил шод бўлгай,
Қуёшли жаҳоним, азиз онажон!

Сиз борсиз, жаҳонни қучар қулочим,
Юксак парвозларда синалар лочин,
Қанийди оқлолсам фарзандлик бурчим,
Қўшиғим, достоним, азиз онажон!

Нормурод НАРЗУЛЛАЕВ

ОНАЖОНИМ КИРДИ ТУШИМГА

Сарвар Берди қизига

Соғинибди чоғи бепарво ўғлин,
Безовта қилибман тушларида ҳам.
Энтикиб, сув сепиб, кутармиш йўлим,
Кўзлари нигорон, мунис волидам.

Мени деб тўшагин янгилаганмиш,
Илитганмиш сув ҳам қўл ювиш учун.
Даврада ош тўла янги лаганмиш,
Гулдор пиёлада чой тутмиш мамнун.

Қаршимда турармиш катта чорраҳа,
Қоп-қора булутни бошимдан қувиб —
Тилармишлар менга оқ йўл — фотиҳа,
Ўпиб пешонамдан, эркалаб суюб...

Тушимнинг таъбирин нимага йўяй,
Асл ҳақиқатни билан оналар!
Шеъримга шу жойда мен нуқта қўяй,
Очиқ эътирофни қалбим тан олар!

Ҳаётда нималар бўлмайди содир,
Номатлуб юмушлар тегар Қашимга...
Шунда таскин бериб, ҳар ишга қодир,
Мададкор онамлар кирар тушимга.

Ташвишлари  камдай ҳушларида ҳам,
Оббо, тинч қўймадим тушларида ҳам.

Омон МУХТОР

* * *

Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби

Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
У сен билан сўзлашар баъзан —
Жаҳл аралаш, дилхун, асабий.

Ранжимагин, она, ўғлингдан
Унинг кўпдир наздингда айби.
Ўзи меҳр кўрсатмай, баъзан —
Сендан меҳр унинг талаби.

Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби...

Тилак ЖЎРА

ОНА НИЯТИ

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.

Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.

Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир, аслида.

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.


Ҳайдар САМАРҚАНДИЙ

ОНАЖОН

Онажон, номинг дилимда —
жисм аро танҳо ўша,
Шафқатинг битмас хазина —
менга минг тилло ўша,
Ҳар нафас меҳринг булоғи,
тошса бир дунё ўша,
Кўз очиб кўрдим ўзингни,
менга бир дунё ўша.
Онажон, каъбам ўзинг,
сенсиз жаҳонни на қилай,
Танда меҳринг ёнмаса
беҳуда жонни на қилай?

Тарк этиб орому сабринг —
менга бахт бердинг мудом,
Ҳам жигарпорам дея,
чекдинг аламлар субҳу шом.
Тоза қалбинг бўлди қанча —
қанча қайғуларга жом,
Сендан ўргандим буюк
имло била ширин калом,
Онажон, каъбам ўзинг,
сенсиз жаҳонни на қилай,
Этмаса номингни ёд —
ўткир забонни на қилай?!
Меҳрибон, мушфиқ, мураббий,
бунча беозорсан.
Жонажон, мунис, азизам,
шодлигимга ёрсан.
Хаста бўлсам, жонга дармон,
ҳар саҳар бедорсан.
Гар йироқ кетсам туну кун
изларимга зорсан,
Онажон, ўғлинг деди:
сенсиз жаҳонни на қилай?
Бўлмасанг бошимда сен,
бу ошённи на қилай?!


Жонибек ҚУВНОҚ

ОНА

Ассалом, меҳру муҳаббат мулкига султон она,
Тожу тахтингнинг бисоти шафқату эҳсон она.

Ногаҳон фарзанд томон эсса агар нохуш шамол,
Айлагайсан кўкрагингни тоғ каби қалқон, она.

Оқ сутинг бирлан қилурсан сен жаҳонга жон ато,
Мушкули дунё бўлур амринг билан эсон, она.

Кўзларингда кўрганимда гоҳида ҳасратли ёш,
Кўз ёшидан ер юзи гўё бўлур уммон, она.

