Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (6)

ОНАГИНАМ

Бахт изладим мен  дала-даштдан,
Орзуим бол, умидим асал.
Онагинам! Сени алдашдан
Ўалокатни санадим афзал.

Сермаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим ризқи рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалаб чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим,
Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки... балки янгилишиб баъзан
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.

Ноз бўйлардан уйғониб саҳар
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳакийм.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, бошим узиб ташлагин.

Шукур ҚУРБОН

ОНАМГА

Менга бутун умрин бахш этиб шундоғ,
«Беш кунлигим қолди», дейдиган онам,
Сизни қандоғ рози қиламан, қандоғ?
Наҳот, «беш кунлик»дир энди имконим?!.
Нима қилоламан бу имкон билан,
Нима қилолмайман, менга аёнмас.
Шуур осмонимда сиз орзу қилган
Юлдузлар порламас, кўнгил қувонмас.
Андижон, дегани бир чарчашлик жой,
Йўлкира ҳам, ахир, бўларди қанча.
Соғинч ёшларингиз тўкдим неча ой,
Неча ой ўртандим фурсат топгунча.
Сиз учун бир муддат яшамай туриб,
Ўғлим учун яшай бошладим, наҳот,
Иссиқ бағрингиздан юлиб-суғуриб,
Олиб кетди мени безовта ҳаёт.
Тиним бермас энди ўлгунимча то,
Совурар ёшлигим, саломатлигим.
Ўйлаб ҳам кўрмабман оламда ҳатто,
Ўатто оналар ҳам омонатлигин.
Маккаи Мадинам, энди куйсангиз,
Ўзингизга куйинг, менга эмас, йўқ,
Менга: қанча узоқ умр кўрсангиз,
Сиздан шунча карам, шунча кўнгил тўқ.
Мен сиздан қарздор кетурман абад,
Фарзандлик — қиёмат қарздорлик-ку, бу.
«Беш кунлик» имконни сарф этмоқ — ният,
«Беш кунлик» имконни яшамоқ — орзу.

Абдулла ШОНОСИР

ОНАЖОНИМНИ ЭСЛАБ

Таваллуд кунингиз она, бизга номаълум,
Йиғиламиз ҳаммамиз сиз ўтган кунингиз.
Эслаб порлоқ хотирангиз, йиғлашиб, юм-юм,
Ёдга оламиз сиз айтган ҳар бир сўзингиз.

Лек, ёшлик қилибман, етмабман қадрингизга,
Ўйлабман сиз шундайсизу, шундай қоласиз.
Энди зорман мен оддий босган изингизга,
Ҳар кун хаёлимни минг бор чулғаб оласиз.

Эсимда, хуш кўрардингиз турфа гулларни,
Эрта баҳор экардингиз бериб меҳрингиз.
Майин шаббода аста тебратиб уларни,
Таратса гул исин, ёришарди чеҳрангиз.

Фақат сиз пиширган таом эди мазали,
Мен учун ёшликдан ҳардам, ҳамиша, сўзсиз.
Нон ёпган кунингиз ширин қилиб, жиззали,
Эркаланиб ўпардим мен қадоғ қўлингиз.

Бошқалардай оддий аёл эдингиз, бироқ,
Қучоғингиз паноҳ эди қўйсам бошимни.
Қўлларингиз туюларди пахтадай юмшоқ,
Аста артиб қўяркансиз кўзда ёшимни.

Олар эди дардим кафтингиз ҳарорати,
Қўйганингизда ҳар дам бошимга қўлингиз.
Йўқ эди мен учун бу дунё ҳаловати,
Гар сезмасам ёнимда сизнинг борлигингиз.

Аммо, найлайки, оғир хасталик бегумон,
Емириб бормоқда эди соғлигингизни.
Сиз эса аксинча, овутиб бизни ҳамон,
Гўё соғломдек тутардингиз ўзингизни.

Бирин-кетин кетмоқ бўлса ҳамки табиий,
Сизни қўмсаб кўп йиғладим боғда, мен, она,
Бўлсам ҳамки бу дунёнинг ҳаким, табиби,
Бир дардингиз ололмадим, доғда мен, она.

Лекин, мен фақат ҳамдард бўлолдим, холос,
Узоқ тунлар дардингиздан чиққанида охлар.
Вужуд, танам сезмаса-да оғриқ-қийноқни,
Изтиробнинг чангалида эдим муқаррар.

Мен учун ҳамиша азизу мукаррам
Бўлиб қолурсиз токи тирикман, онажон,
Пок руҳингиз менга бўлиб раҳнамо ҳар дам,
Бошим узра муқаддас соябондир ҳар он.

