Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (7)
XIV

Беюпун, бетоқат ҳовлига чиқдим —
Ич-ичимни ўртаб онам азаси.
Кеч куз ҳасратларин тинглаётган тун —
Бағрига жо эди мотам нафаси.

Ажиб чарақларди юлдузлар аммо,
Ойнинг ўроғидан тўкиларди зар.
Суқланиб боқардим бу фусунга, о,
Мен онам пинжига кириб бир кезлар.

Ушбу тун фалакда ҳуру фаришта
Ваъдалар қиларди гўё ҳаловат.
Дорилбақо саҳни эди саришта,
Кирганди самога сирли тароват.

Балки таскин, юпанч бўлса деб зора,
Онам юлдузларга бергандир оро...

XV

Нетай, дийдаси тош, бешафқат ўлим,
Орамизга мангу жудолик солди.
Энди менга ёлғиз тасалли бўлиб,
Қалбимдаги ўчмас сиймонгиз қолди.


Гарчи энди мен-чун фахр ҳам таскин
Сизни кўрганларнинг эзгу сўзлари,
Ҳар гал ич-ичимдан йиғлатар лекин
Опам ва укамнинг мунгли кўзлари.

Йўқлаб йироқлардан келдим мен яна,
Айрилиқ тиғидан бағрим тилинди.
Қадрдон ҳовлига кирганим лаҳза,
Онажон, ўрнингиз қаттиқ билинди.

Бир фарёд қайтадан тилди жонимни:
«Энди қайдан топай меҳрибоним!..»

XVI

Дуркун оиламиз тароватига
Раҳна сололмасди ҳеч бир ғам асло.
Масъуд кунларимиз ҳаловатига
Ҳавасда боқардим мен ўзим ҳатто.

Ҳайҳот, онам офтоб янглиғ ботди-ю,
Қалбларга ғам-ғурбат ташлади соя.
Тоғ ҳам парчаланиб кетаркан, ёҳу,
Қуласа ундаги энг баланд қоя.

Шу ҳовли улғайтган зурёдлар энди
Наҳот бир-бирига бўлиб борар ёт?!
Шаффоф қалбларимиз дарз кетди, синди 
Қонунингми бу ё қаҳрингми, ҳаёт?!

Она кетса бахт ҳам кетар очундан...
Етимлар бўзлаши, эҳтимол, шундан!

                            XVII

Дўстимнинг бошига тушди мусибат,
Шўрлик оҳлар урар, куяр дамба-дам.
Бу нечук қайғудир, бу нечук ҳасрат —
Ахир, менга кўпроқ аён ҳаммадан.

— На чора, бандалик... — юпатдим, қучдим,
Ёшли кўзларидан жисмим титради.
О, ўзим шу нафас кечмишга учдим,
Оғир дардга қайта чалинган каби.

Дўстим ёзғирарди: — Менинг онамдек
Йўқ эди дунёда меҳри дарё зот...
Эшитар эдим-у бу фарёдни тек,
Кўнглимдан ўтарди: «Шундоғдир наҳот?!»

Йўқ, бўлмаган, дейман дард ичра ёна,
Менинг онамдайин ғамгусор она!

                               XVIII

Менинг ғам чекмоғим мумкинмас ҳануз,
Фарёд хуруж қилса, ичга ютаман.
Аламлар йўлимни тўсса — буриб юз,
Хатарлар чоҳини четлаб ўтаман.

Ҳаёт бу — тош сўқмоқ, қоқилсам бехос,
Ёш тўкмоғим менинг мумкинмас сира.
Кўксим ичра бўрон турса ҳам рўйрост,
Чеҳрамни ҳеч қачон тарк этмас жилва.

Тийра хаёллардан чекмай деб озор,
Ҳар кеч ёлбораман: «Уйқу бергин, тун!..»
Ўзимни ўзим-чун асрамам зинҳор,
Бари азбаройи ёлғиз сиз учун!