Солса ҳар ким гар дилингнинг торига мунгли наво,
Бўлса ҳам олим, бўлолмас ҳеч қачон инсон, она.

Мижжа қоқмай алла айтиб чиққанинг-чун бир кеча
Бир умр хизматда бўлсам қолмагай армон, она.

Мукаррама МУРОДОВА
ОНА ҚЎЙНИДА

Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт...
Ҳаёт ташвишлари ҳали бегона.
«Кўкдаги ой керак» десанг бўлар тахт,
Дам ўтмай, юлдузни қўмсайсан яна.

Сен эмас, ўзим ҳам шундай эдим, рост
Учирма бўлишдан илгари, укам.
Мудраган кўзларим очилди бир оз,
Олисда мустақил яшаб турган дам.

Рўзғорга бир дона нарса киргунча
Неча вақт қувватинг тўғилар экан.
Мурғагинг бешикдан йўлга тургунча
Соғлигинг чок-чокдан сўкилар экан.

Баъзида паридек кўринган зотнинг
Нуқсони кўриниб қоларкан аён.
Сен равон деб билган ҳаёт йўлида
Қоқинсанг, алами бўларкан ёмон.

Ўшанда туғилиб ўсган остона
Ўзига чорлагай — яккаш паноҳ, тахт. 
Ҳозирча бу ўйлар сенга бегона,
Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт.

Жамол КАМОЛ

САККИЗЛИКЛАР

Онам учун аввал армон эдим мен,
Сўнгра мен талпиндим қучоқларида.
Кўзидан ёш бўлиб қуйилдим кейин,
Ва аста эридим дудоғларида...

Орзу оташида, иссиқ қучоқда
Етишган, эй шеърим, эй жонон ўғил,
Шу буюк дунёдан кўз юмар чоғда
Менинг кипригимдан нур бўлиб қуйил...

* * *

Дўстим, тунда туриб, уфқларга боқ,
Нур тошар гоҳи шўх, гоҳи асабий.
Оналар ухламас, оналар уйғоқ,
Бедорликнинг буюк тангриси каби.

Муаззам заминни ой нури эмас,
Шу кўзлар зиёси чулғамиш бутун.
О, агар оналар кўз юмса бирпас,
Жаҳон қопқасига ёприлади тун...

Ғулом ШОМУРОД

ОНА МЕҲРИ

Уч кундирки, ҳаво ҳўмрайган,
Уч кундирки, йилт этмас қуёш.
Шунданми, ё қалби муз қотган —
На жилмаяр, На кўзида ёш.

Бирдан бўлди ўзгариш,
Оҳо, Лабда кулгу, кўзда жоласи.
Унинг учун ёришди само,
Қуёш бўлиб келди боласи!  

ҚЎМСАШ

Онамга
Бола эдим ҳали у пайтда,
Бурчим адо қилолмадим мен.
Ётганингда совуқ тўшакда,
Ҳолинг сўраб билолмадим мен. 

Эсимда,
Бир кампир ундади,
Лабларингга мен томиздим сув.
Мажолсиз қўл бошим силади,
Кўзларингдан ёш тўкилди дув...

Кейин сени олиб кетдилар,
Мен орқангда қолиб бўзладим.
Шундан кейин ноёб чеҳрангни,
Меҳрибоним, қанча изладим.

Кўп изладим,
Топмадим, эвоҳ!

Сен дунёда билсам, ягона
Осмон гувоҳ
Замин ҳам гувоҳ —
Ўхшамайсан ҳеч кимга она.

Носир МУҲАММАД

ОНАМ ҲУЗУРИДА

Яна кўз олдимда таниш манзиллар,
Болалигим кечган қирлар, дала, боғ...
Настарин нафасли ҳаттоки еллар,
Наҳот бу ўзингсан, азиз Яккабоғ?!

Пойимда неча бир сафарлар тафти,
Кўзларимда ўчмай ёниқ ҳаяжон,
Бездириб шаҳарда ҳаётнинг забти
Бағрингизга қайтиб келдим, онажон.

Яна болаликка қайтаман бугун,
Кияман покликнинг содда либосин.
Ечилар юракдан бор дарду тугун,
Унутиб катталар макру риёсин.