Дунёда йўқ ва бўлмаган сиздайин улуғ
Менинг-чун пиру муқаддас, жоним Онажон.
Қоронғи қабрингиз мудом бўлсин деб ёруғ,
Қўлларим дуодадур ҳамиша, ҳар он.

Хосият БОБОМУРОДОВА

ШАМОЛ

Ҳар гал сочларимни силаган шамол,
Бугун битта қўймай тўзғитиб кетди.
Безовта кўнглимнинг асрорларини,
Хазон баргларидай изғитиб кетди.

Ҳамма булутларни ҳайдаб бошимга,
Ёмғирларни узоқ-узоқ бўзлатди.
Хоналарга бирма-бир кириб,
Бир қадрдон изни излатди.

Ногоҳ қуюн бўлиб осмонга ўрлаб,
Уюштирди тоза юракларимни.
Қўлларимдан юлиб, юлқилаб кетди,
Маҳзун шеър битилган варақларимни.

Холимни бир бора кўрмадинг сўраб,
Эгилган қаддимни қилавердинг дол.
Сен ҳам рақибларга қўшилиб кетдинг,
Онам йўқлигини билдинг-а, шамол?..

Саъдулла ҲАКИМ

ОНА

Борми бу дунёда онадан азиз,
Она билан ҳар бир хонадон азиз.

Она ҳаёт осмонида
Ёрқин қуёш бўлиб чарақлар.
Фарзанд учун керак бўлса у
Ҳатто чўғни кафтида сақлар.

Борми бу дунёда онадан азиз,
Она билан ҳар бир хонадон азиз.

Қатра қондан бино дилбандин
Боши узра бўлиб парвона,
Фарзандининг ороми учун 
Оромини йўқотар она.

Борми бу дунёда онадан азиз,
Она билан ҳар бир хонадон азиз.

Фарзандининг оёқларига
Тасодифан кирса бир тикан,
Энг аввал у мушфиқ онанинг
Юрагига санчилар экан.

Борми бу дунёда онадан азиз,
Она билан ҳар бир хонадон азиз.

Саъдулла ҲАКИМ

ОНАЖОНИМ 

Онажоним — олам-жаҳоним!

Биров эдим, бешов бўлиб соғиндим,
Шеър тилимга тушов бўлиб соғиндим.
Ўзим ўзимга ёв бўлиб соғиндим,
Онажоним — олам-жаҳоним!

Кунларим ойланди, йўқлай олмадим,
Соғинчим сойланди, йўқлай олмадим.
Йўлларим бойланди, йўқлай олмадим,
Онажоним — олам-жаҳоним!

Бир кун йўқламасанг ёр пушмон бўлар,
Бир ой йўқламасанг ўғил қон бўлар,
Бир йил йўқламасанг дўст душман бўлар,
Онажоним — олам-жаҳоним!

Сиз эса гиналар қилмайсиз сира,
Ранжу адоватни билмайсиз сира.
Меҳрингиз қуёши тортмас ҳеч хира,
Онажоним — олам-жаҳоним!

Кеча ўтирардим Сизни ўй суриб,
Набирангиз Дурбек келди югуриб,
Кўзимдан узилган киприкни кўриб,
Онажоним — олам-жаҳоним!

— Кимни соғиндингиз? — деди,
— Онамни.
— Яна кимни? — Яна онамни, болам.
Икки кўз биланми? — Икки кўз билан.
Онажоним — олам-жаҳоним!


Сиз томон учирди кипригимни у:
«Шамолларга бойлан, киприк, киприкжон.
Тола нурга айлан, киприк, киприкжон.
Бориб онажоним кўнглини ёрит.

Шамолларга бойлан киприк, киприкжон.
Дур шабнамга айлан, киприк, киприкжон.
Бориб онажоним ғуборин арит!»
Набирангиз зори бўлсин ижобат,
Онажоним — олам-жаҳоним!

Жаҳонгир ИСМОИЛОВ

РОЗИЛИК ҲИКМАТИ

Ким ҳарчанд елса ҳам иши юрмаган,
Тўкислик бўлмаган ҳатто бахтида;
Билсанг, отасини рози қилмаган,
Онасин хор этган ёки вақтида.

Ҳар ҳодисотнинг бир асос, тиргаги,
Шукр, менга насиб фаровон тақдир.
Бу — рўёбга чиққан отам тилаги,
Онам дуосининг ижобатидир.

