Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (10)
ОНА СОҒИНЧИ

Кўзлари тўрт бўлган онам ёнидан
Томларга югуриб чиқар қизғалдоғ
Менга йўл қарайди уйнинг томидан.
Тўрт қиблага туташ йўл. Бари — алдоғ.

Шамоллар юлқийди кўйлакларини,
У томдан тушолмас менга йўл қараб.
Онамнинг сочида Соғинч қарийди,
Ҳувиллаб ётади менсиз тўрт тараф.

Онам кўзларига қарай олмаган
Томонлар юзига деворни тутар.
Ариқлардан оқиб келган олмалар
Қизчамнинг қўлларин соғиниб кетар.

У ҳали билмайди, дунёда унинг
Қўлларин соғинган олма борлигин.
У ҳали билмайди, қишлоқда кунин
Бувиси йўлига интиқ, зорлигин.

Тош тушган сувдаги халқоблар каби
Қиблалар қизғалдоғ кўзидан қочар.
Сўфи бўлолмаган тўрғайлар — набий,
Менинг келмасимдан фол, ромлар очар.

Шу фолни ёлғонлар қилмоқлик учун
Қишлоққа талпиниб яшайди кўнглим.
Мен бир кун қайтаман, келарман кўчиб,
Онамга қарашгин, қизғалдоғ синглим.

Ҳол Муҳаммад Ҳасан

* * *

Онажон, оғзингиз ошга
текканда тишингиз синмиш,
Бу кун ғам лашкари маним
кўксима ханжарин сунмиш,
Кўмирдек тим бошим узра
қайғунинг қорлари қўнмиш,
Томирда қонларим тўнмиш
тилим лол, кўзларим тинмиш,
Э воҳ, не кўргилик кун-бу,
узун кунмиш, куним тунмиш.

Жунунман, ҳасратим ҳар дам
ўзим-ўзимга сўзларман,
Вужуд титрар, дилим идрар,
уним чиқмайди — бўзларман,
Дийда суйи билан тинмай
жигар бағримни тузларман,
Деди ким: «айрилиқ мерос»
Ў, ҳаёт, шунчалар жўнмиш,
Э воҳ, не кўргилик кун-бу
узун кунмиш, куним тунмиш.

«Рўзи насиб илинган ер,
ризқингиз қийди-ку, найлай,
Минг аср оч, тиланган ер,
Сизни еб тўйди-ку, найлай» —

Эгачим оҳ уриб йиғлар
кўкайим куйди-ку, найлай,
Қабрингизда қалтириблар
кенжа синглим — чечак унмиш,
Э воҳ, не кўргулик кун бу,
узун кунмиш, куним тунмиш.

Ичимга ўт кетиб, рўйим
заъфарон барг каби сўлди,
Ғаними ҳол сўраб келди,
орланиб олдида кулдим...
Ҳақнинг ҳукмига ширк билдим,
Ўзига тавбалар қилдим,
Тақдир ўюнига ҳайҳот,
саркаш кўнглим наҳот кўнмиш,
Э воҳ, не кўргулик кун — бу,
Узун кунмиш, куним тунмиш.


ОНАНГ У

Бешигингда боғлиқ ўша
Қўнғироқни чалган илк,
Бошинг узра порлаган шамс-
Ғамар бўлиб кулган илк,
Вужудингга оқ сут ила
Меҳр нурин солган илк —
Чароғбонинг,
каҳкашонинг,
осмонинг — Онанг У.

Илк қадаминг кўзга суртиб,
Кўзмунчоқлар илган жон,
Юзин юлсанг завқинг учун
Қўшилишиб юлган жон,
Қоқилсанг гар, кўксин тўшаб
Бағрин нисор қилган жон —
Нигоҳбонинг,
меҳрибонинг,
посбонинг — Онанг У.

