Она (5)
ОНАМГА Юлдузли осмонни кўрпача мисол, Пойингга ташлагум, истасанг агар. Қанчалик олисда бўлмасин ҳилол, Бир болиш айлагум истасанг агар. О, фақат, онажон, нурсиз кўзингга Юлдузлар нурини қандай бахш этгай? Йиллар букиб қўйган ҳилол қаддингни Ростлаш мушкул экан, онажон, нетай? Абдулҳай НОСИРОВ * * * Онажоним кўзларингни мен нигорон этдиму, Онажоним ўйларингни мен паришон этдиму. Кўксинг узра бошим қўйиб, меҳринг эмиб қонганда, Дардинг бўлиб қон дардларим бағрингни қон этдиму. Пешонамни силаган ул қўлларингму жонларинг, Жонларингни жонларимда азми осмон этдиму. Узун тунлар йиғлаб энди Қуборингни изласам, Ғуборларинг юзларимга ёруғ жаҳон этдиму. Армонларим Соғинчлари парвонадай ўт олса, Гулхан бўлиб жоним тағин таслими жон этдиму. Онажоним, Абдулҳайнинг кўксидаги доғми, ўт, Жаннат дея пойларингда бошин омон этдиму. * * * Она бугун саҳар туриб Ёниб кетди юрагим: — Тушларимда бувим келиб Қушларимни сўради... Болишимга юзин босиб, Титраб, тутиб қўлимни Набирангиз йиғлар ўксиб: — Топиб беринг бувимни... Қушларимни олиб чиқсам Қафасидан ажратиб Қуёш бўлиб кетибдилар Кўксиларин қонатиб... Она бугун саҳар туриб Ўтдай ёқиб дилимни Набирангиз оҳ уради: — Топиб беринг бувимни... Кўксингиз-ку оташ эди, Ловуллаган аланга Чўғларини бизга бериб Қуёш бўлиб баландда... Уфқлардан боқаркансиз Уфқларни ёритиб, Умидларда балқаркансиз Қўшиқларни ёр этиб — Қараб бўлмас, ахир, кунга Хаста, беҳол, дармонсиз. Жоним, шоним, дил фиғоним, Онажоним, армон — Сиз! Турсуной СОДИҚОВА * * * Борсам онам: «Жонимга жон қўшгани Турсунжоним келибди», — деб яйрарди. Мен эсам-чи, ташиб қўша-қўш ғамни, Нуқул болам ташвишида сайрардим, Жонингизга жон бўлмадим, онам-а! Дер эдингиз: «Чўнглар ичра чўнгимсан, Турсунхон, деб атанг менинг боламни!» Салтанатим бугун синди чўп мисол, Султонлиғим етимликка таланди, Сиздан кейин хон бўлмадим, онам-а! Тевараги тўкис болам, бой болам, Турсунбойим, дея алқаб ўтдингиз. Минг бир камим теграмда чарх урса ҳам, Юрагимда тоғлар бино этдингиз, Сиздан кейин бой бўлмадим, онам-а! Истарангни нурдан қилди худойим, Турсунойим, ой боламсан, дедингиз. Ул тўкислик бугун қани, ойимим, Нур узатгич қуёшим сиз эдингиз, Сиздан кейин ой бўлмадим, онам-а! Сиздан кейин ой бўлмадим, бой бўлмадим, хон бўлмадим, ҳаргиз бутун жон бўлмадим, Онамў-ў-ў-ўв, онам-а... * * * Онажоним кетди-ю, қолди етим дил ўртада, Онажонимсиз сағир ўтди талай йил ўртади. Ҳар баҳордан изладим, ҳар бир кузакка бўзладим, Сизсизин ҳолсизланиб, бўлди кўнгил қил ўртада. Осмонга етди-ку армонларимнинг оҳлари, Силкинар тавбам юкидин бул замин зил ўртада, Кўз ёшим Нил ўртада, синдим-ку чил-чил ўртада. Ўолатим айтур «онамлаб» бўзлаган тил ўртада. Яхшиям ҳақ ёр эрур, ки тўлдирар кўксимга нур, Кунда қаддимни тутар бардош деган фил ўртада. Яхшиям ҳақ бор эрур, ҳар кун дилимни гуллатур Ўлгани қўймас мени фарзанд деган гул ўртада. Гоҳи кўкка чоғланиб, гоҳ заминга