Гўё сиз ҳаёда борсиз ҳали ҳам,
Ёзғирасиз рангим сарғайтирса ғам.

                    XIX

Сизни кўп ахтарди бу йилги баҳор,
Чечаклар келтирди, суюнгайсиз деб.
Зора кўринса деб сизга фусункор,
Қишлоқ қирларига берди ҳусн-зеб.

Сўнгра новдаларга гул тақди шоён,
Шомлар алвон шафақ бўлиб порлади.
Қушлар чуқурига қўшилиб чандон,
Боғлар оғушига сизни чорлади.

Лекин тополмади, тополмади, о,
Изларингиз излаб ҳолдан ҳам тойди;
Остонамиздан у боқиб бенаво,
Ёмғир сочларини тун ичра ёйди.

Ва ниҳоят тонг — шудрингда музлаб,
Келтирди гулларин қабрингиз узра...

                      XX

Гоҳ кечар руҳимда шундайин ҳолат:
Гўё кетмагансиз риҳлатга зинҳор —
Сиз мудом олисда ва мен бетоқат
Дийдорингиз қўмсаб соғинаман зор.

Узилиб кетолмам ҳаргиз сиз томон,
Гўё муҳим ишлар йўлимни боғлар.
(Авф этинг, ёлчитмас эдим, онажон,
Оддий бурчимни ҳам сиз тирик чоғлар!)

Йўқ, мудом туймасман сизни ҳижратда,
Йўқ, сиз кетмагансиз — борсиз, ҳаётсиз.
Гўё қошингизга етгум, албатта,
Мен муҳим ишларим якунлаган кез.

Зотан бор умрга муқаррар якун,
Дийдор кўришгаймиз бизлар ўша кун.

                     XXI

Илк бора ўксидим шоирлигимдан,
Афсус-надоматлар чекдим мен қаттиқ.
Ёнингизда бўлмоқ истардим ҳар дам,
Лекин бўлолмадим, ўзимдан ортиб.

Жонингизга ора кирдимми бир бор?..
Энди шу сўроқлар бағримни эзар.
Кўпроқ эл-юрт учун бўлдим-у дастёр,
Сизга-чи— шеър битдим соғинган кезлар.

Халқнинг дарди дея чекдим-у азоб,
Сизнинг дардингизни сўрай олмадим.
Сизга қасидалар битдим беҳисоб,
Афсус, зеб-зийнатга ўрай олмадим.

Эвоҳ, қабрингизга тош қўйдим бу дам —
Қасидаларимнинг қалам ҳақидан!

                  XXII

Сиз кенжа зурёдим кўрмай кетдингиз,
Турфа туйғуларда бўлдим мен талош.
Бир ён - мужда, бир ён - аччиқ ҳажрингиз...
Бехос кўзларимдан тирқиради ёш.

Нораста вужудга термилдим бир он,
Йўргакда ётарди парча эт, тийрак.
Уни улғайтирмоқ учун, бегумон,
О, ҳали қанчалар куйманмоқ керак!

Ҳали кутар олдда уйқусиз тунлар,
Оғриса — қўшилиб оғриш у билан...
Онажон, мен деб сиз чеккан дард-мунглар
Бир сидра ўйимдан кечди дафъатан.

Бир зум ҳаммасини эсимга олдим,
Ва кўзим ёшларин тиёлмай қолдим...

                  XXIII

Сафар тараддудин кўраркан бу гул,
Ажаб, юраги ҳеч ғашлик билмади.
Ҳаттоки манзилга кўнганим маҳал
Масофа ваҳми ҳам бағрим тилмади.

Бу гал учқур хатлар йўллаб дамба-дам,
Бот-бот хавотирнок симлар қоқмадим.
Шомлар ёт осмонга ой чиққанда ҳам
Сизни ёдга олиб бедор боқмадим.

Бу гал ҳажр ўтида қоврилмади дил,
Кўтармади юрак дафъатан ғовға.
Ва мен ёт шаҳарда тентиб астойдил
Сиз-чун ахтармадим бирон-бир совға...

