Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (8)
ОНАИЗОР

Кўнлим қолса булбулдан ҳам гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам...
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам —
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у...

Сиғмай қолсам шундай кенг бу жаҳона,
Осмонларга руҳим бўлса равона.
Жонсиз таним устида ҳам парвона —
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у...

Тонар бўлса қўлимдаги тор, дунё,
Уч кун ўтмай унутгай, дўст-ёр дунё.
Еру кўкни титратиб зор-зор дунё —
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у ...

Гулдай кулиб юрмасмиди ўғлим деб,
Кўриб кўнглим тўлмасмиди, ўғлим деб,
Онанг ўлса бўлмасмиди ўғлим, деб
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у...

Кўнглим қолса булбулдан ҳам гулдан ҳам,
Қолар бўлсам бир кун ахир тилдан ҳам.
Агар бир зот йиғласа чин дилдан ҳам —
Онам йиғлар, онам йиғлар, онам у..

* * *
— Она, мени нега туғдинг?
— Юртинг учун.

— Она, мени нега туғдинг?
— Бахтинг учун...

— Она, мени нега туғдинг?
— Зориққандан.

— Она, мени нега туғдинг?
— Зериккандан...

* * *

Онажон,
Онажон,
Юрагим оғрир
Билмадим нимага қийнайди мани.
Мен деҳқон боласи эдим-ку ахир,
Наҳот шунча нозик бўлса бу жоним?..

Энди-ку ухламай ўйлар сурмайман,
Соғинсам дунёда соғинганим сиз.
Оғрир,
Оғрийверар юрак, билмайман,
Нега оғришини айтмас ҳам иблис.

Ё севиб қолдимми,
Бу мумкин эмас.
У мендан безор
Мен ундан безорман.
Муҳаббат деганин қилмасман ҳавас,
Шундай ҳам бу узун йўл тўла армон...

Онажон, 
Онажон,
Юрагим оғрир,
Гўё кимдир уни тиғ билан тилар.
Кечалар елкамга темирдек оғир
Қўлларин қўяр, кўзимга тикилар.

Ким у?
Мен танимайман.
Отамнинг арвоҳи ўша зот балки:

Уйимнинг чироғин ёқмай болам, сен
Қаерда,
Қаерда юрарсан санқиб?!.

Қишлоққа кетаман,
Тонг отса бўлди.
Қуёш уйғотиб қўй мени эрталаб...
Юрагим,
Юрагим оғримай қўйди,
Эй, қалбни бир ўпиб бўлмас эркалаб?

Маҳмуд ТОИР

О Н А

Бу дунёнинг бозорида бахт борми,
Худойимдан тилаганинг нақд борми,
Оёғингга бошим қўйсам дил осмон,
Она, сенинг товонингда тахт борми?

Тулпорларга тушов уят, тушов ор,
Бедорларнинг болишида ҳикмат бор,
Минг додимда бир оҳингни гарди йўқ,
Она, сенинг олқишингда оят бор.

Осмон узоқ, ер қаттиқ деб кўп айтдинг,
Йўллар кутиб дарвозага дард айтдинг,
Она, юзинг табассумлар талашсин,
Ажинларинг чеҳрангдаги шоҳ байтинг.

Онасини бевақт берган бахтсиз кўп,
Оҳ, онасиз тахтда турган тахтсиз кўп,
Отанг кетса дардинг тўксанг онанг бор,
Онанг кетса чиқмас экан кўздан чўп.

Ором сўзин осмони ҳам онадир,
Қадр сўзин қўрғони ҳам онадир,
Шеърингни қўй, Маҳмуд, онанг кўнглин топ,
Жаннатларнинг посбони ҳам онадир.