боғланиб, Турсуной исми билан сўзона булбул ўртада. Турсунбой АДАШБОЕВ ОНАМНИНГ СЎНГГИ ИЛТИМОСЛАРИ — Сўзларимни қулоғингга Илиб олгин ахир сан. Шаҳар олис, эшитмайсан, Ўнғор тоғдан чақирсам. Эҳтиёт бўл, шаънингга Гард-у ғубор индирма. Кўрар кўзим, укангни Ёлғизлигин билдирма. Берсин сенга боболарнинг Бардошини, сабрини. Қилиб тургин зиёрат Ўғлим, отанг қабрини. Тегирмоннинг тошидек Йил айланар ўртадан. Мендан кейин қишлоққа Келмайсан, деб қўрғаман... Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА ДОРИЛОМОН КУНЛАР КЕЛДИ... Онагинам! Дориломон кунлар келди, шафақлари ол, Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор, Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». Сўлғин-сўлғин лабларингдан учаркан шу сўз, Отагинам хзаёлимда ростлай бошлар қад. Дориламон кунларга қайт, онам, юмиб кўз Ўксик дилда бошланмасин десанг қиёмат. Бу табаит суюмлидир ҳам кўзлари кўр, Гоҳ шаробдан, гоҳ оғудан қилар бизни маст. Белгинангга тирак бўлай, онажоним, тур, Дориламон қуёшга боқ, унга қасдма-қасд. Юзинг ардоғли қуёшдай иссиқ ва маҳваш Кўзларингда умид ёнар тикилган они. Қорли кунлар билан кетсин дилингдаги ғаш, Қизғиш, лола ранг қоплайдир бу кун дунёни. Бу дунёнинг қир-дарасин хосияти мўл, Ерни яланг оёқ боссанг яйрайди танинг. Яшамоқ — бир тансиқ таом, унга урсанг қўл, Борган сари очиладир иштаҳанг санинг. Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжликдир. Ўғлонларинг келар ана, очишиб қучоқ, Ўғлонларинг мева қадар бир ширинликдир. Онагинам! Ўзинг тортма давралардан, эл чорлаганда, «Тирикликнинг байрами», деб созлаганда тор. Ўзинг сўлғин лаблар билан пичирлагандай: «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». ОНАЛАР ҲАҚИДА ... Энажон, учайми Сизга худди ўқ, Энажон, йўл қараб кўзларим толди. — Гўдагим, шаҳарга боролмайман, йўқ, — Тоғангнинг хотини қўзилаб қолди. ...Ўғлиму, онамнинг ёзган хатларин Ногоҳ ўқиб қолиб ёндим, қизардим. Бу бизнинг айбимиз — турган қатланиб, Бу менинг ҳеч кимга айтмаган дардим. Умр-ку ўтди, босиб уруш деган тоғ, Ҳануз ўртар бевақт ҳижрон солган из. Нечун шу кексалик чоғлари ҳатто, Унга беташвиш бахт беролмаймиз биз. Сўзда-ку юксакдан юксакка олиб, Чиқариб қўямиз аршга улуғлаб Аҳвол танг келганда биз четда қолиб, Энг мушкул ҳолларда нега улар даф? Беллари букилиб, кўтараркан даст, Эзгу умидларга йўҚрилган чоқда Мунаввар келажак ота-онамас, Эналар қўлида йўлга кирмоқда. Майлига Ва лекин, дўстларим, Толғин чеҳраларга қуйилсин нурлар. Гўдаклар бир нафас Сизларга ўтсин, Бир лаҳза бор кир-чир, супур-сидирлар — Таманно келинлар, қизларга ўтсин. Бизлар ҳам тўхтатиб пойгани, отни Уни авайлайлик бир ғанимат он. Бор умрини бизга бахш этган зотни, Бир лаҳза севмоққа топайлик имкон. Бир лаҳза «чоп-чоп»у, «қув-қув»дан бўшаб, Эрк берайлик беҳол, шавқ, оҳимизга. Бир лаҳза яшайлик фарзандга ўхшаб, Онамизни олиб паноҳимизга. Йўқса бу нораста нидо қўймас, йўқ, «...