Оҳ, мен ҳапқирардим сизни деб ҳар он,
Энди у даврлар қайтмас ҳеч қачон!

                XXIV

Йиллар бунча учқур — ўтар уриб чарх,
Кеча баҳор эди, бугун ғужғон қор.
Ҳар фасл қилар-у хаёлларга ғарқ,
Фақат қиш кўнглимга ташлар мунг-озор.


Ойнадан қарайман, аччиқ изғирин
Кўчада оқ ёлин тўздириб елар.
Дилдирар аёзда дов-дарахт мискин,
Бу пайт тош-метиндек музлайди ерлар.

Эсимда: болалик, кулба, қаҳратон...
Зотилжам қийнарди сизни туну-кун.
Шунданми, мен қишни кўраман ёмон,
Шунданми, у мудом дилим қилар хун.

Шунданми, ғашланар кўнглим шубҳасиз,
Қишда гўё мудом сиз дард чекасиз.

                       XXV

— Қара, тўрт томонинг — тоғлар пурвиқор,
Шифобахш маскан бу — ложувар ҳаво!
— Бас, менинг кўнглимни яйратмас зинҳор
Онамнинг қадами етмаган маъво.

— Қара, бу булоқмас — ҳовуч-ҳовуч нур,
Ундан ичган танда ғубор ётмаган!
— Менинг учун қандоғ мўътабар бўлур,
Ахир, онам ундан бир бор тотмаган.

— Қара, бу не шукуҳ — жарлар тубидан
Ёл тараб югурар ёввойи сойлар!
Фақат юрагингда сенинг қадар-ғам,
Сенга жўндир мудом бу кўрк-чиройлар...

— Оҳ, нетай кўнглимга беролмас малҳам,
Онамнинг назари тушмаган жойлар.

XXVI

Кўксимда ғам-ҳасрат жунбуши тинди,
Мижжамни кўз ёшлар куйдирмас бот-бот.
Руҳимга ниҳоят ҳаловат инди,
Балки таскин берди, юпатди ҳаёт.

Эритди нимадир кўнглимнинг музин,
Жудолик ҳасрати — аччиқ хотира.
Мунғайсам, қошимда гиргиттон қизим,
Мени еру кўкка ишонмас сира.

Ҳаёт омадлардан гарчи қисмади,
Гарчи умр ғазнам — олқиш, ҳамд-сано;
Мен-чун нурланмасин нечоғ қисматим,
Оддийгина шу бахт баридан аъло:

Она, тақдир мени сийлади юксак,
Қизим сизга ўхшар, бирам куюнчак.

XXVII

Тўкилди қоғозга шеърларим бир-бир,
Қолдими юракда айтилмаган ғам?
Аммо ҳижронни мен этиб кўп зикр,
Кўнглим ҳамрозидан сўз очмабман ҳам.

Олтин остонамиз у босган кезда —
Келинлик либосин қай кун ёпинди.
Ота маконимга, онажон, сизга
Менинг қаватимда туриб топинди.

Билдим умр — синов, ҳар кун — бир довон,
Сочга оқ қўнмоқда, дилда — ҳой-ҳавас.
Бизлар бир-биримиз авайлаб ҳар он,
Нурли айёмларга ета олсак бас.

Шояд севганимдек мен сизни, она,
Бўлса болаларим унга парвона.

XXVIII

Қабристон ёнидан ҳар гал ўтганда
Сездирмай кўзимнинг ёшин артаман.
Эзгу одатимни қилмайин канда,
Дуо ўқиб кафтим юзга тортаман.

Сўнгги рухсорингиз ёдимда мангу,
Тасаввур қиламан шундоғ ҳар дафъа.
Инсон кўз юмгач йўқ бўлар дерлар, бу—
Худосизлар ўйлаб топган фалсафа.

