Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Пятница, 03.05.2024

Она (11)
ДИЙДОР

Ҳов тоғнинг ортида маконим,
Тоғ бўлди армоним, армоним,
Икки ўт ичида битта жон,
Сизга етолмаяпман, онажон!

Юракка яшириб аламни,
Кўксимга жойладим боламни.
Кўз юзсам узилур қирқта жон,
Ташлаб кетолмаяпман, онажон!

Палахмон тошидай отилдим,
Қисматга тортилдим, сотилдим,
Йўллари узун-ей, бу довон,
Хатлаб ўтолмаяпман, онажон.

Ҳар баҳор ёд этиб маконин,
Ин солган қушчалик бўлмадим.
Қалдирғоч бошингда андармон,
Оҳ, мен қайтолмаяпман онажон!

Қароғим, тоғларга тенг онам,
Паноҳи дунёдек кенг онам,
Суйдингиз мунаввар нур дебон
Тонгдай отолмаяпман онажон...

ОНАМГА

Офтоб онам, моҳтоб онам,
Ҳар бир сўзи мактаб онам.
Юракдан сўз кўчганда ҳам
Айтолмасдан қийналаман.

Ўнгим онам, сўлим болам,
Бир ёнда зор бўзлар қалам.
Ташна дийдорда бор алам
Кетолмасдан қийналаман.

Йиғлагай кўнгил сағир,
Оламда кўп ярим баҚир.
Ахтариб тошдан сабр
Тополмасдан қийналаман.

Йўлларим тўсса довон,
Ўртада озурда жон
Ранг-рўйим бўлгай сомон,
Ўтолмасдан қийналаман.

Жон онам, жоним онам,
Кўкси райҳоним онам.
Сабримдан унди чечак,
Тутолмасдан қийналаман.


СИЗДАН КЕЙИН...

Сиздан кейин қандай яшайман, Она,
Юрагим ўрнидан қўзғолса керак.
Ҳар кун дийдорингиз кўролмасам ҳам,
Боризга қувониб, бўйларим терак.

Сиздан кейин қандай яшайман, Она,
Юрагим титилиб тўзҚиса керак.
Райҳон исингизга тўёлмасам ҳам,
Ташна нигоҳингиз, мен учун тилак.

Сиздан кейин қандоғ яшашим тайин,
Қалбим тўғонлари нураса керак.
Чирқираб, бўзлаган дилни аллалаб,
Жаннатлар ҳақида айтаман эртак.

Сиздан кейин шундай яшайман, Она.


Гўзал БЕГИМ

Онам Зулфира Минниҳали қизига

Онам пайпоқ тўқир
ип солланар киприкларимда
дарахт яшиллиги
ҳаккалаб борар
кўчманчи рангларни ортқилаб
чимрилади симлар
ичкин бўёқлар

онам қўлқоп тўқир
иккиланар ҳаво пуфлагич
дарёлар сув қўлин узатар
денгизлар тутади бармоқларини
аччиқ
тахир
ҳарир тўлқинлар

онам кўйлак тўқир
изтироби
симйўргакда табассум тасвир
абадият
япроқ шитири
пастак кулбаларда кўкланар
тўғилаётган гуллар парвози

Ойгул СУЮНДИҚОВА 

* * *

Она қалби айланади ёш гўдакка шод-хуррам,
Шу гўдакдай оқ қўшиқлар куйлаб қолар бу дунё.
Она қалби айланади ям-яшил япроқларга,
Япроқлардай эзгу ўйлар ўйлаб қолар бу бунё.

Она қалби айланади оқаётган дарёга,
Шу дарёдай жўшқин-жўшқин ҳис билан тошар дунё.
Она қалби айланади кулиб боққан қуёшга,
Шу қуёшнинг қудратига ишониб яшар дунё.


Амирқул КАРИМ 

ОНАМ СУРАТИГА ЧИЗГИ

Сендан хокисорроқ
зотни кўрмадим,
Нечун уйламайсан
ўзингни бир дам?
— «Едим, танимга сингмади,
Кийдим, устимда турмади.
Бу дунёга келиб менинг
Топганим сизлар, болам»...



ОНАЖОН

Хаёл суриб келдим кўчадан,
Хаёл билан кирдим хонамга.
О, бу хаёл жуда ўхшарди
Қишлоқдаги мунис онамга!