ОНАМ БИЛАН КЕТМОН ЧОПГАН АЁЛЛАР

Борга боқмай, йўқни йўқлар хаёллар,
Онамдек бокира, офтобжамоллар,
Кўргим келиб тўрт тарафга термулдим,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бир туп райҳон қошида юз тиз буккан,
Йиғи келса ялпизларга дил тўккан.
Қўлингиз гул, райҳон эккан, гул эккан,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Пешонангиз тери томган Момо Ер,
Қайда қолди фариштадек момом дер,
Қалдирғочлар қўлингиздан таом ер,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бу дунёнинг кори сира битмаган,
Тақдир сизга не юмушлар тутмаган,
Дилингиздан айтинг нелар ўтмаган,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,
Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,
Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Ёмон ёвдан ҳатто йўлбарс ўкирар,
Битта кетмон бир эркакни чўктирар,
Изингизда не чаманлар гуркирар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бир ўғилмиз, мингта ўғил, хўш нима,
Кўрмаганмиз бизлар ахир қўш нима,
Гоҳо ойлаб кўрмаганлар гўшт нима,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Сиз Ватаннинг юзидаги ёғдуси,
Сиз покликнинг товлангувчи туйғуси,
Кетмон бетин куйдирган гоҳ қайғуси,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Шойи сотиб алп йигитлар шод келар,
Маҳмуд каби кўп шоирлар мот келар,
Дил тубидан билмам қандай дод келар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

СОҒИНЧ

Соғинч сидирмоқда кўнгил қонимни,
Армон ўртамоқда жисму жонимни,
Кўргим келаверар онажонимни,
Дарёсин ахтарган ирмоқ кабиман,
Дарахтдан узилган япроқ кабиман.

Чарх уриб ҳовлимга сиғмай қоламан,
Жойин бўш кўрганда оҳман, ноламан,
Мен тонглар дуони кимдан оламан,
Киприкда жон тутган томчи кабиман,
Тамшансан наздимда кўзёш тамиман.

Ҳувиллаб қолгандек бу дунё гўё,
Тунлар тўлғонган тош, кунлар зим-зиё,
Онажон, кимда бор сиздаги зиё,
Қуёшин қидирган сомон кабиман,
Боғида гули йўқ боғбон кабиман.

Она, қабрингизга қайтиб бораман,
Қандоғ алвидо деб айтиб бораман,
Сизни соғинганда дили пораман,
Зам-зам қошидаги ташна кабиман,
Энди изингизнинг ёнган шамиман.

Турсун АЛИ

ОНАМ ҚАБРИДАГИ МАЙСАЛАР

1

Онамнинг қабрида унган майсалар,
мен сизни кўксимга босаман суйиб.
Энтикиб кетади куюк юрагим,
сизларда волидам ҳидларин туюб.

Онамнинг қабрида унган майсалар,
бир сирни сўрасам келмасин малол.
Бошингизни силаб онам қўллари
уйқудан уйғотган сизни, эҳтимол...

2

Тонгда борсам онам қабрига,
йиғлаётир майсалар юм-юм.
Оҳ, майсалар билан мен бирга
кўзёш тўкдим — тўлиб юрагим.

Майсаларнинг тушларига ҳам
онажоним кирган, эҳтимол.
Келолмайин сўнг ҳушларига
йиғлагандир мен каби беҳол.

Кўҳна қабр устида абад
ўсаётган эгик майсалар,
Огоҳ этинг мени ҳам албат
онам сизга бир гап айтсалар.

Одам бўлдимми менам?..
Миртемир

Онажон,
чўкиб қолган қабрингизда
майсалар унди.
Менинг изларимни
вақтнинг шамоллари кўмди.
Онажон,
ўзга қабрлар
қад ростлаб,
тўн кийди мармардан.
Атрофида турфа гуллар,
шох ёзди улкан дарахтлар.
Онажон,
сизнинг чўккан қабрингиз қошида
чўкиб қолди менинг ҳам руҳим.
Чўкди қора булутлар бағримга,
кипригимга чўкди юлдузлар...

4

Овлоқ қишлоқ,
Дала оғушида қабристон,
унда бир иморат бор,
деворлари тупроқдан,
эшиксиз, деразасиз.
Гоҳ ўша уй қошига
борсам, тўлиб юрагим,
кўзларимнинг тахир сувини
нураган деворларига тўкиб қайтурман.
Овлоқ қишлоқ.
Дала оғушида қабристон,
унда бир ёлғиз уй бор...

5

Сиз кўзларимга тикилиб дердингиз:
«Болам, улғайсанг,
кетиб қолмайсанми катта шаҳарларга
ёлғизликнинг чангалига ташлаб мени?»
Мен ҳали меҳрингиз нурига қонмай,
бу рангин дунёни танимай туриб,
қайларга кетдингиз, ахир, Онажон?!