Жонингга жон суниб мудом
Ёнгинангда келган ҳам,
Дилингдаги дарду ғаминг
Элдан бурун билган ҳам,
Рангинг кўриб, ҳолинг сўриб
Хазонсифат сўлган ҳам —
Гулистонинг,
боғистонинг,
боғбонинг — Онанг У.

Ҳам қувончинг, ҳам азобинг
Тенг шерика бўлган кас,
Барча орзу аъмолингни
Зиммасига олган кас,
Умринг ногоҳ, бўлса барбод
Сендан олдин ўлган кас —
Қадрдонинг,
жонажонинг,
онажонинг — Онанг У.

Салим АШУР

ОНАМГА МАКТУБ

Сендан узр сўрайман, она,
Бўлолмадим сен айтган ўғил!
Гоҳо қалбим каттариб кетди,
Гоҳ узун бўлиб кетди тил.

Кўкрагимдан босиб ётса ҳам
Оғир-оғир армонинг қат-қат,
Мен меҳримни қимматроқ билиб
Қилолмадим кўпларга шафқат.

Кўрмасин деб дунёни, дилнинг
Кўзини кўр қилиб ташладим.
Инсонман-ку, гоҳ бурчим еди,
Гоҳо тилни ютиб яшадим.

Гоҳ тупроқдай хор-зор ўлдим
Ҳақиқатни билганим учун.
Ҳақиқатни танимаганлар
Тушунмади мени, сен тушун.

Минг-минг узр, юз ўгирсанг-да,
Оқ хаёлим, айтай ростини:
Гоҳ кўрмадим кўрганларимни,
Гоҳо мағиз дедим пўстини.
Тушунмоқчи бўлдим одамни,
Кўкрагимга мардона уриб,
Танимасдан ҳали дунёни,
Ҳали ўзни тушунмай туриб.

Гоҳ вафолар вафо қилмади,
Хиёнатга қилдим азимат.
Садоқатни учратиб қолдим,
Билдим, у ҳам гоҳо омонат.

Кўксим менинг оғриққа тўлди,
Юрагимнинг синиқларидан,
Қонлар сизди кўзёшларидай
Кўкрагимнинг ёриқларидан.

Мен меҳрни соғиндим бу кун,
Мен қадрга бу кун зор бўлдим.
Тан олмади мени одамлар,
Мен-чи, сенсиз тириклай ўлдим...

Сендан узр сўрайман, она,
Тилда салом, дилда арзи ҳол.
Ўзинг тушун туққан ўғлингни!
Йўқса менга яшамоқ малол.

Ғулом МИРЗО

* * *

Онажоним — оҳизиндам,
юзингиз ажинларида
ҳиссам бор.
Юрагингиз ғижимларида
Қуссам бор.
Қанийди, буларни ёзиб бўлса...

Шодмон ЖЎРАЕВ


Эй, она, меҳринг билан доим менинг ёдимдасан,
«Уҳ» десам парвонадек гир айланиб бошимдасан.
Кўрмасам кўнглим ёришмас, эй дилимнинг қуввати,
Ичганим бормас ичимга, бўлмасанг ёнимда сан.
Эй, она, меҳринг билан доим менинг ёдимдасан.

Яйрасам бағрингда мен, сен бахтимга бўлсанг агар,
Эркалаб дердинг «болам», ҳаттоки юз ёшимдасан.
Сут билан берган ўгит, панду насиҳатинг сенинг,
Чиқмагай асло юракдан сабру бардошимдасан.
Эй она, меҳринг билан доим менинг ёдимдасан.

Эй она, сен яхши ҳамдам, сен дилимнинг қуввати,
Бахтимга бўлгин омон, ҳаттоки минг ёшимда сан.
Ҳар неча хизматларинг бўлса қилай жоним билан,
Кўтарай кўкларга, кел, ҳар доимо бошимда сан.
Эй она, меҳринг билан доим менинг ёдимдасан.