Энажон, учайми Сизга худди ўқ»... * * * Онажон, ўтир, бир ҳасратлашайлик, Мен недир айтмадим, нимадир айтдим. Барчасин унутдим, сен-ла яшайлик, Югурик йўлларда тўхтадим, қайтдим. Онам, танҳогинам, ёлғиз ойимсан — Умринг саволлардир, яккаш саволлар, Сен менинг кўкракда оғриқ жойимсан, — Кечир, ололмадим уни даволаб. Нега, нега сўрар кўзларинг чўкиб, «Нега»лар сарғайтир рангингни кун-тун. Сўроқлар остида куз япроқ тўкиб, Кўклам келаверар, ҚУВОНЧ бермас ун. Таърифи энг буюк ҚУВОНЧДИР — эрнинг, Аёл талпинаркан минг дарё кечиб. Сен ўша ҚУВОНЧни урушга бердинг, Ўзинг ғамгин буюк ҲАСРАТни қучиб. Эшикдан эгилиб ҚУВОНЧ чиқар пайт, Сим қандоғ чидади кўкрак — тордаги. Ёстиқларга тўккан минг дардингдан айт, — Минг Соғинчингдан айт, ёстиқлардаги. Бошқасин қўявер, ортиҚи-ками, Ювсанг кетадиган қўлнинг гардидир. Энг буюк ғам, асли Қувончнинг ғами, Энг табаррук дард ҳам Соғинч дардидир. Онажон, ўтир, бир ҳайратлашайлик... ОНАМНИНГ АЙТГАНИ Мен-ку ерда яшаганим йўқ, Демасманам Арши аълода. Камчилик йўқ, кўзим-кўнглим тўқ, Аммо болаларим, бола-да. Ўғлим-қизим, қуёш-ойим бор, Ўам сийнамда айрилиқ тиғи. Сўнг он қадар оғриқ жойим бор, Бу — бош эгам ўрнин бўшлиги. «ОНАМ ХУСУСИДА ҚАЙҒУЛАРИМ»ДАН Бошимдан фалокат тоши тўкилди, Менга кўп нарсани уқтирди бу ғам. Мени-ку билмайман, мени не қилди, Онамни тамоман чўктирди бу ғам. Билмам, қай куч билан бу ғамни чекдим, Қандоғам чидадим ўтмас тиғига, Сочим, тиш, кўркларим кетди, кўникдим, Кўнмасман онамнинг кетмоқлигига. Оҳ десам оҳларим, оққай, эшилгай, Оллоҳим, сен қодир, мен камни қутқар! Мен деб ғам ўқидан кўкси тешилган Чўкиб бораётган кемамни қутқар! ОНАЛАРИМИЗ Ой нимадир, бизлар ой эдик, Соҳиб ақл, ҳур чирой эдик. Ҳаммадан тик, қайтмас бой эдик, Токи тирик, токи хиромон — Чўлпон экан оналаримиз. Ўқ ўтмасди кўкрагимиздан, Ёвларимиз келмасди тиздан, Исинардик ўт ёқиб муздан, Токи тирик ўлим билмас жон, Қалқон экан оналаримиз. Чанг солмасди ёвуз қашқир, барс, Рақибларам чиябўри тарз, Юрак синмас, кетмас эди дарз, Токи тирик, ёвга беомон Қўрғон экан оналаримиз. Воҳ бошланди қўрғонсиз кунлар, Ичга урди ўт, изғиринлар. Кимда қасос, кимдадир кинлар, Билмай қолдик, қай сабаб, қачон Ҳар ён тарқаб кетдик баримиз. Ой нимадир, бизлар ой эдик. Чўлпон экан оналаримиз, Қалқон экан оналаримиз, Қўрғон экан оналаримиз... ОНАМ ХОТИРАСИГА Онам Қаршигул Хонназар қизи хотирасига Қандоғ экан Боёвутнинг шамоллари, Соғинчимни қабрингизга етказарми? Боёвутнинг янги терагу толлари, Бу Соғинчни танийдими, ўтказарми? Отам қурган ўша ҳовли, ўша уйлар, Сиз кетгач, сўнг ўҳ-ҳў-ў... ёмон ҳувиллади. Ўйчан шотут. Мўлтираган қўзи-қўйлар, Хомуш Сизни излагандай туюлади. Ўчоқ-тандир бари Сизни эсга солар, Эслатади хазонрезги, барг уюми. Ерга қараб «уҳ» тортади қўшни чоллар «Қаршигулдай кампир қайтиб келадими?» Келмайсизми, кетмайдирми кўзимдан нам, Энди дийдор қиёматга қолдими лол? Энди ётган жойингизни мен силасам, Қабрингизни силаб-силаб келар