Абдулла АЪЗАМ

ТЎРТЛИК

«Она!» деб милён бор қилсанг-да нидо,
Дийдорин қўмсашинг бўлдими, адо?
«Ватан!» — такрор этсам, сийқа демагин,
Онасиз ғарибу беватан — гадо.

Сирожиддин САЙЙИД

* * *

Она, тўплаб чиқса — бардошларингиз,
Шунча йиллар тўккан кўзёшларингиз,
Еру осмон селу ёмғир, дўл бўларди.
Бир воҳани кўмарди сув,
Бир воҳани ғарқ этгувчи кўл бўларди.

Ажинларингизни ўйласам агар,
Бир-бирига улаб, бойласам агар —
Сурхондан то Тошкентгача,
Тошкентдан то Сурхонга қадар
Соғинч тўла, армон тўла йўл бўларди.



БИР ҲИКМАТ ИЛҒАДИМ

Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.

Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.

Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.

Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари ва лекин
Барин билиб тургандай.

Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.

Онамнинг кўз ёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.

Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.

Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.

Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.

Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.

Онамнинг калишлари...
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.

Иқбол МИРЗО

ОНАМ

Ой каби қошимда парвонам — онам,
Офтобдек меҳрда ягонам — онам.
Бошимга тилла тож, кўнглимга таскин,
Туну кун тилимда шукронам — онам.



Олтин-кумуш асли — тош бўлар экан,
Онасизнинг кўзи ёш бўлар экан.
Онаси бор — доим ёш бўлар экан,
Меҳр уммонида дурдонам — онам.

Қайга борсам йўлдош, ҳамроҳ тафтингиз,
Сиздан бахт топдим, сиз нима топдингиз?
Мудом манглайимда илиқ кафтингиз,
Толеимдан ёруғ пешонам, онам.

Ёнимда ўғлим деб турсангиз, она,
Яшайман ғамлардан ғолиб, мардона.
Келсангиз юксалар ғариб остона,
Кетсангиз мунқаяр кошонам, онам.

Кўрдим дунё етти мўъжизасини,
Топмадим қалампирмунчоқ исини.
Кўзларимга сурай босган изини,
Жаннат боғларидан нишонам, онам!



АСКАР МАКТУБИ

Салом, она, онажонгинам!
Яна сизга ёзмоқдаман хат.
Саломатми азиз отам ҳам,
Укаларим юргандир хушбахт!

Бошим узра юлдуз чароғон,
Чегарада турибман сергак.
Юрт бўлсин деб тинч ва фаровон,
Доим бедор уради юрак.

Аскар бўлиб улғайдим бугун,
Она Ватан недир, англадим.
Жоним фидо элу юрт учун,
Мард йигитлар йўлин танладим.

Онажоним, онажонгинам,
Сизга меҳрим, тилагимда жам.
Қутлуғ бўлсин, муборак бўлсин,
Энг улуғ ва энг азиз байрам!

Хайр, она, хайр, онажон,
Доимо тинч бўлсин кўнглингиз
Ва бахтимга бўлинг соғ-омон!
  Салом билан аскар ўғлингиз!

Шарифа САЛИМОВА

ОНА НИДОСИ

Уриб турган юрагимдан гавҳар бердим,
Кипригим-ла товонингдан тикан тердим.
Худо ўғил берди, дея кўкрак кердим
Вужудимда тўққиз ойлаб ётган, болам,
Не қилсанг қил, лек Ватанни сотма, болам!

Не бандалар қабри Ватан топмай йиғлар,
Майсаларда очиқ кўзин ёпмай йиғлар.
Жон сувидан лаби сўнг дам тотмай йиғлар,
Ёт тупроққа харсанг бўлиб ботма, болам!
Не қилсанг қил, лек Ватанни сотма, болам!

Униб-ўсган ўрмонини бермас арслон,
Тоғу тошин жаннатларга бермас жайрон.
Жуфти ила ўз инида яйрар илон,
Не қилсанг қил, самога тош отма, болам,
Сочи оппоқ онажонинг сотма, болам!

Сенга Аллоҳ ўз жаннатин нисор этди,
Сен йўқ эдинг, ўз амри-ла у бор этди.
Зўр ишқ берди — вужудингни баҳор этди,
Ватан ишқин қарғаларга тутма, болам,
На қилсанг қил, лек Ватанни сотма, болам!