Онани ҳурмат қилинг, кўнглида ғам бўлмасин,
Кўнглига ғашлик тушиб, кўзлари нам бўлмасин.
Ёрингизнинг меҳрини қўймангиз ундан баланд,
Оналик меҳри кетиб, ёрга маҳрам бўлмасин.

Рауф СУБҲОН

ОНАМ СОҒИНЧИ

Хабар кутдим қаҳратон қишда,
Бошларимга эгилган, мен гўё дарахт.
Оёғим остида саноқсиз излар,
Елкамдан босганда муздайин бир бахт...

Эриб кетганида оёқ излари,
Бурканса дарахтлар беқасам тўнга
Уватда ялпизлар унган кезлари
Тергизмай кутаман, сақлайман сенга.

Хабар кутар эдим жозибали тонг
Ҳар куни соатдай тўхтамай юрдим.
Тинч-омон бормисан, айланай болам,
Ўзингга қарагин, камроқ «югургин».

Қушлар учиб келди, қорлар эриди,
Хабар кутдим қалдироқли кун.
Дарахтлар гуллади, қоматга келди,
Уйимни қалдирғоч тўлдирди, лекин...

ОНАМНИНГ ХАТИ

Супрамга ораларлардинг
Унни қорий бошласам,
Эмаклардинг, юлардинг
Хамир узиб ташласам.

Сўнг дераза раҳига
Катта михни қоққанман.
Камзулинг учин боғлаб
Нонларимни ёпганман.

Бугунку сен каттасан,
Дадил туриб сўзлайсан.
Кўраяпман бировнинг
Супрасин ҳам бузмайсан.

Уйқусираб ўргимчак
Тўрларида ухласам,
Тушимга михлар кирар,
Совуқ михлар... ушласам,

Сен ёзган эртакларга
Ўхшар экан бу ҳаёт.
Эй, ўғлим, одамларнинг
Тинч ухлаши ҳам фарёд!

ҚАНОТЛАРИМ...

Ота-онам ўтдилар,
Йўқотдим қанотларим.
Кимлар парвоз кутдилар,
Синашди саботларим.

Қадим кир-тепаликдан
Билган каби тарихни,
Ўртанар ким, уюлдим,
Қанотсиз-у, хорибми...

Қанотимнинг ўрнидан
Дуо ўсди, ор ўсди...
Кўрингандай дунёнинг
Бироз гина, кам-дўсти.

Отажон, онажоним,
Тушларимда суясиз.
«Болам, тонглар отди» деб,
УйҚотиб ҳам қўясиз.

Ёруғ дунём эдингиз,
Ҳеч ким ғамга ботмасин.
Ожиз банда доғи кўп,
Дунёсин йўқотмасин!..


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЭНАМГА МАКТУБ

Эна, бардаммисиз... аҳволлар қалай?..
Қавми-қариндошнинг соғми бариси...
Мен ҳам яшаяпман — ташвиш бир талай —
қидирдим... афсус... йўқ, «Буйрак дориси».
Ҳануз ёзаяпман...ўзни овута —
қутичадай хона...тўйдим, бас, турма...
Гоҳо тушларимни қилар безовта
Эшагимни босиб қолган бостирма...
Шаҳар кўчалари киборга тўлар —
Қизчалар ўтади гуррос ва гуррос.
Тўхтанг! Мен шоирман — бақиргим келар.
Тўхтанг! Шеър ўқишни севаман холос!

Яна зўр янгилик — буюк ифтихор,
Кенжаси эмишмиз адабиётнинг.
Иқбол бор, танийсиз — Ғулом Мирзо бор,
Тағин Салим Ашур — гули йигитнинг.
Уларга ҳам ҳавас қилмасам бўлар,
Номи довруқлидай...қисқа қўллари.
Фақат шеъри чиқса қувнашиб қолар,
Тамакига етмас ҳатто пуллари.