Неча кунки мен билан бирга,
Шу хаёлни қучар хонадон.
Соғинчларим сенинг расмингни
Хаёлимга чизар, онажон!

Икром ИСКАНДАР

ОНАМНИНГ АЛЛАСИ

Алла бўлди тилагим,
Алла болам, алла-ё,
Уйғоқ бўлсин юрагин,
Ухла болам, алла-ё.
Суянчиғим, тоғим-эй.
Суюнчим, ардоғим-эй,
Уйғоқ қалбни соғин-эй,
Алла, болам, алла-ё,
Айланайин адига,
Сувлар келтир кадига,
Меҳр солгин қатига,
Алла, болам, алла-ё.
Кади бови узилсин,
Куёв бўлиб сузилсин.
Юртнинг холини билсин, 
Алла, болам, алла-ё.
Икромжоним, қайдамиш,
Онаси дард, ўйдамиш,
Ўйинбола тўйдамиш,
Алла, болам, алла-ё.
Икромжоним бир киши
Халқим деса бил киши —
Халқнинг олди шул киши,
Алла, болам, алла-ё.
Сен йиҚласанг, қайтади
Онанг алла айтади,
Унга ором қайдади,
Алла, болам, алла-ё.
Алла бўлди тилагим,
Алла, болам, алла-ё,
Уйғоқ бўлсин тилагин,
Ухла, болам, алла-ё.

Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи 

ОНАЖОН

ЭНДИ ЙЎҚСИЗ

Барг бандидан бўлгандай халос,
Жонимни ҳам олгин деб бехос,
Онажоним қилсалар ихлос
Афсус, огоҳ бўла билмадим...

Намозшомгул руҳимга ҳамдам,
Хомушлиги дардимга малҳам,
То тонг қадар яноқларим нам
Оймомога ета билмадим...

Соғинчнинг тонг кўчалари тор,
Унинг ҳам қиш, баҳорлари бор,
Гар ўзимда эрк-у, ихтиёр,
Нетай, кечиб кета билмадим...


Кимдир тўхтар, тўхтамас ҳаёт,
Ўз-ўзидан ортмас бирор зот.
Қушлар бермас қарзга қанот,
Соғинганда уча билмадим...

Энди йўқсиз зорларим бекор,
Энди ортга қайтмассиз зинҳор,
Қиёматга қолди-ку дийдор,
Сўнг дамда бир қуча билмадим.

Онажоним, онажонгинам...

ОНАМ УЧУН ҲАЖ...

Дунё сири Ўзингга аён,
Билмам ким жон, ким турур жонон?
Энтикади жонимда бир жон:
Бўсағангга бошимни қўйиб,
Онам учун йиғласам тўйиб.

Арофатда турганлар ҳаққи,
«Зам-зам»ингга тўйганлар ҳаққи.
Туя-ю, қўй сўйганлар ҳаққи,
Тавофингда оқ тўнлар кийиб,
Онам учун йиғласам тўйиб.

Биби Робия мардони Худо,
Жонин ишққа айламиш фидо,
Ич-ичимда қайнар бир садо:
Остоннангга бошимни қўйиб,
Онам учун йиғласам тўйиб.

Сен истасанг кифоя бир «бўл!»,
Узаяди дарҳол қисқа қўл,
Ёронлар ҳам тилашиб оқ йўл,
Омонатин пойингга қўйиб,
Онам учун йиғлардим тўйиб...

Ғайрат МАЖИД

ДУОСИН ОЛ ОНАЖОНИНГНИ

Асрор акага

Биров шайдосидир обрў, шонингни,
Бироб билмай қолса, олса молингни,
Сен бошқа миннатсиз меҳр топмассан,
Дуосин олиб қол онажонингни.

Ҳар сўзи минг йиллик дардингга дармон,
Неки истаги бор, англагил — фармон.
Билсанг, шу кимгадир аламли армон,
Дуосин олиб қол онажонингни.

Дунёнинг биз билмас асрори бисёр,
Дўстингман деб юрган аҚёри бисёр,
Садоғат билмаган дилдори бисёр,
Дуосин олиб қол онажонингни.

Беш кунлик дунёда ҳаммамиз меҳмон,
Гоҳо бир ширин сўз зўр лутфу эҳсон,
Тилагинг ижобат бўлгайдир осон,
Дуосин олиб қол онажонингни.

