Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Четверг, 21.11.2024

Она (9)
ОНАЖОНИМ

Бу дунёнинг бахтини боласида кўрганим,
Товонимга ниш кирса кипригида терганим.
Агар оҳ чекар бўлсам, минг ўргилиб қошимда,
Ўз умрини чимдилаб, менга умр берганим.

Умрим ўзи чўғ эрур, ҳар қадамим чўғ экан,
Онажоним, дунёда сиздай дилдош йўқ экан.

Оромимни қўриқлаб, умри бедор жон онам,
Кўнгли қуёшдай илиқ, бағри баҳор жон онам.
Чечак бўлсам, меҳрдан унаяпман мен ахир,
Сиздай меҳр бергучи, айтинг, ким бор, жон онам?

Умрим ўзи чўғ эрур, ҳар қадамим чўғ экан,
Онажоним, дунёда сиздай дардкаш йўқ экан.

Бу ҳаётда алам кўп, бу ҳаётда дард камми?
Гоҳ котиб омадим, ғамлар эзса елкамни.
Мендан дунё кечса ҳам, сиз кечмайсиз, онажон,
Юз дардингиз устига олиб мендан юз ғамни.

Умрим ўзи чўғ эрур, ҳар қадамим чўғ экан,
Онажоним, дунёда сиздай азиз йўқ экан.

Юрагимга дард инса, сиздайин малҳамим йўқ,
Сиз ёнимда бўлсангиз, бу дунёда камим йўқ.
Умрим бўйи излаб ҳам сиздек суянч топмадим,
Сиз омон бўлсангиз бас, менинг бўлак ғамим йўқ!

Умрим ўзи чўғ эрур, ҳар қадамим чўғ экан,
Онажоним, дунёда сиздай суянч йўқ экан.

ОНАЖОН

Дард чексам, дардимдан қоврилган онам,
Гард инса, гардимдан соврилган онам,
Юрагида армон, юрагида ғам,
Келинг, бағрингизга бош қўяй, Она!

Куйимни қуёшли кўкларга илиб,
Ўйимни бардошли юкларга илиб,
Бўм-бўш кунларимни тўлдиринг келиб,
Келинг, бағрингизга бош қўяй, Она!

Пойимда тошлардан қоқиниб кетдим,
Ҳадсиз озорлардан оғриниб кетдим,
Жон Онам, бир келинг, соғиниб кетдим,
Келинг, бағрингизга бош қўяй, Она!

Маҳзун дамларимни унутай бир зум,
Бахтим камларини унутай бир зум,
Дунё ғамларини унутай бир зум,
Келинг, бағрингизга бош қўяй, Она!

Кўксингизга босиб, овутинг мени,
Телба ўйларимдан совутинг мени,
Бу ёлғон дунёдан тиладим нени?
Келинг, бағрингизга бош қўяй, Она!

Бу жонимга малҳам — Сиз экан асли,
Битта «болам» деган сўз экан асли!
Бир тананг, бир онанг дўст экан асли,
Келинг, бағринггизга бош қўяй, Она...


Фарида АФРУЗ

ОНАНГ ЎЛМАСИН

Майли, бошдан тож-тахтинг кўчсин,
Вужудингни титроқлар қучсин,
Сен мағлуб бўл, ғанимлар ютсин,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Ташлаб кетсин дўстларинг бари,
Майли, қолгин танҳо, сарсари,
Хастами ё ношудми, қари,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

ОҚа-ининг тоғдайин қалқон,
Опаларинг мунис, меҳрибон,
Жигарбандлар бир жону - жаҳон
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Нонинг бутдир, устинг ҳам бутун,
Лек шукуҳсиз ўтаётган кун,
Ҳар тун битта жонингда тугун,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Меҳри ёлғон, дийдалари тош,
Ҳар нафасда ёнингда йўлдош,
Дунё кезиб топмайсан дилдош,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Кўнгил очар баҳоналар мўл,
Ер юзини босиб кетди гул,
Қани кул-чи, кулиб кўр-чи, кул,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Юзга кирса юзларинг ширмон,
Мисқолингда барака хирмон,
Томирингни қирқолмас армон,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Бир лаҳзада умр — нур сўнар,
Халқумингда ширин жон тўнар.
Она десанг тилларинг қонар,
Фақат онанг ёнингда бўлсин.

Мақсуда ЭРГАШЕВА

ОНАМНИ ҚЎМСАБ
Онам Исторахон 
Мирзокарим қизига

Мурғак хаёлимга муҳрлангандир,
Маъюсгина бўлиб ўлтирганингиз.
Яна ёдимдадир райҳонлар экиб, 
Боғчамиз гулларга тўлдирганингиз.
Барча оналарга шеър ёзсам арзир,
Лекин ўз онамни қўмсайман ҳозир.

Сочимни жамалак ўрганларингиз,
Тутамлаб-тутамлаб қўйганларингиз.
Қўғирчоғимни ҳам суйганларингиз,
Қалбимни бир Соғинч қўмсайди ҳозир,
Кўнглим, онам, сизни қўмсайди ҳозир.