Тўғри, нафим сира тегмаса керак,
Мени йўқлагувчи ақробо, хешга.
Ҳатто мен ўзимни тополмай ҳалак,
Ёш ҳам ўтиб бўлди йигирма бешга.

Пулсиз киролмади ўқишга укам,
У қайдан биларди бунинг сирини.
ЙиҚлайди: «Ёдловдим дунёни ёққан
Ҳамма зўр шоирнинг ҳамма шеърини».

Начора...шоирни севсайди дунё,
Дунё тушунсайди юрак ҳарбига,
Зулумот ичинда тентиган зиё —
Кузак ачинмасди Рауф Парфига.

Узр...бошингизни оғритдим, эна...
Биласиз, — ёшликдан эзмалигим бор...
Шу феълим панд берар, ёҚилар таъна:
«Бу ҳолда барибир ўсмайди Қўчқор...»
Эна, зўр шеърларим қишлоқда қолди —
ҳар кун юрагимни титдим... изладим.
Пахса деворларнинг ковакларию
Пахсачи отамнинг бармоқ изларин...

Укам ўтга кетар кўзим ўнгида
Кўзим ўнгидадир кемтик дастурхон...
Ўн жоннинг жони бор кетмон қўлида
Инқиллаб лой қорар ғамгин Саратон.

Эна, сўраб қўйинг... мендай шоирдан
Фахрланиб юрган дўстнинг барини...
... Бир куни жонимда олиб бораман
Сизни зориқтирган «Буйрак дори»ни.

Эна, омон бўлинг...йиғламанг, эна,
Тутаблар кетмоқда ўкинчдан ичим.
Ҳали мен тирикман, етади... эна,
Сизга буйрагимни бермоққа кучим...

Хосият РУСТАМОВА

ОНА

О, бахтли бўлишга бўлмаган вақти,
Мудом таъқиб этиб келган қайғу-ғам.
Чўчитиб қўйишдан қўрққандай бахтни —
Ҳамиша шивирлаб гапирар онам.

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ

ЗАМОНА НАҚЛИ

Қасрдай уйимга қойил қолганман,
Бир хонам қизимга, бири ўғлимга.
Меҳмонга зарнигор хона солганман.
Наҳотки шу иқрор келар тилимга:
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?..

Бағри илк қадрдон, илк менинг уйим,
Оқ сутин тотганча завққа ботардим.
Анов майсадек ҳам келмасди бўйим,
Ўзимни эплолмай йиғлаб ётардим.
Кўксига босганча бахт берди у
Ойлаб овунтирди, йиллаб чекди ғам.
Ўстирди, кўринмас тахт берди у
Мен қандайин ўзин унутган одам
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?

Одам бўл деб энг меҳрибон сўз тутди,
Дуо қилиб, қалдирғочдек учирган.
Ўзи емай, ўзи киймай ўқитди,
Йиллар борин наҳот ёддан ўчирган...
Аёз қақшаб чиқса бузилмас ўйим
Ҳар куни истасам райин қайтардим.
Билмайман қайси йил қизимнинг тўйи,
Ўйлайман қаерда, кимни айтарим...

Ёрим бахмал кийса ўсгандай кўнглим,
Боқмайман гуллари сўлғин оламга!
Уч ой бўлибдики, келмади кўргим,
Кўнглимда жой йўқми мушфиқ онамга?

Тунлар партўшакда ётсам хотиржам
У тиккан болишлар бошимни силар!
Нега тушларимга кирмайди онам,
Тушларимни сотиб олган қумрилар...
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?

Сочи оқ атиргул булоқ бошида,
Бир ушоқ жуссаси қўним сўрайди.
Баҳорлари ортда қолган ёшида
Баҳорларга йиғлабгина қарайди.
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?

Уч қизи бекадир ошиёнига,
Кўшклар қурган ўғиллари бек чиқди.
Ўт кетди қай куни дил қўрҚонига,
Унинг қисматига уйи йўқ чиқди.
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?