Тилинг бўшамасин ҳамду санодан,
Бир хабар етмишлар Ҳақ Мустафодан,
Жаннат истар бўлсанг Қодир Худодан,
Дуосин олиб қол онажонингни.

Ашурали БОЙМУРОД

ОНАЛАР

Сизни она дея атагим келар
Ўтса ҳам неча йил, ою саналар,
Менинг онам дея мақтагим келар,
Онамнинг ёнида бўлган оналар.

Бирингиз дугона, бирингиз сингил,
Букун кайвонисиз амма, холалар,
Сизни кўрмоқ истаб соғинар кўнгил,
Онамнинг ёнида бўлган оналар.

Она ҳиди бордир асли холада,
Олис фироқнику юрак тан олар,
Меҳр уйҚотдингиз сиз ҳар болада,
Онамнинг ёнида бўлган оналар.

Онасиз гўшага келинлар тушди,
Хотин-халаж билан тўлди хоналар,
Сизнинг ташрифингиз дилимни қучди,
Онамнинг ёнида бўлган оналар.

Соғинган чоғимда келаман Сизга,
Ортимда қолади минг бир нолалар.
Онамдек меҳрибон, дилдорсиз бизга,
Онамнинг ёнида бўлган оналар.

ҲУМОЮН

БОЛАЛИКНИНГ ТУГАШИ

I

Эртакларнинг бағрига қайтдим,
Борса келар, келмас йўлларга.
Соғинчимни тошларга айтдим,
Қўрғошин тоғ, тақир чўлларга.

Бармоғимни кесдим, туз сепдим,
Бедор бўлдим, чекинди уйқу.
Шундагина англадим, етдим,
Минг иккинчи кеча эди бу.

Аждарҳо ҳам, уйқу ҳам келмас,
Тонг оқармас, туссиз фалаклар.
Мени ҳеч ким юпата олмас,
Қолмаганди... янги эртаклар...

II

Ўтиб борар дунёни кўрдим,
Юрагимни ўртади алам,
Беҳол-беҳол қўлларин ўпдим,
Онам қариб қолмишлар, онам.

Мен боладай беғам, беташвиш,
Интилганим — она даргоҳи,
Бошим узра мудом ёзилмиш,
Битта паноҳ — она паноҳи.

Осмон боқдим, бағрим тиғладим,
Мадад тилаб, етмай бардошим.
Ва тун бўйи бедор йиғладим,
Саҳар билан оқарди бошим.

ДУО

Ният дилда пинҳон, аён-ноаён
Ўзгариб ҳам қолар баъзида аммо,
Тошга ўйилгандай тилларда ҳамон
Минг асрки сўзи ўзгармас дуо.

Оллоҳнинг муҳридай сидқидил дуо,
Эзгу тилакларни этиб мужассам,
Қўлларин очаркан бобо ё момо,
Омин қилар экан фаришталар ҳам.

Қалбингга ишончнинг уруғин сочар,
Руҳнинг мададкори, йўлнинг равоси,
Барчасидан аъло йўлларинг очар
Она дуосидир, она дуоси.

БОЛАЛИК ТАСВИРИ

Эсласам, райҳоннинг бўйлари келар,
Атрин сочар қизил, оқ атиргуллар,
Теракзор шовуллар, саболар елар
Ариқча лиммо-лим, нурли жимирлар.

Девор ҳам йўқ эди қўшнилар томон
Интизор дарвоза очиқ доимо,
Кечалари ойдин, чарақлар осмон,
Дунёлардан ҳам кенг эди бу маъво.

Эсласам, дилимда самовий ором,
Тароватли эди сеҳрли бу дам.
Кўз ташлаб қўяркан дарвоза томон
Ўчоқнинг бошида куйинар онам.
Онам қариб қолмишлар, онам...

Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА

ЭЪТИРОФ

(Ғуломжон ўғлимни ўз туққани каби ардоғлаган 
бағридарё инсон, тутинган онам Банойхонимнинг 
азиз хотирасига)

Уйингизда бир ёстиққа
юзларимни босиб ётдим,
Уйингизда бир ёстиққа
бўзларимни босиб ётдим.
Сирдарёнинг тонглари ҳеч
отмай кетди,
Соғинчимни соғиб-соғиб,
дарпардага осиб ётдим.