Синфдош жўралар келар бирма-бир,
Сийрак сафларига боғаман хомуш.
Хотиралар ногоҳ айлару асир,
Оғушига чорлар оромбахш бир туш...

Юлдузларга тўла осмонга боқиб,
Ширин хаёлларга бўлардим ошно.
Қизилдарё пастда ётарди оқиб,
Чигирткалар саси — сеҳрли наво.

Тонгдан куйманарди ҳовлида отам —
Катта хонадоннинг толмас саврари.
Ўн бола юкидан эгилган онам
Нон ёпар, заҳматда қотган қўллари.

Сўнгра нонуштага ёзар дастурхон,
Атрофга таралар ширчойнинг ҳиди.
Кун бўйи ҳовлидан аримас меҳмон,
Дарвозалар асло ёпилмас эди...

Яна қайтиб келдим, эй, азиз маъво,
Юзу кўзларимда йиллар ғубори.
Сендан бошланганди мен учун дунё,
Ҳаётимнинг эса тенгсиз баҳори.

Ҳали ўчмагандир изларим балким,
Қадим Ўрта қишлоқ тупроқларида.
Наҳот қолиб кетди шўх болалигим
Тошқин Қизилдарё қирғоқларида.

Баъзан юрагимга санчилганда ғам, 
Хотиралар ичра излайман паноҳ.
Машиналар тўла кўчаларда ҳам
Дарё шовқинини туйгандайман гоҳ.

Олис болаликдан таниш бу садо
Руҳимда уйғотар безовта туғён.
Ва лекин билмасман дарёмикан, ё
Гувраниб оқарми шиддаткор замон.

Тошпўлат АҲМАД

ОНАЖОНИМ — ГАВҲАРИ ЖОНИМ
(Шу номдаги туркумдан)

1

Мен дунёга келган кунданоқ,
Йўлларимга бўлдингиз чироқ.
Улғайсин деб чекдингиз фироқ,
Онажоним — жону жаҳоним,
Дуогўйим — чин меҳрибоним.

Йиқилганда суянч эдингиз,
Қоя каби таянч эдингиз,
Нур эдингиз, қувонч эдингиз,
Онажоним — доно сарбоним,
Дуолари тилло карвоним.

Қадрингизни гоҳо билмадим,
Қўлингизга ҳасса бўлмадим,
Кулбангизга васса бўлмадим,
Онажоним — гавҳари жоним,
Дуогўйим — ширин забоним.

Узоқ кетсам йўлимга қараб,
Ўлтиргансиз зор-зор мўлтираб,
Мен гўл эса юрганман «яйраб»,
Онажоним — чашми гирёним,
Нигоҳбоним — сарвари жоним.

Айтинг, Сизни қайлардан топай
Калишингиз гардларин ўпай,
Қабрингизга кўз ёшим сепай,
Онажоним — тоза виждоним,
Томиримда оққан пок қоним.

Ўлим-ку ҳақ, ҳамма ўтади,
Лекин она қолса, нетади?
Наҳотки ер тўймай кетади?
Онажоним — кўзда мужгоним,
Мунисгинам, обрўйим, шоним.

Юлдузларга боқиб сўзлайман,
Изларингиз бедор излайман,
Топиб бер деб елга бўзлайман,
Онажоним — гули райҳоним,
Дуогўйим, руҳи равоним.

Сиз бағримда ботмас офтобим,
Тунларимда сўнмас моҳтобим,
Дунёларга бермас китобим,
Онажоним — гавҳари жоним,
Дуогўйим — нури Иймоним...

            2

Она, аввал элтган гулим
Босардингиз бағрингизга.
Бугун эса уни йиғлаб,
Қўярканман қабрингизга.

Воҳ, қалтираб кетди қўлим,
Титрадилар мунис гулим.
Во дариғ, деб хаёлларим,
Бўлиб кетти тилим-тилим...

Она, сиз ҳам гул эдингиз,
Чиройли сумбул эдингиз.
Хушбўй-хушбўй ҳид таратган
Райҳону жамбил эдингиз.

Эссиз, Сизни асролмадик,
Кўксимизга босолмадик.
Муғжалару япроғингиз
Боғбон бўлиб, тўсолмадик.