Қизил гул ёнига ўтқазиб олиб,
Тоҳир Зуҳроларни оҳангга солиб,
«Қизил гул» қўшиҚин айтганда толиб,
Ўшал қўшиқларни англайман ҳозир,
Самолардан садо тинглайман ҳозир.

Ҳамон ёдимдадир ёнган кўзингиз,
Сўзларни ёндириб айтган сўзингиз.
Унда мурғак эди, шўрлик қизингиз,
Барча оналарга шеър ёзсам арзир,
Лекин ўз онамни қўмсайман ҳозир...

Тўра МИРЗО

ОНАМ ИККОВ ДАДАМНИ ЭСЛАБ

Кафтингизда йўллар мўл, она,
Менинг йўлим афсус сўл, она,
Эгик бошим енгил силайсиз,
Қўлларингиз нечун ҳўл, она?

Дейсиз: қирққа кирмай сочинг оқ,
Тинчликда-ми болалар, қишлоқ?
Тошкент деган қишлоқда, она,
Сабрим охир, тоғ тоғатим тоғ.

Сочларимнинг оқи кўп, она,
Душманларнинг доғи кўп, она,
Юз-кўзимда кулгу ўйилган,
Бу кулгунинг оҳи кўп, она.

Болам дейсиз, мен болам дейман,
СоҚ бўлгин сен аввалам дейсиз.
Топганимда юмшоқ нон ейман,
Сиз мен учун қаттиқ ғам ейсиз.

Кафтингизда йўллар мўл, она,
Чизиқчалар бари ҳўл, она.
Ариқларни суғордингизми?
Сувга тўла ўнггу сўл, она.

Жим ўлтириб энди Сиз била,
Сўйлашамиз фақат кўз била.
Сўровимни кўзда кўрмай деб,
Бағрингизга босасиз ҳадеб.

ОНАНГГА ХАТ ЁЗДИНГМИ?

Ай, ақлдан оздингми?
Чумолини босдингми?
Кўнглинг тўлиб кетганда,
Онангга хат ёздингми?

Йўллар кенг, йўллар тордир,
Чин ҳамроҳинг озордир.
Ғамнинг адоғи бордир,
Онангга хат ёздингми?

Пул ёпишган қўлингга,
Гул ёзиқ ўнг-сўлингга,
Муштоғ боққан йўлингга —
Онангга хат ёздингми?

Тўкиб турли таомни,
Тўлғаздинг дастурхонни.
Ушатган қора нонни
Онангга хат ёздингми?

От етмаса той етган,
Сенга лоймас, мой етган.
Ёшин кулиб беркитган
Онангга хат ёздинг-ми?

Уст-бошинг-ку ялтироқ,
Е, тўним, е, е кўпроқ,
Кўйлагида бор ямоқ,
Онангга хат ёздингми?

ОНАМ ХОТИРАСИГА

Бомдод чоғи уйғотгил, она,
Чимчилагил икки юзимдан.
Ҳаёт ўқдир, йўқдир ҳамхона,
Уйқу оқиб тушсин кўзимдан.

Қўлларимга жон кирсин аввал,
Тақдир лавҳи ўйилган кафтга.
Ўз бошимни силашга маҳтал
Қўлларимни чўздим соатга.

Уйқу гўзал, тушимда яна
Дўстлар билан бахтиёрмиз хўб.
Уйғонганда тўхтар тантана,
Душманларим юлдуздан ҳам кўп.

Ланж гавдамни кундуз кўтариб,
Юз бор, минг бор эгмоғлигим шарт.
Она, тушда қўйгил йўталиб,
Мардлар ўлиб, кўпайди номард.

Яёв қолдим, номардлар отда,
Йўллар йўлсиз, боши берк, чалкаш.
Уйғотдингми, она, бомдодда,
Тонгга етдим сочингга ўхшаш.

ОНАМНИ ЭСЛАБ

Ватанини кимки йўқотди,
Суянмоққа йўқ орқатоғи.
Оёққа тош, кўзга нур ботди,
Ватан экан онам қучоғи.

Таъқиб қилар лак-лак ёв кўзлар,
Бошдан бошлаб босар тош сўзлар,
Юрак юм-юм, унсиз минг бўзлар,
Ватан экан онам қучоғи.

Онанг бўлса, дуоси қўллар,
Дуо олсанг, ўнг бўлар сўллар.
Онанг ёққа элтмас бу йўллар,
Ватан экан онам қучоғи.

Бу кенг дунё асли тор экан,
Ҳар бозорда озор бор экан,
Суянчинг бор, тинчинг ёр экан,
Ватан экан онам қучоғи.

Эш йўқ, хешинг фақат осмонда,
Ёв бир, икки, ҳар тўрт томонда,
Кулар яёв кечар армонда,
Ватан экан онам қучоғи.

Ғамхонада ҳамхона оҳдир,
Онасизга текис йўл чоҳдир,
Онаси бор одам подшоҳдир,
Ватан экан онам қучоғи.

ЧОРШАМЪ

ҚИШЛОҚДАГИ БЕМОР ОНАМ

Тонглар туриб йўлга қарайман,
Булутлардан Соғинч йўллайман,
Қуш тилида салом бергайман:
Қишлоқдаги эй, бемор онам,
Бемор узра эй, бедор отам.