Уйингизда бир пиёла
лабларимдан ўпиб қолди,
Бир чойнакнинг балдоғида
бармоғимнинг изи қолди.
Сирдарёнинг тонготари
шаффоф экан,
Тошойнангиз нигоҳимдан
ниманидир уқиб қолди.

Бир сочиқнинг чеккасига
дилим доди қолди сингиб,
Бир эшикнинг тутқичида
оҳ уйғонди, кафтим тегиб.
Кам-кам экан Сирдарёга
сочилган туз-насибамиз,
Ҳовлингизда бир тўп райҳон
зор қолдилар бошин эгиб.

Сирдарёда бир остона
йиғлаб қолди изларимдан,
Ҳатлай десам ҳаддим сиғмас,
мажол кетди тизларимдан.
«Шугинамнинг фарзандига
тўзим бергин...» —
Бир муштипар юрагини
ушлаб қолди изларимдан.

Сирдарёнинг осмонида
юлдузчалар ғужғон ўйнар,
Кипригимнинг айвонида
кўз ёшларим чавгон ўйнар.
Сирдарёнинг йўлларида...
БАХТ шаҳри бор!..
Бунда қолмай кетган қизни
бир умрга армон қийнар...

Хайрулла НУРИДДИНОВ

ОНАИЗОР

Йиллар етаклашиб ўтаверади,
Ишларим кўпайиб борар чунонам.
Тунлар мижжа қоқмай кутаверади
Не-не хаёлларга бормаган онам.

Баъзан сим қоқади: «Ёпгандир патир,
Уйга неччиларда қайтасан, болам?»
Доимий жавобим: «Ишдаман, ахир!»
Зардамга зардалаб юрмаган онам.

Кўчада ҳамманинг кўнглини овлаб,
Ярим тун уйимга қайтадирман ҳам.
Кутиб олар қора қозонин кавлаб
Кексалик гаштини сурмаган онам.

Тонгда отланарман олис юртларга,
«Шуларни йўлингга олиб кет, болам!»
Киссамни тўлдирар майиз, қуртларга,
Тошкандан нарёҚин кўрмаган онам.

АХТАМҚУЛИ

ОНАМНИ СОҒИНДИМ...

Тунлари ой билан диллашган,
Тупроққа куйиниб сирлашган,
Бир умр ўт билан тиллашган,
Онамни соғиндим, онамни...

Қийшайган тандири қорайди,
Дунё кўз олдимда торайди,
Пандлари коримга ярайди,
Онамни соғиндим, онамни...

Тоғларим кўз тикар йўлимга,
Қаламим толгандек қўлимда.
Байтларим бўй бермас ўлимга,
Онамни соғиндим, онамни...

Армоним тизилиб кетади,
Гоҳ кўнглим бузилиб кетади,
Хаёлим тўзилиб кетади,
Онамни соғиндим, онамни...

Ўтади ҳориққан кунларим,
Қуёшни йиқитган тунларим,
Оламни титратар унларим,
Онамни соғиндим, онамни...

Умримни қиймалаб карвонлар,
Ташийди зафарон ҳижронлар,
Боши хам гуноҳкор «полвон»лар,
Онамни соғиндим, онамни...

Хиёнат эшигин ёпганман,
Тўрт қатор мужмал шеър топганман,
Қалбимни ҳовучлаб чопганман,
Онамни соғиндим, онамни...

Титилсин битмаган китобим,
Ўаётдан топмаган жавобим,
Ўлимдан оғирроқ азобим,
Онамни соғиндим, онамни...

ТОНГ ОҚАРДИ ОЁҒИМГА БОШИН УРИБ

Дунё, сендан нима топдим юриб-юриб?
Тонг оқарди оёғимга бошин уриб.
Кўзларимнинг дарёлари кетди қуриб,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Ичи адо бўлиб қолган бир чинорман,
Тан тупроқдан ташқарида, демак борман.
Шоҳ Машрабнинг хуржунига харидорман,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Минг эшикка судраб борар танамни жон,
Барчасига гувоҳ бўлди ул Меҳрибон.
Қалбим оғиб бораяпти сизга томон,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Оқ булутдек тўзилади борган сари,
Қисматимнинг битилмаган дафтарлари.
Бу ҳолатни сезмаганман мен илгари,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Етим қўзи, қанча боқсанг тўймас экан,
Етим бола, боққанга дўст бўлмас экан.
Кўз ёшингиз тинчлигимни бермас экан,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Ташвишларга кўмилибди сингилларим,
Акам, укам, менинг синган кўнгилларим.
Телефонлар гуноҳкордек туришар жим,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Пешонамдан ювади шўр келинингиз,
Сиз мақтаган оқкўнгил, зўр келинингиз.
Мен нодонни топди бу «кўр» келинингиз,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Алам қилар қишлоғимга борганимда,
Юрагимни кулбангизга ёрганимда.
Отам билан тунлар ҳижрон қорганимда,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!