Гоҳ ҳаприқтириб қўйганда ҳаёт,
Гоҳо дил тўлганда алам-ангизга,
Сўраб ўзингиздан йўриқ ва нажот,
Келаман бош эгиб сағанангизга.

Мен учун йўқ бўлиб кетмассиз зинҳор,
Қўллайсиз ҳар ишда бўлиб мададкор.


Самандар ВОҲИДОВ

АДО БЎЛМАС ОНА АРМОНИ

Ёшариб бормоқда кундан-кун олам,
Кексайиб бормоқда кундан — кун онам...
Уч карра орзуси сўлган онамнинг,
Уч ўғли нораста ўлган онамнинг.
Ўлган эмас улар урушда,
Ўлган — иссиқ она оғушда.
Бири — уч ёшда,
Қолгани — тўрт-бешда...
Ҳар баҳор кирганда яшнаса олам,
Куздай маъюс тортиб сарғаяр онам.
Супада букчайиб,
Бенаво, мунғайиб,
Тиззада боши.
Кўзида ёши —
Соатлаб ўлтирар,
Чорасиз мўлтирар...
«Ҳомидим ўлмаса, қирққа тўларди,
Сенларга акалик қиларди.
Ўттизга кирарди Сулаймонгинам,
(...О тақдирдан кўп эрургинам...)
— Нормуродим бўлсайди агар,
Жўралари билан баробар
Балоғат ёшига етарди,
Халтасин кўтариб кетарди...»
Ҳар баҳор, ҳар баҳор
Шу аза бир такрор.
Ёш қўшилар улар ёшига,
Оқ қўшилар Онам сочига.
Таскинлар бир пулдир,
Тасалло бир пул.
Мажолсиз лабларда шу армон нуқул:
«Ҳомидим ўлмаса...
Сулаймоним тирик бўлса...
Нормуродим шу йил...

Шу армонда бу дунёни тарк этди Онам...

Шукур ДАДАШ

ОНА ДУОСИ

Онажоним ҳар дам сездим
нажот экан дуоингиз,
Жисмингиз йўқ, аммо
мудом ҳаёт экан дуоингиз.
Фарзанд бахтин тилаб ўтди 
умр гоҳи шод, нолон.
Яхши ният ҳам орзуга
қанот экан дуоингиз.

Сизга неки қилдим, қайтди 
мана ўғил-қизларимдан.
Ожиз ақл мактабига
савод экан дуоингиз,
Гоҳи аччиқ, гоҳи ширин
тотдим ҳаёт мевасин.
Ожиз, синиқ, бўш кўнгилга
сабот экан дуоингиз.

Тилак танҳо кўрмай дейди
фарзанд доғин кўзларингиз.
Оҳ, деса гар дилбандингиз
фарёд экан дуоингиз.
Қўл очсангиз рўёб бўлар
Шукур истак хаёллари,
Ҳаёт боғин яратгувчи
бунёд экан дуоингиз.

Йўлдош ЭШБЕК

ОНА ДУОСИ

Сафар қилсанг оқ йўл, болам, омон юр,
Разилдан қоч ва оқиллар томон юр,
Укаларинг соғинтирмай келиб тур,
Ҳеч бўлмаса икки энлик хат бит, болам.

У ёқлик ҳам ўзимиздай хилма-хил,
Яхшиликда ҳамма қўшни ҳормас бил,
Бир дўстни деб бир дўстингни сотмагил,
Дўст орттиру дўстларингни тенг тут, болам.

Иғвогарнинг қулоқлари жуда узун,
Хиёнат бу — ўйламасдан айтган сўзинг,
Ўйларингни айтар кўзгу икки кўзинг,
Бад ўйларни бошгинангдан ирғит, болам.

Донги чиқмас бир якка от — ёлғизлик,
Ўз жуфтидан жудо қанот — ёлғизлик,
Айтиб бўлмас унсиз фарёд — ёлғизлик,
Ёлғизланма, яхшиларни дўст тут, болам.