Исмоил ТЎХТАМИШЕВ
ОНАМГА ХАТ

Она, ташвишлардан чарчагум, ҳоргум,
Ёнингизда юрак очай деб боргум,
Лекин дардим Сизга айта олмасдан
Гапни бошқа ёққа буриб юборгум.

Шундай ҳам юмушлар кўпдир Сизда, бас,
Бошингизни ҳаёт силаган эмас.
Кўнглингиз кўтариш ўрнига яна,
Ҳасрат-ла борибман мен ношуд, нокас.

Ўчирмадингиз сиз босилган изни,
Вояга етказиб ўғилни, қизни.
Ақлим бовар қилмас битта ўзингиз
Қандай ўстирдингиз ўкситмай бизни?!

Ҳол-аҳвол сўрайсиз синг солиб мендан,
Майда андуҳларга берма дейсиз тан.
Ўзингизга юрак очсам агарда,
Турмуш ташвишлари толдирди чиндан.


Атрофим олгандир нокаслар ўраб,
Жавоб олмоқ мушкул — бир ишни сўраб,
Бир томонни эплаб тикласам, шу дам
Бошқа битта тараф кетгайдир нураб.

Дуч келдим ҳаётнинг кўп ғовларига,
Дош бердим турфа хил синовларига,
Илк бора кўргандай термулдингиз, чин,
Бошим эрта қўнган қировларига.

— Паст гапни ўзингга кўрма асло эп,
Рангларинг синиққан, дейсиз ғамим еб.
— Тинчликми, — сўрайсиз, — анчадан буён,
Газетга шеърларинг босилмайди деб.

Аламлар қуритди дармонларимни,
Ерларга тенг қилди, осмонларимни.
Мен ёзмоқ истайман, лекин, нетайин,
Шеърга сиғдиролмам армонларимни.

Хабарингиз бордир суйганларимдан,
Ҳижронларда ёниб-куйганларимдан.
Қувонч, шодлик бўлди менга бегона
Ўз жонимдан ўзим тўйганларимдан.

Шеърлар битиб гоҳо ёниб, жўшаман,
Азобимга яна азоб қўшаман.
Кўринсам-да баъзан шодумон, хуррам,
Ҳижрон ёққан ҳамон ўша, ўшаман.

Кечирингиз, Она, сизга айтдим роз,
Қисматга йўқдир ҳеч менда эътироз,
Қоғозга тўкибман дард-ҳасратимни,
Бу шунчаки мактуб... толиқдим бир оз...

Она, ташвишлардан чарчагум, хоргум,
Ёнингизга юрак очай деб боргум,
Лекин дардим Сизга айта олмасдан
Гапни бошқа ёққа буриб юборгум.


Ўткир РАҲМАТ

* * *

Онажон —
Вақт кескир бурилиб кетди,
Қўлларинг излари пешонамдами.
Меҳринг юрагимдан қон бўлиб ўтди —
Устун ёлғиз ўзинг
Кошонамдами...

Ҳапқириб ёнингга боргим келади,
Кўтариб олсайдим, қилсам хизматинг.
Сенга минг марталаб айтгим келади,
Кўзда ҳурматиму
Қалбда иззатинг...

Онажон — каъбамсан, жисмингда Ватан
Дуолар бергувчи,
Мунис, муҳтарам,
Бу улуғ даргоҳнинг соҳиби ҳам сен —
Ўзингсан,
Мунаввар, саховат, карам...

Она, бу — Ватандир,
Ватан, бу — она,
Шу боис оловинг, иста, кулингман.
Токи тўлмагандир менинг паймонам,
Ватан,
Дилбандингман
Ҳамда қулингман!

Мирпўлат МИРЗО

ОНАЖОН
(Шу номли туркумдан)

Онам Мастонбиби Мадқосим қизининг ёрқин хотирасига бағишлайман

I

Шу ёруғ дунёда шукрона айтсам,
Аввало мен сизни қилажакман ёд.
Тушганда бошимга маломат ва ғам,
Сизни эсга солар шундоғам ҳаёт.

Азиз айёмлару бегим кунларда
Тавоф этадирман мен сизни бирдек.
Меъёру ҳад аён ҳамма нарсада,
Лекин эҳтиромим менинг билмас чек.

Ахир, меҳрдан ҳам не бор улуғроқ —
Ёғдуга чулғар у қалбдаги унни.
Сизга садоқатда кўраман ҳар чоқ
Мен ўз умримдаги теран мазмунни.

Онажон, яшадим демасман мутлоқ
Сизни ёд этмайин ўткарган кунни.