Қувонгансиз ёруғликка келган куним,
Қалбингизни бир бўлаги бўлган куним.
Сиз ранжиманг сира ғамга тўлган куним,
Она, сизни  бир соғиндим, Она, сизни!

Кечиргайсиз, бу гуноҳкор қулингизни,
Ахтам, «қули» бўлган ношуд улингизни.
Қабрингизни қучдим топмай дилингизни,
Она, сизни бир соғиндим, Она, сизни!


МАЙСАЛАРДАН ОРТДА ҚОЛГАНМАН

Мен ким бўлдим дунёда, она,
Бу майсалар устимдан кулди.
Мендан олдин мозорингизга
Бориб сизни зиёрат қилди.

Тушунмай бу дунё ишларин,
Орқасидан қувиб толганман.
Балки ўша сабаб онажон,
Майсалардан ортда қолганман.

Қабристонда қизғалдоғларнинг
Қанчалар қон бўлганин кўрдим.
Табиатнинг танбеҳларидан,
Қаршингизда хижолат бўлдим.

Тупроқ каби беозор онам,
Энди сизни қайдан топаман.
Кўнлим каби ҳувиллаб ётган,
Далаларга қараб чопаман.

Топдим барча йўқотганларим,
Ҳамроҳ бўлди менга шуҳрат-шон.
Аммо сизни қанча изласам,
Тополмайман энди, онажон.

Мен ким бўлдим дунёда, она,
Бу майсалар устимдан кулди.
Мендан олдин мозорингизга,
Ўзларини пояндоз қилди.

Сулаймон ШОДИЕВ

* * *
Бу ҳаёт бўстон эса бир боҚбони онадир,
Мушфиқу ҳам жонфидо ҳам меҳрибони онадир,
Сўзлари болу шакар, тўтизабон онадир,
Ҳар вужуд борки, анинг пайванди жони онадир,
Ҳам азалдан то абад шоҳи жаҳони онадир.

Ул бани одам аноси, бул ҳаёт сарчашмаси,
Чун аёқ қўйса изи дорулбақонинг равзаси,
Соҳиби сабру қаноат ҳам вафонинг лаҳжаси,
Тун маҳитобон эса, кундуз қуёшнинг ламъаси,
Бошида жумла башарнинг соябони онадир.

Ҳам валийлардан валийроқ, ҳам набийлардан набий,
Гарчи гултожи ҳаёт, хизматда юргай қул каби,
Ташвишу заҳмат — риёзатда ўтар рўзу шаби,
Гул мисоли инжаю залвори тоғлардан қавий,
Меҳри ҳар дам ошикор, дарди ниҳони онадир.

Бир қаранг бу чеҳраларга, ой каби ҳур чеҳралар,
Ҳар ёноқ бир лолаю гул-гул ёнар гулчеҳралар,
Жон суви бирла аларга ким беродур баҳралар?
Ким буни идрок ила фаҳмига бир етса агар,
Ул дегайки, хонашин, ранги самони онадир.

Ким анинг қадрига етса-етмаса — ул ложарам,
Бунчалар чарх урмагайдир шамъ уза парвона ҳам.
«Жон», десанг жонин берур мингдан бири қолганда ҳам,  
Бул малойик суврату ҳам анбиёдек муҳтарам,
Қатрадек шафқатга зору нотанови онадир.

Эй, кўнгил севсанг агар сен аввало онангни сев,
Истасанг даф бўлмагин кулли бало, онангни сев,
Пойига жонни нисор этмоқ раво, онангни сев,
Сўнг сени бандам дегайдир раббано, онангни сев,
Ҳар кўнгилнинг Каъбаси, қибла томони онадир.

Мен анонинг хизматин не қатлаъ қилдим, билмадим,
Гоҳида шод бўлдиму гоҳ ўксуниб қон йиғладим,
Беканор дунёсига гоҳ сиғдиму, гоҳ сиғмадим,
Энди дейман, не сабаб ғафлат уйидин чиқмадим,
Олами ғофил аро бедор замони онадир.