шамол. Қандоғ экан Боёвутнинг шамоллари... ОНАМ ЁДИ Болалигим. Авжи саратон. Дала. Тоғу тошлар куймакда. Онам ишга отланади тонг, Ранги ўнгиб кетган кўйлакда. Нақ тақимда сочини сочиб, Боёвутнинг шамоли санғир. Вафо қилди биргина сочи, Эплай олмай рўмолда танғир. Борар баланд бўйли, кулча юз, Бўй-бўй жувон, сирли сиёқда. Суёлмадик уни қилча биз, Худо суйсин энди у ёқда. Эшитаман товушларини, Борар жаннат малакларидай, Тупроқ тўла ковушлари-ю, Ранги ўнган кўйлакларида... Шавкат РАҲМОН * * * Она, айтгин, кўплик қилмасми шунча ташвиш ёлғиз бошингга, кўниккандек кунларга аста биз кўникиб қолдик ёшингга. Қадоғ кўзинг, қадоғ қўлларинг бир дақиқа бўлса ҳам тинмас, меҳринг дарё каби улуғдир, метин каби бардошинг синмас. Она, қачон кўргандинг гулни, эслайсанми шодликнинг рангин, осмонларга боққандинг қачон сочларингни дуррада танғиб. Она, қачон яшадинг айтгин яшаётган бизлармиз, она, ҳайратлансин болаларим деб сен яшамай қўйгансан, она. Усмон АЗИМ * * * Она, келганингизда Кўйлак олиб бермадим... Пулим йўқ эди, она. Она, келганингизда, Очилиб гаплашмадим... Вақтим йўқ эди, она. Она, келганингизда Кулиб-кулиб юрмадим... Бахтим йўқ эди, она. Она, келганингизда Йиғламадим ўксиниб... Ҳаққим йўқ эди, она. Она, бахтиёр бўлинг! Сизни қўлласин тақдир. Она, бахт ўзи нима, Она, бебахтлик надир?.. ОНАМГА МАКТУБ Эрта-индин елар изғирин, Йиқилади боғларга туман. Англагани яшашнинг сирин Сўзлашаман ёмғирлар билан. Масту аласт, беғам дўсту ёр, Толиқтирар қалбимни маним. Шунда бирдан бўлади ошкор ЁлҚизлардан ёлғиз эканим. Деразага ҳўл бағрин босиб, Кузак туни сурганда хаёл — Мен энг гўзал шеъримни ёзиб, Сизни эслаб йиғлашим аён. ОНАМГА ТАСАЛЛИ Ҳамма мендан миннатдор Ҳамма очади қучоқ. Аммо қайдан қадалган Елкамга бунча пичоқ? Пичоқ камайса бўлди — Қайтариб бермайман мен... Она, хавотир олманг, Елкам — осмон каби кенг. Азим СУЮН * * * Эй дўст! Яхши жисм раво — ота-онадан, Яхши исм раво — ота-онадан. Ота-онасига минг бора қуллуқ, Биз нима истаймиз Гулираънодан? * * * Эй дўст! Ўғиллар улғайса, тоғлар улғаяр, Қизлар бўйга етса, ойлар уялар. Вақтки, ўзи — тирик эрур отанинг! Вақтки, ўзи — тирик эрур онанинг! * * * Эй дўст! Онадан авлиё туғилганлар бор, Илмдан авлиё тоифа бисёр. Ва лекин уларни кўп ғариб кўрдим, Бу не ёзуғликдир эй Парвардигор?! Хуршид ДАВРОН * * * Онам қариб қолган. Тушида Сўзлашади у отам билан. Кўзларидан оққан ёшида Мен отамнинг аксин кўраман. Онам қариб қолган. Қўрқаман, Баъзан азоб бўғзимни қисар. Кўзим юмсам уни кўраман, Шундан ёшга тўлади кўзлар. Хат ёзмайман. Баъзан сим қоқиб Ҳол-аҳволин сўрайман... Аммо Ярим тунлар уйҚониб гоҳо Ўй сураман шифтга жим боқиб. Далаларда қўнаркан шудринг, Тонгни қарши оламан титраб, «Она, — дейман, — мани кечиргин», «Она», — дейман лабим пирпираб. ШОИРНИНГ ОНАСИ Она келиб олис қишлоқдан Ўғли билан яшай бошлади Ва дастурхон ёзилган чоқда Ширмой ноннинг четин тишлади. Ювиб берди бир бозор