II

Қўлимдан келсайди — қуёшни шу зум
Занжирлаб ташлардим осмон тоқига.
Токи тугамасин энди асло кун,
Токи кетмасин у йўқлик чоҳига.

Ер шарин, қўлимдан келсайди агар,
Тўхтатиб қўярдим жойида бир қур.
Токи алмашмасин унда фасллар,
Токи ошиқмасин югурик умр.

Қўлимдан келсайди — қудратли вақтни
Олдга силжитмасдим бир сония ҳам;
Кўрай келажакда мен нечук бахтни,
Аксинча, дилимга бот-бот тушар ғам.

Йил сайин онамнинг сочи оқарар,
Бешафқат вақт қаддин дол этиб борар.

III

Ҳалол яшамоғим шарт энди менинг,
Токи ғуруримга қўнмасин ҳеч гард.
Ўзимга масъулман ҳар қалай, лекин
Онам шаънини ҳам ўйламоғим шарт.

Онт ичгум — бўлурман ҳаргиз очиққўл,
Лутфим аямасман ғанимдан ҳатто.
Гарчи ўзимга-ку эмасдир маъқул,
Бу ишим онамга хуш келар аммо.

Эзгуликни дерман мен энди минбаъд,
Феълимда каж хислат токи йўқ бўлсин,
Ҳам-малол чекмасин ҳеч қачон мен деб,
Токи онам кўнгли мендан тўқ бўлсин.

Токи яхшилар-ла эш бўлсин отим,
Онам ифтихори бўлсин ҳаётим...

IV

Онажон, у қандоғ  хуш дамлар экан —
Сиз ҳали навқирон, ёш бўлган чоғлар!
Менга туюлади ўша кезлар шан,
Гўё йўқдек унда армонлар, доғлар.

Лекин сиз у олис йилларни ҳар гал,
Биламан, эслайсиз кўз ёшлар ила.
Биламан, шу ёруғ кунларни маҳтал
Кутгансиз тўзиму бардошлар ила.

Эҳ, мен-чи хаёлан қайтаргим келар
У қайтмас  дамларни бир зум, онажон,—
Хусусан, сизни дард қийнаган пайтлар,
Хусусан, хасталик хуруж қилган он.

Ёшлигингиз сизга — балки оғир туш,
Менга-чи, дардларга ўжарлиги хуш...

V

Туғилган юртимни муқаддас англаб,
Она, номингиз-ла қўшиб атайман.
Сизга топингандек ҳар қандоғ дамда,
Мен унга фидойи бўлиб яшайман.

Танҳодир дунёда мўътабар элим,
Тонмоқликка наҳот бордир баҳона?
Тоабад мен унга эҳтиром қилиб,
Номингизни қўшиб айтаман, она.
Мен учун фахрдир на мулк, на бисот,
Аммо сиздан мерос буюк тилим бор.
Онажон, у менга — тириклик, ҳаёт,
Онам тили дея қилгум ифтихор.

Юртим, элим, тилим демас бўлсам мен,
О, арзир — яшашдан кўра ўлсам мен!

VI

Мен учун мўътабар бу қадрдон йўл,
Онам дийдорига чорлайди ҳар чоғ,
Эъзозлидир унда мен-чун ўнгу сўл,
Ҳатто уфқ узра ёнбошлаган тоғ.

Руҳимни эркалар поёнсиз адир,
Энтикиб боқаман кенг далаларга.
Хаёлларим ила синггандир бир-бир
Юрагим бу ошно манзараларга.

Дунё сирларидан ахтариб маъно,
Тоғ қошидан ўйлар суриб ўтаман;
Этдимми фарзандлик бурчим деб адо,
Ўз-ўзим-ла баҳслар қуриб ўтаман.

Ҳар гал бу қадрдон йўл-манзаралар
Менинг туйғуларим поклар, саралар.

VII

Қарилик қисмати шундоғ азалдан,
Кўнгилни сарафроз этмагай сира.
Унинг дардларига кор қилмас малҳам,
Хотира ҳам торта бошларкан хира.

Зимдан термиламан баъзан онамга
Дилгир, изтиробкаш хаёллар аро.
Кўринсалар ҳамки ҳали бардамдай,
Сўзидан адашиб қоларлар гоҳо.

Хотирага қўнган йилларнинг занги
Заҳрин зоҳир этиб қўяр бу дамда.
Ўтирсалар ҳамки, турсалар ҳамки,
Ҳаргиз дуосини қилмаслар канда.

Ушбу одатларин сақлаб зиёда,
Онам янглишмаслар зинҳор дуода.