Эй Сулаймон, даҳри дун бошдин оёқ тор бўлса ҳам,
Қисматинг қаттол каби ҳаддин жафокор бўлса ҳам,
Дўсту ёр таъна маломатлар қилиб юз бурса ҳам,
То қиёматга қадар бошинг уза дор турса ҳам
Она де, онам дегин, жаннат макони онадир.

Ойгул УБАЙДУЛЛА қизи

ОНАМГА

Соғинчимга Ватан бўлади
Жисмингизни қучган шу тупроқ.
Кўзларимга ўтдай босилар
Шу қабристон, қадрдон қишлоқ.
Бу тупроқмас, аслида, Сизсиз,
Кўксингизга бошим қўяман.
Узолмаган қарзим-чун, Она,
Ўз бағримни ўзим ўяман.
Ярамадим корингизга ҳеч,
Кўнглингизни тўлдиролмадим.
Бош кўтарган ният, хоҳишни
Она, нетай, ўлдиролмадим.
Бошлаб кетди кўнглум қўлидан
Тутиб ният шаҳарга томон.
Топиларми фарзандлар ичра
Бу дунёда мендан-да ёмон.
Кеча эди...
Борганимда соғиниб Сизни
Йўлга қараб турган бўласиз.
Таниб қолиб мен — ёмонни
Севинасиз, елдек еласиз.
Тугамайди савол-сўроқлар,
Уйқу кўздан нари елади.
Соддагина сўзларингиздан
Завқим келар, кулгим келади.
Тонг оқарар. «Кетишим керак,
Кутиб турар иш, ташвиш, Она».
Қолгин демай икки-уч кунга,
«Майли боргин», дейсиз Сиз яна.
Ичга ютиб кўзёшингизни
Термуласиз ортимдан узоқ.
Менинг катта шоиралигим
Сабрингизга қўяди тузоқ.
Овунтириб яшайсиз ўзни,
Ғамингизга тошлар отасиз.
Журналларда суратим чиқса,
Ёнингизга қўйиб ётасиз.
«Қизим шоира», дейсиз энтикиб.
Ҳамсояга кўрсатиб шеърим.
Кўз тегмасин, дея гоҳида,
Бировлардан қиласиз ирим.
Ичга ютиб сабр, бардошни,
Йиғламайсиз, мактуб кутасиз.
Гар сўзларим келса сўроқлаб,
Кўзтумордай асраб тутасиз.
Бугун эса... Соғиниб келсам,
Ўрнингизда дарча кутади.
Сизсиз Она, Сизсиз Онажон,
Ҳар гал мени ҳовли ютади.
Мен бошлаб кетади шунда
Оёқларим қабристон томон.
Кўзёшини ичга ютолмас
Битта ёмон, биргина ёмон.
Мунғайган қабр қабрмас, асли —
Соғинчлардан адо бўлган Сиз.
Кута-кута бир бағритошин
Соғинчлардан адо бўлгансиз.
Соғинчимга Ватан бўлади
Танингизни қучган шу тупроқ.
Кўзларимга ўтдай босилар
Шу қабристон, қадрдон қишлоқ.

Шамсиддин САДОИЙ

ОНАИЗОР

Ойдин тонглар саболардан сўрорим шу,
Фариштали самолардан сўрорим шу,
Қўлим очиб Оллоҳимдан сўрорим шу,
Айрилса ҳам давлатдан, қўлда боридан,
Айрилмасин ҳеч ким онаизоридан!

Она қуёш, парвонага айлан ўҚлон,
Мингта жонинг бўлса унга боҚлан ўҚлон,
Уйқунгда ҳам хизматига шайлан ўҚлон,
Айрилса ҳам вафосиз дўсти, ёридан,
Айрилмасинг ҳеч ким  онаизоридан!

Дўсти улфат — давлатингда меҳмон бўлар,
Ёмон кунда туман каби тарқаб кетар,
Ёр ҳам қолар, онанг ўзин қалқон этар,
Айрилса ҳам қўлда сайраган торидан,
Айрилмасин ҳеч ким онаизоридан!

Дунёда энг буюк сўз ҳам ўша бўлгай,
Она сўзи ватан бирла иншо бўлгай,
Эй Садоий, онаси бор пошшо бўлгай,
Айрилса ҳам қўрғон, қасру гулзоридан,
Айрилмасин ҳеч ким онаизоридан!