Сафар қилсанг, уйдан кўнглинг тўқ қилгин,
Лекин ғийбат бор жойларда йўқ бўлгин,
Шоир бўлсанг ёмонликка ўқ бўлгин,
Дардлиларнинг дилларини ёрит, болам.

Элга қалбинг берган қалбнинг бунёдисан,
Сен заҳматга эгиз халқнинг зурёдисан,
Пастлик қилма Алпомишнинг авлодисан,
Муҳтожларнинг ғамларини арит, болам.

Йўлинг очиқ бўлар, бўлсанг сен очиқ қўл,
Овмин энди, полапоним, сенга оқ йўл,
Бир тилагим: қайда бўлсанг саломат бўл
Ва уйдаги эркалигинг унут, болам.

ЎЗБЕКИСТОН ОНАСИ

Юрт деб ёнган онам
Қариб қолдилар
Мен бир далли девона
Қайлардадир кездим
Саросар
— Кел уйга кераксан, ўғлим
— Керакман юртга ҳам
— Ким у? Онаси борми
Томоғимга недир тиқилар.

— Бор демайман, бор она!
Ўғли эса пойингга йиқилар.

ҚИШЛОҚДАН ҚАЙТИШ

Атрофимда қушларнинг саси,
Адо бўлиб бормоқда саҳар.
Силкинади қирлар елкаси
Тўлқин отиб чопар майсалар.

Сездирмай деб онам кўз ёшин,
Секин-секин ортда қолади.
Лутфига зор бўлиб қуёшнинг
Уфқнинг ҳам бағри ёнади.

Олдида кулар ташвишлар доим,
Ортда қолар иқболим бироқ.
Ортда қолар туғилган жойим,
Чаманларга ўранган қишлоқ.

Ўксиб-ўксиб ундан изладим,
Беғубор доғ — гўдак изларим.
Чанглар кўмган жажжи ҳисларим,
Нафасимнинг оташ исларин.

Ҳижрон мени бир кун соғинди,
Бир кун бўлдим онам ёнида.
Висол менга бир кун сиғинди,
Бир кунга ғам ўлди қонимда.

Адо бўлиб бормоқда саҳар,
Атрофимда қушларнинг саси.
Тўлқин отиб чопар майсалар,
Силкинади қирлар елкаси.


Икром ОТАМУРОД

* * *

Онам — Саломат Эргаш қизининг хотирасига
«Ҳар бир туфроқдан яратилган киши ўз туфроқи
билан, албатта, учрашади».
Абул-Фазл Аҳмад ибн Муҳаммад
ал-Ўрузий ас-Сафар

Касби туфроқи кўп улуғсан, гарчи
Увада-увада ётсанг-да, титилиб.
Ўлим — юрагимда ўприлган дарча,
Ўлим юрагимни ташлади тилиб.

Касби туфроқи кўримсиз бағрингда
Не қурурлар ётур, ётур қадрлар.
Кўксингга бошини  қўйиб, бағримда
Кўпайиб бормоқда қабрлар.

Сенда ўсган, унган, улғайган онам
Насиби қўшилиб, ризқи етоқлаб,
Шамоллар измида учган гардсина
Шошнинг бир кунжига умрин тузоқлаб.

Райимни синдирмай, келиб зўрғатдан
Қаватли қафасга ноилож қўниб,
Касбини соғинди ҳар бир фурсатда,
Ҳар бир фурсатин яшади йўниб.

Кунлар кечди. Кунлар дилида бир доғ,
Мени қийолмади, мени асради.
Ўзи кундан-кунга топарди адоғ —
Ичига ютарди чексиз ҳасратин.

Онам кекса эди. Мен ёлғиз эдим.
Ёзуғдан  қочиб бўлмасди, ахир!
Ёлғизлик нонини беармон едим,
Ёлғизлик нони, сен, бунчалар тахир?!