Бу оламда ёшлик, умр, ҳусн меҳмон,
Гуллар — меҳмон, қушлар — меҳмон, меҳмондир жон.
Бу дунёда ватан сотур қабиҳ инсон,
Ўзбек номин икки дунё сотма, болам!
На қилсанг қил, қуёшга ўқ отма, болам!

Ғаним маккор — кавакларда пойлаб юрар,
Чоҳлар қазир, тоғу тошда ойлаб юрар.
Енг учига ханжарини жойлаб юрар,
Не қилсанг қил, гуноҳ юкин ортма, болам,
Киндик қонинг томган юртни сотма, болам!

Ўз юртининг нонин кўзга сурар гадой,
Осмонидан замин сари қуламас ой.
Хоинларга ҳатто дўзах бермайди жой,
Қоракўзим, гуноҳларга ботма, болам,
Оқ сут берган Ватанингни сотма, болам!

Севгин, куйгин, оташларда ёқсин фироқ,
Майли, бола сархуш этсин, майли ўт тоғ.
Илтижоим, она юртинг қилмасин оқ,
Онажонинг дўхазларга отма, болам!
Бобонг юрти — Ватанингни сотма, болам!

Хиёнаткор бўлсанг, нолам кўкни тутар,
Арш устуни фарёдимдан синиб кетар,
Сўнг ким сени «фарзандим», деб алқаб ўтар,
Ўзда тоғда ҳатто кийик ётмас, болам,
Боримни сот, лек Ватанни сотма, болам!






Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб.
Она, қаён кетяпсиз
Райҳон шохларин ислаб?

Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб,
Бугун сел бўлиб оқдим
Минг йил яшагач музлаб.

Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб,
Гарди пойингиз қани,
Энди бўзласам тизлаб?

Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб,
Бўлдимми кўксимдаги
Ёлғон китобни сўзлаб?

Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб,
Қолдим фано юртида
Илк бор жонимдан бўзлаб.

Сўнгги нафасга қадар
Дуо қилдингиз сизлаб,
Кетдим Соғинч саҳросин
Сарҳадларини излаб.

II

Ҳеч бемақсад кезмасдим,
Феълим тору тезмасди,
Изғиринни сезмасдим,
Бугун бағрим совқотди,
Она, сизни йўқотдим.

Омадим чопмаса ҳам,
Муродим топмасам ҳам,
Тоғ бўлиб босмасди ғам,
Қуёш қаёққа ботди?!
Она, сизни йўқотдим.

Кимдир илмаса кўзга,
Гоҳи хор бўлсам дўстга,
Жон-жаҳон эдим сизга,
Дилим тошларда ётди,
Она, сизни йўқотдим.

Икки йўл орасида,
Кўзингиз қорасида —
Сўнгги нур толасида
Илк бор мен сизни топдим
Топдим, шу он йўқотдим.

III

Онам, умрим моҳи, ягонам,
Бандаликни бажо этдингиз.
Юрагимни босди санги Ғам,
Дунёга бир келиб кетдингиз.

Пойгакларда сокин, улуғвор
Киборларга сабоқ бердингиз,
Нур эдингиз, ҳурлар бўлсин ёр,
Дунёга бир келиб кетдингиз.

Ситамларни инояти ҳақ,
Ғойибдан муждалар дедингиз,
Ҳақ айласин раҳматларга ғарқ,
Дунёга бир келиб кетдингиз.

Ул мунаввар дийдор ишқида
Маликаи Соғинч эдингиз,
Кўкдан ёғсин оби раҳматлар,
Дунёга бир келиб кетдингиз.

IV

Беш соатлик йўл эди,
Марғилоннинг ораси,
Ўралашдим Тошканда
Марғилоннинг боласи.
Марғилонда яшарди
Оналарнинг онаси,
Райҳон нафасли, қадди
Жаннатларнинг лоласи.
Насимларни таратган 
Сочларининг толаси,
Кундузлардан ёруғроқ
Кўзларининг қораси.
Соғинчи — гул, дуоси
Баҳорий кўк жоласи,
Сўзлари — ойнур, дили —
Муҳаббат сайёраси.
Эшитарди ҳаттоки
Тушларимнинг ноласин,
Не ҳам қилдим Тошканда
Шу онанинг боласи?
Шитоб кечди ой, йиллар,
Дедим: «Бандман, чорасиз...»
Маскан бўлди онамга
Соғинч тоғин қояси.
Беш соатлик йўл эди,
Марғилоннинг ораси,
Қўл узатсам етгулик —
Қошу қабоқ ораси...
Ундан ҳам яқин экан
Икки дунё ораси.
Суйди, кутди ва кетди
Оналарнинг онаси,
Бу оламда йўқ энди
Сочиниям толаси.