ОНА ДУОСИДАН

Ким ҳажр ва ғамда қолса узоқда,
Ким мусофир юртда тушса тузоққа.
Кимлар қолса маломатли азобда,
Она дуосидан айрилса бўлмас!

Бешикдан то қабр қалқонинг ҳар вақт,
Имонинг посбони, тахтинг қўш давлат,
Она бор ҳовли бу илоҳий жаннат,
Она дуосидан айрилса бўлмас!

Бахтингни сўрайди тунлар худодан,
Оқ йўл тилаб қолар ёруғ дунёдан,
Шикаст топмагайсан ҳаргиз балодан,
Она дуосидан айрилса бўлмас!

Бу ёлғон дунёдан қолса ҳам кўнглинг,
Куйган парвонадай сўнса ҳам умринг,
Садоий сиротдан ўтса ҳам йўлинг,
Она дуосидан айрилса бўлмас!..

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоғ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим,
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй,
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам...




Гулжамол АСҚАРОВА

ОНАМ БИЛАН КЎЗИМ СУЎБАТИ

— Бошимдан қор эримади, онажон!
— Куйма, сенга қуёш бераман, болам!
— Кўзимдан ёш аримади, онажон!
— Сен чидайсан, бардош бераман, болам!
— Она, менинг оёғимдан чалдилар.
— Дунёси — шу менам қуяман, болам!
— Нима қилай, юрагимда қасос бор?
— Мен Тангримга айтиб бераман, болам!
— Бу бўҳтонлар ичра қандоғ яшайман?
— Сен шоирсан, сени биламан болам!
— Она, ёмон санчияпти юрагим...
— Йўқ-йўқ...
Энди нима қиламан, болам!!!

МУСАЛЛАМБОНУ

СОҒИНЧ

Онам Ҳимоятой Очилхон ҳожи
қизи шаънига чексиз эҳтиром ила

Кўзимга инмоқда кенгликлар,
Инмоқда Ургутнинг тоғлари.
Нимтатир самонинг хаёли
Кўнглимда илиқлик уйғотар.

Илиқлик шу қадар ёқимли,
Эслатар онамнинг бағрини.
Ёйилиб кетмоқда Соғинчим,
Дийдорнинг йўллари узаяр.



* * *

Соғинчга айланиб қолган дунё,
Кўксимда йиғлаётган армон,
Мен етолмаган Ўаж — онам.

Фаррух ҲАМРОЕВ

ОНА

Оғочлар гуллаган оқшомда,
Онамнинг сочлари оқарди.
Армон сўқмоқларин ёритиб,
Осмонда тўлин ой балқарди.

Мусофир кўнглимни овутиб,
Майсанинг бағрига бош қўйдим.
Япроқни ёпиниб тун бўйи,
Кўксимдаги Соғинчни кўмдим.

Бедор, бемор, бечора онам,
Тоқат туморини тақади.
Мунг яширин нурсиз кўз ила,
Тупроқ йўлга аста боқади.

Болалигим ботган кўчадан,
Мурғак изларимни излайман.
Онам томон югураётган,
Масъум лаҳзаларни эслайман.

Йиллар мени итқитди, Она,
Тош йўлларга урилди бошим.
Гуноҳларга чўмилаётир,
Йилдан-йилга улғайган ёшим.

Шойим ШЕРНАЗАР

ОНА МЕҲРИ

Оналар меҳрининг йўқдир қиёси,
Қуёшнинг тафти ҳам бу ўлчовда кам.
Баҳолаб бўлмайди, йўқдир баҳоси,
Оналар улуғдир, онам мукаррам.

Бу ўтли меҳрнинг ошёни бешик,
Алпомиш, Гўрўғли бунда улғайди.
Дунё тамаддуни очганда эшик,
Унинг алласидан борлиқ гуллайди.

«Онажон» деганда Абдулла Ориф,
Қайси бефарқ қалбни босмайди титроқ.
Айтаман овозим баралла олиб,
Мушфиқ онам азизлардан азизроқ.

Она бор тиргагдир, она бор қўрғон,
Уммон қадар меҳри - ҳаёт риштаси.
Фарзанд учун унинг минг жони қалқон,
Оналар бор уйнинг бор фариштаси.

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2745 | Рейтинг: 1.0/1