Кўзимга нил тортган нафси амморам,
Гумроҳманми шунча, мендан шойи йўқ!
Онам тирик ахир, онам-ку олам,
Мулки Сулаймонда мендай бойи йўқ!
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?

Тошларни эритар лаънати қорам,
Ўзимни кул этиб, шаъним тешди ўқ.
Холам, аммам ўтди, ўтмасми онам?
Қандай беғамликка олганман ҳуқуқ...

Лекин банддир хонам, йўқдай ҳеч чорам...
Боқмасам бечора, мунглиқ онамга.
Бир куни устимга қулар кошонам,
Қиёмат соати боқинг ноламга!..
Онамга жой йўқми, онамга жой йўқ?


Ислом ҲАМРО 

ТАЗАРРУ 

Телефон йиғлаб юборади ярим тун, 
Жонимга айланар унинг гўшаги.
Алоқачи синглим, бир кеч урушма,
Алоқачи синглим, тезроқ улагин.

Симнинг у учида онам хастаҳол:
"Болам, омонмисан, соғмисан, — дейди —
Ўғлингни соғиндим, келин яхшими?” 
Онажон, ҳар савол жонимни ейди. 

"Аканг қизли бўлди. Уканг ўғилли...
Кеча куни билан тердик Қўзачўп...”
Она, мен бу ерда шеърлар тўқийман:
"Онангни қабарган бармоқларин ўп!”

Қўшни хотинларнинг сизга ҳаваси — 
Келади, барини биламан, она.
Мақтаниб қўясиз, болам шоир деб,
Кўзёшлар тўкасиз тунлар пинҳона.

Ана, қўшнимизнинг боласи деҳқон,
Ҳар тонг келини сув қуяр қўлига.
Сизнинг келинингиз...
Давралар кўрган,
Фақат, сиз интизор унинг йўлига.

"Она, мен соғиндим сизни жуда ҳам...”
Сўзимдан анқийди ёлғоннинг ҳиди.
Ахир, қанча бўлди эслаганим йўқ,
Ахир, мени манов тош шаҳар еди. 

Шеърларим бариси сохта, тўғилган,
Она, шоир эмас болангиз, рости.
Фақат... курашмоқдан тўймас йиқилган,
Манов тош шаҳарда бор менинг қасдим.

Бу тавба-тазарру...Фақат меники,
Она, онажоним, айтмайман сизга...
Алоқачи сингил, бунча қўполсан,
Алоқачи сингил, фурсат бер бизга.

Алоқачи сингил, жоним сеники,
Юрагим осилиб қолди, симинг — дор.
Ахир, мени тушун ҳеч бўлмаса сен,
Қишлоқи онамдан бошқа кимим бор? 

Она, етмадими симнинг бардоши,
Узилиб кетдими... Бошланди "дут-дут”.
Энди Хатирчидан Тошкентга қадар,
Бир овоз..."Ёлғончи шоирни унут...” 




Зебо МИРЗО

ОНАМГА

Оқ сочлари оппоқ тун унинг,
Умри ҳалол ишққа байроқдир.
Оҳ, юзлари дунёи дуннинг
Гўзалидан чиройлироқдир.
(Бўлолмадим ҳассасичалик),
Отам дардин кўтарган моҳим,
Ушоққина онам кўнглига
Бир ҳовуч нур бергил, илоҳим!
Ўзи потраб чиққан чашмадай
Ёнингиздан оқдим-у, кетдим.
Ўзгаларга дарё тутдим-у,
Оҳ, онам-а, сизни унутдим.
Қалдирғочлар мендан яхшироқ,
Бахт тўкади ҳур қучоғига.
Мен ҳам унинг тирноғиман-у,
Арзимайман, лек тирноғига!
Исмалоқлар бўйини тараб,
Баҳор шошса юрган жойига,
Раббим, мени гул қилиб ярат,
       Ҳеч бўлмаса, унинг пойига!..