Одил ҲОТАМ

ТАНДИР

Онам Рўзима Мулла ғойиб НАЗАР 
қизи хотирасига

Умр деганлари шу экан, шудир,
Бир куни қувончу бир кун қайғудир,
Ўлим охиратдан келган бурғудир,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Балки бу тандир ҳам бузилиб кетар,
Армонлар турнадай тизилиб кетар,
Боқсам юрак-бағрим эзилиб кетар,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Сиз ёпган нонларнинг таъми ўзгача, 
Сизсиз кечаларнинг шами ўзгача,
Бу дунёнинг ортиқ, ками ўзгача,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Вояга етказди бизни меҳрингиз,
Ўғлимга кулчалар ёпиб бердингиз,
Нега неварамни кўрмай кетдингиз,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Дердингиз: — Ҳар лаҳза ғанимат дийдор,
Бизга борлиғингиз этдингиз нисор,
Бир уюм тупроққа бўлдик интизор,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Оппоқ сочингизда тонгни кўрардим,
Иймону эътиқод-бонгни кўрардим,
Илоҳий шафқатни, рангни кўрардим,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Боқиб ҳеч тўймайман сувратингизга
Талқинлар излайман сийратингизга,
Тушда восил бўлсам суҳбатингизга,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Сиз айтган аллалар қулоғимдадир,
Кўзингиз қизларим-сиёғимдадир,
Умрингиз уйимда чироғимдадир,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Тилагим, жаннатлар тўрида бўлинг,
Хотирот гулханин қўрида бўлинг,
Бир умр кўзларим нурида бўлинг,
Она, тандиримиз соғинган Сизни...

Қутлибека 

ОНАМ

Илиқ хотирамнинг тўлқинларидан
Мунис сувратингиз оҳиста қалқиб
Кўзим қорасида туриб қолади.
Осмонга термулиб тўлмаган кўзларим,
Заминга термулиб тўлмаган кўзларим
Бир сизнинг чеҳрангиз билан тўлади.
Қалбдаги интизор-интизор ҳислар
Қувончим тафтида эрийди аста.
Энди қувончимни оғрита бошлар
Ҳеч чидаб бўлгусиз яна бир истак.
Қанийди, шу дам йўқ иложни топиб,
Бағрида Сиз турган қорачиғимга
Интиқ лабларимни энтикиб боссам.

ЎКИНЧ

Тонг — Хоразм осмони қонар,
Қондан қўрқиб бекинар юлдуз.
Ё Раб, ўгай қиз бўлдим, она,
Жудоликдир сизга туққан қиз.

Шом — қорайиб кузатар само,
Судраб борар қуёшни абр.
Мен-чи, узоқ қизингиз ҳамон,
Сизнинг яқин қизингиз Сабр.

Тун — юлдузлар қайтадан сачраб,
Кўк кулимсир: ҳура бошлар ит.
Боролмайман, ёмонман, ё Раб,
Сизнинг яхши қизингиз Умид...

Зиёвуддин МАНСУР

ОНА

Қирқ ёшни қоралаган қизин сочин ўраркан,
Фарзандлар ташвишидан мункайиб қолган аёл
Ногоҳ унинг сочида бир тола оқ кўраркан
Оғир хўрсиниш билан суриб кетар ўй-хаёл.

О, она!
Фарзандлар учун бунчалар дилпорасан,
Бунчалар азиз экан, улуғ зот, сенга бола?!
Ўз ҳолингга боқсанг-чи:
Сочдаги тим қорадан
Оқармай мисол учун қолмаган бирон тола...


ҲАЗРАТИ АЁЛ

Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.
А. Орипов

Аёл — улуғ,
Аёл — боқадр
Аёл борки - ҳаёт мағзи тўқ.
Асли шундоғ, лекин негадир
Аёллардан ҳеч пайғамбар йўқ.

Рост, лек фақат ғазрати Одам
Ҳақ ҳукми-ла яралиб чиққан.
Қолган барча пайғамбарни ҳам
Зоти аъло — аёллар туққан.