Уриб кетти бандингиздан,
Жоҳил шамол, жоҳил тўзон.
Унинг қотил эканини
Билмай қолдик, жон-онажон.

Йўқса, Сизни қалбимизда
Кўкартириб юрмасмидик.
Посбон бўлиб, осмон бўлиб,
Бошингизда турмасмидик.

Узр, она, бугун яна
Гул келтирдим, Сиз-чи бесас...
Ахир, она қабрига гул
Қўймаганлар одам эмас...

3
Бугун Сизни яна соғиндим,
Қабрингизга бориб сиғиндим.
Елга дардим айтиб, юкиндим,
ғўр болангиз кечиринг, она.

Сиз шамчироқ экансиз, билсам
Тоза булоқ экансиз, билсам.
Ширин тупроқ экансиз, билсам,
Шўр болангиз кечиринг, она.

Сиз боқсангиз — гул унар экан,
Сиз боқсангиз — ғам сўнар экан,
Ҳатто лойқа сув тинар экан,
Кўр болангиз кечиринг, она.

Билсам, ҳаёт Сиз билан кўркам,
Турмуш экан Сиз билан бекам.
Йўқса дунё бири кам экан,
Гўл болангиз кечиринг, она.

Агар Сизни гоҳо интизор —
Этган бўлсам йўлларимга зор,
Ўпиб дей ман хокингиз такрор:
Зор болангиз кечиринг, она.

Номингизга гар туширсам доғ,
Меҳрингизни ё этмасам боғ,
Ёки сўнса Сиз ёққан чароғ,
Ер — болангиз кечирманг, она!

4

Таяниб яшардим Сизга, онажон,
Талпиниб яшардим Сизга, онажон,
Таянчим йўқ, талпингувчим йўқ,
Куюниб яшайман энди, онажон.

Таянчи йўқ одам синган шох экан,
Қувончи йўқ одам куйган боғ экан,
Тиллога кўмилиб яшаса ҳамки,
Кўнглининг ярми соҚ, ярми доғ экан.

Боламга таяниб яшайман энди,
Қалбимга таяниб яшайман энди.
Дуо қилинг, дуо қилинг, онам деб
Элимга суяниб яшайман энди...

Дуо қилинг, дуо қилинг, онажон...

5

Жийдаларнинг хушбўй гулида,
Боларилар хушҳол куйлайди.
Сиз сув сепган кўча йўлида,
Болажонлар шодон ўйнайди —
Қайдасиз, онам?


Сиз ўстирган пайванди гилос
Бугун шафақ рангга кирибди.
Чеварангиз — тўрт нури эъзоз,
Узиб беринг, дея турибди —
Қайдасиз, онам?

Қоғоз гули гул эмас дея
Айтардингиз такрор ва такрор.
Ҳовлимизда экканларингиз
Турфа гуллар сочмоқда ифор —
Қайдасиз, онам?

Боғимизда беш туп ток ўсар,
Беш панжасига эслатар бизга.
Хол тушибди яқинда «қайсар»
«Ҳалили»нинг оппоқ юзига —
Қайдасиз, онам?

Ариқчанинг бўйида ялпиз,
Чучмомалар бўйин чўзибди.
Улар сизни излашган чоғи,
Кипригидан ёшлар сизибди —
Қайдасиз, онам?

Идрокимга бериб тасалли,
Манглайидан ўпиб кўкламнинг.
Тақдир деган номардга холи
Айтар сўзи шудир кўнглимнинг —
Тингланг, онажон?

Нафасингиз теккан гул, ниҳол
Қуримайди, сўлмас то абад.
Умрингиздай этади давом
Сизга — Ерга бўлганда пайванд —
Барҳаётсиз, онажон!

Абдулла ШЕР

РОЗ
Онам Санобар отин
Камолиддин маҳдум қизига

Озиб-ёзиб бағрингизга келганда
Мукка тушиб, доим қоғоз титардим.
Далаларда тонг сабоси елганда
Пойтахт сари тағин жўнаб кетардим.

Аммо бугун ўзга ҳолдир, ойижон,
Меҳрингизга тўймоқ истар тўғлингиз.
Ниятлари дилда эзгу бир сурон,
Дуо қилинг, омон бўлсин ўғлингиз.