VIII

Гарчи юрагини чирмаса-да ғам,
Эзса-да бағрини дард-алам қат-қат.
Онам ўйламаслар ўзларин ҳеч ҳам,
Менинг ташвишимни қиларлар фақат.

Дерлар, узоқларда ғамхўринг йўқ, бил,
Ожиз қолганингда сени қўлларга...
Шунданми, насиҳат қиларлар нуқул,
Кириб кетмагин деб ёмон йўлларга.

Ҳар гал куюнарлар— рангларинг бир ҳол,
Гапларим қулоққа илмайсан тақир...
Дейман, бу пандлардан туйгандек малол,
Ёш бола эмасман мен энди, ахир!

Лекин онам бу ҳеч олмаслар тан,
Гўдакман онам-чун қирққа кирсам ҳам!

IX

Мен асл дамларни бой берибман, эҳ,
Бебош ҳавасларга бўлиб андармон.
Энди пушаймоним дилда билмас чек,
Кемирар бағримни энди зил армон.

Бу кун рўзғорим гарчи йироқда —
Сизга ичикаман, ғамингиз ейман.
Ва ғўр йилларимни тутиб сўроққа,
Ўзимни тергайман, сўнгсиз койийман.

Ахир, нега ғаму дардларингизни
Бағрингизда юрган кезлар билмадим?
Хок-пойингиз бўлиб, о, нега сизни
Бошга кўтармадим, эъзоз қилмадим?

Мен ношуд ўзимни кечирмасман ҳеч,
Она, қадрингизни англаб етдим кеч!

X

Кеча хаста онам қошидан қайтдим,
Юрагимни эзар бир ғашлик ҳамон.
Тикиламан баҳор осмонига жим,
Зулмат гумбаз каби кўринар осмон.

Қадамим бураман сўнг хилват боққа,
Дилдан машъум ғашлик тарқар деб, зора.
Лекин йўлак узра тўхтайман таққа,
Пешвоз чиқар менга гуллар — қоп-қора.

Неҳол бу, қай томон ташламай кўзим
Борлиқ қора либос кияр пайдар-пай.
Хаёлим кунжида кўринар шу зум
Қоп-қора телефон — жанглашга шай.

Телефон, ўтинчим тингла бир сафар:
Келтир қишлоғимдан сен ёруғ хабар!

XI

Ўша ғамли айём ҳали ёдимда,
Ўлтирардим онам бошида дилгир.
Бехос қулоғимга чалинди шунда
Ичкари уйдаги бир шивир-шивир.

Шу пайт кўзимга кун қора нур сочиб,
Ҳис этдим дафъатан мен тубсиз жарни.
Янгаларим онам сандиқин очиб,
Ёймишдилар қора саруполарни...

О, ҳаёт йўриғи бунча беомон,
Танидим ўшанда илк бор андуҳни.
Бағримга қон силқир эсласам ҳамон
Қалбда қолган ўша битмас чандиқни.

Тақдир, ўтинаман — очма ҳеч қачон
Қора саруполар тушган сандиқни!

XII

Онажон, меҳрингиз соғиндим жуда,
Нафақат меҳрингиз, кўнглим ушбу дам—
Қўмсар ўйинқароқ болалигимда
Кўп бор эшитганим пандларингиз ҳам.

Қўрқиб ўйлайман гоҳ — мени вақт баттар
Қилиб қўймадими сангдил ё сипо?
Онажон, ўзгариб қолган бўлсам гар,
Терганг ва уришинг, аяманг асло!

Номим пок сақлаш-чун онт ичганман, лек
Қўнган бўлса агар унга гард-доғлар,
Мени қаттиқ койинг койиганингиздек—
Оппоқ кўйлагимни кир қилган чоғлар.

Она, пандларингиз қўйсайман бот-бот,
Улар мени асрар, қилар эҳтиёт.

XIII

Ҳайҳот! Содир бўлди ўша мудҳиш он:
Телефон ярим тун келтирди хабар:
Баногоҳ дарз кетди юлдузли осмон,
Чеккан фарёдимдан қорайди саҳар.

Англадим — алам ҳам билмас экан чек,
Чирмади кўксимни чексиз андуҳ-ғам.
Жаранглаб очилди мотам бонгидек
Қора саруполар тушган сандиқ ҳам.

Бу не ёзуғинг, эй бағри тош фалак,
Онамни берсам-а, тупроққа, ҳайҳот!
Қачондир талпиниб эдим жонҳалак,
Энди изларин ҳам топмасам наҳот!

О, энди онамни куйлаб беармон —
Битган шеърларимни ўқиб йиғларман!

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2047 | Рейтинг: 3.0/1