ЭҲМ, компьютер, робот —
Бари
Эрур юксак кашфиёт гарчанд,
Лекин айтинг аёл сингари
Улар туға оларми фарзанд?!

Шу боисдан Сарвари Олам
Зап айтмишлар аёл васфида,
Бир ҳадисда демишлар:
— Жаннат
Оналарнинг оёқ остида.

Бундан ортиқ мен нима дейин?!
Топдим,
Топдим Сизга мос тимсол:
Улуғликда Худодан кейин,
Сиз турасиз Ўазрати Аёл!



Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

ОНАЖОН

Тошлар таскин берар тоғлар ғамига,
Томчи ёш таскиндир кўзлар намига.
Ғамларинг таскиндир ғамлар ғамига,
Бир тошча бўлмаган болангман Она!

Уйни меҳмон босса сўзинг қувнайди,
Ўчоқда қозонинг — тузинг қувнайди.
Қизим гина қилса кўзинг қувнайди,
Қизимча бўлмаган, болангман Она!

Эртак айтиб, эрка шоир бўл, дединг,
Эр йигитсан, элга доир бўл, дединг.
Муҳаббатда Мажнун, Тойир бўл, дединг
Бўлмаган, бўлолмаган, болангман Она...

Гарчи кўнглинг кўпда кулфатхонадир,
Кўпга келган кулфатни-да оладир.
Юрт кулфатин ўз ичига соладир —
Кўнглинг ололмаган, болангман, Она!

Тош ҳам таскин берар тоғлар ғамига,
                        Бир тошча бўлмаган болангман, Она!

ОНАМ ЯШАГАН УЙЛАР

Сен яшаган ҳовлиларга боролмайман, онажон,
Борсам, яйраб, борлигингдай киролмайман, 
онажон.
Сен бахш этган бу бағирнинг бағрида тошлар 
синди.
У тошларга бошим уриб ёролмайман, онажон.

У уйларда энди бизга мушукчалик йўқ қадр,
Бир кўрпача тўшалгунча юз иддао, минг садр.
Бу гўшанинг тўшаклари наҳот, шунча юпқадир
Юпқалашиб кетдимми ё билолмайман, онажон.

Борсам, болам, келдингми деб, борингни
тўккувчийдинг,
Бўйларимга зор оҳу зорингни тўккувчийдинг.
Пешонамни сийпалаб, ўпиб, минг
ўргилгувчийдинг
Ўргилай деб борсам, энди тополмайман онажон.

Сен яшаган ҳовлиларга боролмайман, онажон,
Борсам, яйраб, борлигингдай юролмайман онажон.




Шаҳло АҲРОРОВА

ЖИЙДА ГУЛИМ
(Туркум)

Жийда гулим, жийда гулим,
Жилвалари майда гулим,
Онам бағрин соғиндим мен,
Онамдай бир суй-да, гулим.

Йўлимга кўз тикар эди,
Пойимга дил тўкар эди,
Онам райҳон экар эди,
Кўнглим ўшал бўйда, гулим.

Куйгилиги кунда эди,
Бир оҳ десам, шунда эди,
Онам дарди менда эди,
Менинг дардим куйда, гулим.

Кўнглим чўкса ҳозир эди,
Эркалаши ҳузур эди,
Она, десам, «жон», дер эди,
Энди «жон»лар қайда, гулим?

Жийда гулим, жийда гулим,
Хушбўй гулим, майда гулим,
Онам исин соғиндим мен,
Онамдай бир суй-да, гулим...

ОНАЖОН

Давронлар кетди, она,
Дармонлар кетди, она,
Дилга малҳам топмадим,
Қадрингиз ўтди, она!

Тошлар эзди курагим,
Дардлар еди юрагим,
Кимга ҳам бор керагим?
Қадрингиз ўтди, она.

Йиқилсам, боз тепдилар,
Қоқинсам лой сепдилар,
Иймонни ҳам ебдилар!
Қадрингиз ўтди, она!

Тикан гоҳ йўлим энди,
Орзулар тилим энди,
Ўолим сўрар, ким энди?
Қадрингиз ўтди, она!

Меҳрингиз бўлак эди,
Ўрнингиз бўлак эди,
Менга Сиз керак эди!
Қадрингиз ўтди, она!

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2361 | Рейтинг: 0.0/0