Бугун яна Нилдан ўтган карвонлар,
Девни йиққан паҳлавонлар сўзласин.
Фирдавсийдан ўқиб беринг достонлар,
Увайсий ҳам ҳарбалода бўзласин.

Мен Баҳромга ҳамроҳ бўлай шикорда,
Озодбахтдан бебахтлигин сўрайин.
«Аналҳақ!..»ни кўпиртирган Анорда
Зиё сочган покдомонлик кўрайин.

Бола каби сезай бугун ўзимни,
Вужудимда бир сурурни ҳис этай.
Ташвишлардан юлиб олиб кўзимни,
Болалигим осмонига узатай.

Ҳа, ойижон, болалигим осмондир —
Ўз қуёши, ўз юлдузи, ойи бор.
Хотиралар қитъалардек омондир —
Ўз уммони, ўз дарёйи, сойи бор.

Кўп учганман бу осмонда бургутдек;
Гарчи бугун ул қанотлар ўгайдир,
Лекин умрим бир ёмғирли булутдек 
Тўлқинлар ёшартириб тугайдир.

Боғ кўчада ялангоёқ чопганман,
Тол хивичи Дулдул эди, Рахш эди.
ўорлар аро не-не тилсим топганман,
У хаёллар гўдакликка нақш энди.

Энди эса мен яшайман шаҳарда —
Ишбилармон сиполикнинг бандиси.
Бунда дала, боғ кезмайман саҳарда,
Кифоядир гул дўконда гул иси.

Дадам билан киркик чалиб, тўр ёйиб,
Сайроқини кутганларим — сувратдур.
У кенгликлар варақларда торайиб,
Нуқталардан уфқларин сўратур.

Ўроқ сермаб, кетмон тутгун билакни
Қалам дарди бугун этмиш адолар.
Қоғозларга едиради юракни
Вазнларни тан олмаган садолар.

Сиз ёд этган рустамлару фарҳодлар
Ўхшар бугун қариб қолган армонга;
Сиз ўргатган калимаю оятлар —
Қоғозларда қотиб қолган фармонга.

Эслолмайман ҳатто сурп кўйлакни,
Кийганларим қимматбаҳо матолар.
Ўзгартмади фақатгина юракни
Ҳаёт деган бу ютуқлар, хатолар.

Газеталар бўёғининг ислари
Куюндидек нафасимни қисадир.
Ғазабларнинг, ишончларнинг излари
Пешонамга нусхасини чизадир.

Ташвишлардан чекингандек, гоҳида
Тарк этаман бир-икки кун шаҳримни;
сулув сезиб юрагимнинг оҳида,
Майсазорга жим босаман бағримни...

Нолимайман ҳаётимдан ва лекин,
Умр, асли, давр берган қарз экан.
Давр учун, билдим, яшаш нелигин:
Бола эмас, фарзанд бўлмоқ фарз экан.

Шу ишончим ҳорғинликни даф айлаб,
Чарчоқ билмас хаёлларга сўз берар.
Томчи ёмғир вужудига авайлаб —
Дарёларнинг сувратини чиздирар.

Болаликнинг осмонига қўл чўзиб,
Армонларни йиғиштириб оламан.
Гоҳ уфқдан қўлни нари ўтқизиб,
Неларнидир тимирскилаб қоламан.

Топганларим, тутганларим умрни
Истиқболга шайдои жон айлайди...
Гоҳи нодўст, гоҳ дўст этиб сурурни,
Ўғлингизни ҳаёт шундай сийлайди...

Бағрингизга яна келдим, ойижон,
Меҳрингизга тўймоқ истар тўғлингиз;
«Дуо қилинг, волидаи меҳрибон»1,
Балолардан омон юрсин ўғлингиз.

Дуо қилинг, волидаи меҳрибон,
Қутлуғ ўтни кул босмасин, чўғ беринг:
Тонгда туриб мен оқ кияй, ойижон,
Муқаннанинг руҳи каби руҳ беринг!..


1 Ҳамид Олимжон сатри

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2315 | Рейтинг: 4.5/2