ХУРШИДА

ОНАЖОН

Соғинч ҳисси ва мунглиғ
Дилим айтар, Онажон,
Меҳрингиз нури  янглиғ
Хотиримда чароғон —
Орзулар кўкида сайр
Айлаган онларга хайр!..
Қаноат тобеси — дил
Эшик очар, Онажон,
Қалбимнинг энг мусаффо
Туйғуларини қурбон
Этиб, бегоналарга —
Суйиб оввораларга...

Байтул ҳазон кўнглима
Ёғду сочар, Онажон,
Қуёш тафтидан ўтлуғ,
Ғамар сиймосидан пок
Чеҳрангиз, нурмаконим
Кўкси дурларга коним.

Наҳри Норин юзимнинг
Шўрин ювар, Онажон.
Нигоҳингиз ғамимни
Дилдан қувар, Онажон...
Бажармас юрак фарзин,
Уқмас кўникмоқ дарсин
Йўлимга сочар арзин —
Йиқилгайман, Онажон!..
Пойингизга хазондек
Тўкилгайман, Онажон!..

ОНА

Ҳозир васлингизга етсайдим, Она,
Тонггача юракда сабр етмайди...
Борсам, бағрингиздан топгум бошпана,
Аммо бугун келган озор кетмайди...

Асло кўрмагайсиз кўзимда намлар,
Кўзёшга арзимас каломлар майда!..
Тўксам ҳасратларим, кетар-ку ғамлар,
Аммо бугун келган озор кетмайди.

Қадр-қиммат танқис, кўнгиллар хаста,
Бу ёқда лабзи чин жўмардлар қайда?..
Қуёш ҳам боқмасдан кетади аста,
Аммо бугун келган озор кетмайди.

Ҳиссиз юраклардан ишқ топмоқ маҳол,
Дарду оҳанрабо мужассам найди.
Зулмкор гумонлар кетар эҳтимол
Аммо бугун келган озор кетмайди.

Кўнгил хоҳишга қул, хоҳишнинг мулки,
Хиёнатга вафо бекор, бефойда...
Баднафс куфр уйин тарк этар балки,
Аммо бугун келган озор кетмайди...

Онажон, бағрингиз иссиқки бирам,
Сизсиз музлар танам ҳар он, ҳар жойда...
Бир кун кетар мангу ой-у офтоб ҳам,
Аммо бугун келган озор кетмайди!

* * *

Она, Сиздан сўрайман узр,
Корингизга яролмаяпман.
Тинчмисан, деб айлайсиз шукр,
Соғинганда боролмаяпман.

Она, сезиб турсам-да умр,
Омонат бир устунлигини,
Ногоҳ қулаб кетмоққа қодир,
Ва бўлажак ўтинлигини.

Тез-тез Сиздан хабар олмоққа,
Бандман, дея тополмайман вақт.
Сиз бетиним дуоимдасиз,
Тилаб икки фарзандимга бахт.

Оромимни олмоқда дейман,
Танг асабнинг зўриқишлари!?
Йўқ, Онажон, ҳаммаси бекор,
Баҳонадир бу қилмишларим.

Она, мени  кечирманг асло,
Сизни соғинтириб у ёқда,
Минбарлардан Соғинч ҳақида
Шеърлар айтсам минг бир бўёқда!

Баҳоналар кўпдир изласанг
Иш топилар, топилар шуҳрат,
Ғаниматдир онанг, кўзинг оч!
Эртага бой берилар фурсат!

Бобур БОБОМУРОД

ОНАМ ЭДИ

Борида соф тургандим,
Қайғу билмай юргандим.
Мен фаришта кўргандим —
У менинг онам эди.

Рўзғор дея қот ютган,
Боласига жон тутган.
Ўзини ҳам унутган —
У менинг онам эди.