Шаҳар бирубирдай шовқин, талотўп,
Хабис ҳоллар кезар суйкалиб, тайиб.
Онам сукунатдан қувват олди хўб,
Руҳланди касбининг ёдила ғайиб.

Касбининг бежирим, қадим туфроқи
Қон-қонига сингиб кетганди қат-қат.
Дерди: «Мен касбининг битта урвоғи,
Кўз юмсам касбига қўясан фақат!»

Не муғдор толесиз оввораи жон
Неча роҳдан юрди мисли навмид рахш?!
Эҳ, нотанти дунё, онамга бир он
Этсанг нетарди толеингдан бахш?!

Ой ўтди. Йил ўтди. Чопди табаддул,
Танига дард қўниб отлади табоҳ.
Дарднинг азобини тўйиб ичган қул —
Онам интиқ бўлди касбига э воҳ!

Пешонасин силаб сабр ҳиддати,
Сийнасида бардош йиртилди, ҳатто.
Ўз туфроқига тикилди нияти,
Ўз туфроқига етгунича то...

Ранжу ситам ичра титраган яфроқ —
Кўникмоқ ҳассаси суяр танамни.
Авайла, ўкситма, эй улуғ туфроқ
Ишониб топширдим сенга онамни.

Касби туфроқи кўп улуғсан, гарчи
Увада-увада ётсанг-да титилиб.

Муҳаммад ЮСУФ

ОНАМГА

Оҳ, менинг ортимдан оввора онам
Бир парча юраги минг пора онам.
Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,
Тошканни кўрмаган бечора онам
Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,
Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..

Гарчи бисотингда «байрам» сўзи йўқ,
Биламан, кутасан сандал тўла чўғ,
Менда юрак деганларин ўзи йўқ:
Мен совға бермаган қиз йўқ бу оқшом,
Сенга на гул бердим, на ширин калом,
Энди мен ҳам сенга ўғилми онам?..

Дейсан: олисларда омон юрсанг бас,
Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас,
Болам, сенга ҳамма қилади ҳавас...
Ахир, менинг дардим шеър эмас, фақат,
Мен машҳур шоирмас — машҳур бешафқат,
Энди мен ҳам сенга ўғилманми, айт?..

Шаънинга шеър битдим. У сени топсин,
Пойингга тиз чўкиб, қўлингни ўпсин.
Ундан ҳам улуғим борлигин кўрсин,
Мен учун ҳам азиз ҳолингни сўрсин,
Сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми, онам,
Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам!..

ОНАМДАН ХАТ

Ўғлим, жигаргўшам, айтгин-чи, наҳот,
Ачинмайди жонинг онанг ҳолига.
Мени тўшакларга михлаб қўйди бод,
Келсанг бир кўрсаму... ўлсам, майлига.

Чакка ўтган эски томга ўхшайман,
Кўзимдан ёмғирлар тўкилар тинмай.
Бу ёруғ дунёда борми, билмайман,
Ўз ўғли йўлига интизор мендай...

Ҳайҳотдек ҳовлида қолдим бир ўзим,
Нима хаёлларга бормасман баъзан.
Соғмисан ишқилиб, қўрқаман қўзим,
Подшолар ҳақида шеърлар ёзасан.

Ўйнашиб бўларми шоҳлар билан, айт,
Қишлоқи жонингга шеърдан не ҳузур?
Зериксанг — бепоён яйловингга қайт,
Сиқилсанг — даштларда от чоптириб юр!

Фақат хаёлингдан чиқаргин шеърни,
(Кимгадир ёқмасмиш чинми-ёлғонми)
Ахир, сен ёзмасанг ўша Бобурни,
Шоирнинг уруғи қуриб қолганми?..

Ўғлим, жигаргўшам, айтгин-чи наҳот,
Ачинмайди жонинг онанг ҳолига?
Мени тўшакларга михлаб қўйди бод,
Келиб бир кўтариб чиққин ҳовлига.

Қўлингда жон бериб ўлсам, майлига...

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2021 | Рейтинг: 0.0/0