кирни, Сувлар қуйди сўлган гулларга. Неваралар боғчадан қайтгач, Эртак айтиб берди уларга. Авайларди хонадон тинчин, Суйган ўғли уйнинг бурчида, Қоғоз узра эгилганча жим Шеър ёзган пайт тутун ичида. Қадам босиб хавотир билан, Қўрқар эди нафас олишга. Тунлар хуррак тортмай дея у Бош қўярди тонгда болишга. Аммо бир кун мазаси қочиб, Кўз олдида ёруғлик сўнди. Қўлларидан тушиб кетди-ю, Чил-чил бўлиб пиёла синди. Ўша заҳот ҳушига қайтди, Чайқаларди ўнгида олам. У югуриб чиққан ўҚлига Шивирлади: «Кетайми, болам?» Анвар ОБИДЖОН * * * Нодонларга арзим йўқ менинг, Сўздан маъно термайди улар. Номардлардан қарзим йўқ менинг, Сўрасанг ҳам бермайди улар. Она юртим, сенга арзим бор, Ҳақ сўз айтсам, бўлгил мен томон. Онажоним, сендан қарзим бор, У — вужудим, танамдаги жон. ЎҒИЛ Тоб ташлаган йиғлоқ эшикни Астагина очинг, аяжон. Кусагандай мунгли қўшиқни, Дуоингизни соғиндим чунон. Фотиҳага қўлни очган дам, Тилардингиз менга бахт-файз. Дер эдингиз: "Улғайиб, болам, Бўлақолгин колхозга раис”. Афсус, телба кўнгилнинг майли Таслим этди жуссамни жангсиз. Шоирликка даъвом туфайли Барбод бўлди "буюк режа”нгиз. * * * Йўқлар бўлсам Тушиб йўл, Бошимдан зар сочилгай. Баргдек титраб икки қўл, Фотиҳага очилгай. Уфурган чоқ танамга Эзгу сўзлар сабоси, Бергим келар боламга Онамнинг Бор дуосин. Садриддин Салим БУХОРИЙ ОНА (Туркум) 1 Онамнинг айтишича: Муқаддас-қоғоз, Уни худди нон каби Этарлар эъзоз. Онамнинг айтишича: Муқаддас-тумор, Уни худди жон каби Асрарлар бисёр. Онамнинг айтишича: Муқаддас-лайлак, Муқаддас дарахту туш, Афсона, эртак. Онамнинг айтишича: Неки муқаддас, Унинг қалқони бўлмоқ Керак ҳар нафас. 2 Онамни топширдик тупроққа, Онамга айланди бу тупроқ. Муқаддас саналиб қучоққа, Онадай жойланди бу тупроқ. Заминга эгилиб туну кун, Унга бахш этаркан ранг, ҳаёт, Мен билдим, Заминни не учун Она-Ер атаркан одамзод. Юрагим тоб бермас фироққа, Кетмасман Заминдан ҳеч йироқ... Онамни топширдик тупроққа, Онамга айланди бу тупроқ. 3 Қандай сендан олайин хабар, Бошланади қайдан остона? Қай имлода ёзсам хат етар, Арабийми ё суғдиёна? Майсаларда йўқ эрур забон, Майсаларнинг тилида титроқ. Этолмайди ҳолингни баён, Гарчи мендан сенга яқинроқ. Бўзламайман юрагим тўлиб, Қайда эшик, қайда эрур йўл? Кошки эди майсадай бўлиб, Чўзолсайдим сен томонга қўл... ОНАМНИ СОҒИНИБ Ҳар кимарса йўқолса, афсона бўлиб қолар, Афсоналар қўйнига сен ҳам кетдингми, она? Ҳар кимарса йўқолса бегона бўлиб қолар, Бегоналик қўйнига сен ҳам кетдингми, она? Шамол силар бошимни, Ёмғир тўкар ёшимни, Шамолу ёмғир бўлиб ташриф этдингми, она? Армон бўлмас дегандинг мен Ҳаққа етган замон Ёки ўзинг айтгандай Ҳаққа етдингми, она? ОНАМ ВАСИЯТИ Сағанамнинг тепасида Қушлар учун ясанг сувдон, Ҳар келганда сепиб туринг Сағанамнинг устига дон. Чунки қушлар сиздан кўра Кўпроқ мендан хабар олгай, Сиздан кўра кўпроқ келиб Суҳбатлашиб бунда қолгай. Матназар АБДУЛҲАКИМ | |
Просмотров: 2441 | |