Дард қўлида эриб жим,
Хизмат қилган келса ким.
Билмаган ором, тиним —
У менинг онам эди.

Меҳрда офтоб бўлиб,
Муниса моҳтоб бўлиб.
Сўнг кетган ноёб бўлиб,
У менинг онам эди.

Йўғида бағрим тилдим,
Беармон армон қилдим.
Изин тўтиё билдим —
У менинг онам эди...

Норқобил ЖАЛИЛ

ОНАМГА МАКТУБ
Шунда такрорлайман йиғлаб
исмингни...
Усмон Азим

Она, бу йил яхши келяпти,
Етимтоғни лолалар кўмди.
Кўришмадик — қирқ йил бўляпти,
Хотирамнинг шамоли тинди.

Ҳисор тоғнинг тикка чўққиси,
Яқин келур менга ҳам осмон.
Кезаётир баҳор нафаси,
СоҚиняпман сизни онажон.

Лола тердим тоғлар қўйнидан,
Ўпиб, суйиб бағримга олдим.
Алвон-алвон Соғинчлар билан
Олисларга термулиб қолдим.

Соғ-омонман, олманг хавотир,
Босаяпман сиз босган изни.
Етимтоғдай Соғинчим оғир
Тушда кўриб йиғлайман сизни...



Ҳалима АҲМЕДОВА

ОНАМНИНГ ҚАЛДИРҒОЧЛАРИ

Онам қалдирғочларни яхши кўрарди,
Баҳорнинг уйига шошилиб бораётган
дарахтнинг севгиси билан
Офтобрўяни соғинган чумолилар Соғинчи билан
Ва тонгга талпинган саболар илинжи билан
Уларни суярди... уларни соғинарди...
Ҳали тарновдаги музлар эримай,
Ҳали қуёшнинг бегона уфқларга сафари
тугамай туриб,
Қалбига райҳоннинг уруғини экарди онам.
Худди олисдаги болаларини илҳақ кутаётган 
Онадай,
Ёки бахт кутиб чарчаган бир бебахтнинг 
орзуларидай
Уларни ичикиб-ичикиб кутарди.
Балки дунёдаги энг хушбахт байрам —
Қалдирғочлар қайтган кун 
байрами эди онамнинг.
Баъзида ҳасадим келарди қалдирғочларга,
Улар онамнинг меҳрини ўҚирлаётгандек 
Онамдан аразлаб сўрардим гоҳо:
— Нега қалдирғочларни яхши кўрасиз?
Кўзларини фалакка тикиб:
Улар худонинг севимли қушлари,
Ҳар йил баҳорда
Худонинг кўзидан сув ичиб қайтади, 
дер эди онам.
Онам жуда озода эди,
Қалби нурлардан ҳам кўп тоза эди.
Уйимиз юзига қалдирғочлар сочган хасларни,
Гул тургандай терарди онам.
Бошидан айланиб-айланиб учса,
Уларга жонини берарди онам.

Мен унда билмасдим, онамнинг кўнгли
Қалдирғочлар наслидан эканлигини.
Мен унда билмасдим онамнинг умри
Меҳрнинг фаслидан эканлигини...
Онам пахта саваётганда
қанотларин ёйиб
Учаётган қалдирғочга ўхшаб кетарди,
Онам учиб кетмаса деб жуда қўрқардим.
Бир тун учиб кетди онам, ҳеч кимга айтмай.
Ўшанда бизлардан кўпроқ
қалдирғочлар йиғлади.
Силкиниб-силкиниб ҳам оғочлар йиғлади.
Энди ҳар йил баҳорда, худонинг кўзидан сув ичиб,
Қайтган онам қушларидан
Мен ғариб сўрайман,
Сарғайиб сўрайман:
Сиз онамни кўрмадингизми?!

МУНАВВАРА

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2641 | Рейтинг: 1.0/1