Меҳримга кўп зор бўлган тунлар,
Кўзингиздан тўкилар мунглар,
Кутмоқ билан ўтар умрлар
Қишлоқдаги эй, бемор онам,
Бемор узра эй, бедор отам.

Боққанингиз йўл бўлди токай,
ўамларингиз мўл бўлди токай,
Ёқангиз ҳам ҳўл бўлди токай,
Қишлоқдаги эй, бемор онам,
Бемор узра эй, бедор отам.

Елмоқдаман бағрингиз томон,
Кўзимда ёш, дилимда армон,
Сизни кўрсам бўлди соғ-омон
Қишлоқдаги эй, бемор онам,
Бемор узра эй, бедор отам.

ОНАМ ВА ҚИШЛОҚ

Майда гаплар эзиб ташлабди жуда,
Рангларига боқиб фикр этаман.
Кўплар кўнмаса ҳам менинг раъйимга
Онамни қишлоқдан олиб кетаман.

Ҳаёт фақат ғамдан иборат эмас,
Кўринг дейман дунё гўзал беадоғ.
Фақат уч кунгина яшар бу ҳавас,
Кейин бошланади Соғинч, қўмсамоқ.

Ҳали тонг ёришмай тор ҳовлидаги
Тор йўлак ёқалаб юрарлар аста.
Нимадир етишмас, нимадир ортиқ,
Буни сездирмаслар, диллари хаста.

Кўзлари йўл кўра бошлаган сари
«Қишлоқ»лаб қоларлар тортганча мулзам.
Маъюс қароқларда маъни ўқийман:
«Мени ташлаб келгин қишлоққа, болам!»

О, она, онажон, дарёи азим,
Сизга монад эрур фақат шу диёр.
Узиб бўлмас экан фарзандлик қарзин,
Фақат имкон бордур, фақат истак бор.

Бу — бир маҳкумликми, бу бир толеми,
Англаб етолмайин тўкилар жолам.
Қишлоқ яшай олар онамсиз балким
Аммо яшолмаслар қишлоқсиз онам.

Абдул ЖАЛИЛ

СОҒИНЧ

Бир зариф туйғулар қўлида,
Бир Қариб орзулар йўлида,
Бир лаҳза — чўзилган бир фасл,
Бир умр, онажон, ним аср
Наҳотки аламлар оша жим,
Мен сизни соғинмай яшадим.

Умидлар, армонлар уяси — ҳаёт,
Гоҳ гулгун, гоҳида бебаёт.
Бир чўнг тоғ тилгайдир елкамни,
Бир Аллоҳ билгайдир эртамни...
Юракда овунчим шеърмикан?
У мени сирдошим дермикан...

Ёндирар гулларнинг жамоли,
Сўндирар йилларнинг шамоли.
Ҳар сори оҳларим сачраб-да
Куярман бир ёруғ ҳасратда...
Майсадек титрайди яна жон,
Мен сизни соғиндим, онажон...

ДУО

Сабр сўзин айтмадилар кимлар керилиб...
Елкасида оғир-оғир йиллар терилиб,
Жим яшади бир овунчи — ишга берилиб,
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Йиллар кечди, кўплар бурда нонга зор эди,
Кун тиғида ҳолдан тойган, бемадор эди,
Кўз илғамас пахтазорда кўзи ёриди,
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Машаққатдан қочмади ҳеч, қўрқиб-пусмади,
Кўнглидан ғаш-ғаюрликни қувлаб-қистади,
Гоҳо ғариб дунёларни ёқмоқ истади,
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Бир ўғлидан далда олди, биридан ситам,
Инсоф тилаб алқар доим ҳаммасини ҳам,
Қабул айла, ижобат қил, яратган Эгам,
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Оламларни сиғдиради дуолар ҳовучига,
Юлдузларни тугиб олар рўмолининг учига,
Суянади кўнгилда инсоф-имон кучига,
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Дегай доим: Эл-улуснинг бахтини кўрай,
Келажагин меҳр билан маҳкамроқ ўрай...
Ҳақ Расулинг, нур Китобинг ҳурмати, сўрай —
Парвардигор, ўтинчим бор — онамни шод эт.

Кўз қувончин ўғил-қиз — кун-ойида қилдинг,
Ўаким Зотсан, қандай гўзал қоида қилдинг —
Жаннатимни унинг азиз пойида қилдинг,
Ўтинчим бор, Парвардигор, онамни шод эт...

Ғулом ФАТҲИДДИН

ОНА

Сиз алла айтганда тунлар ухламай,
Ой ҳам ором олар қўйиб бош.
Фалакни тарк этиб саждалар этар,
Меҳрингиз қошида лол қолган Қуёш.

Меҳрким, сутдай оқ нурдай покиза,
Меҳрким, тафтидан эрур ҳатто тош.
Меҳрким, тиз чўкиб пойида ҳар кеч,
Чинакам бардошни ўрганар Бардош.

Онажон! Барчасин ҳассос табиат,
Муштдек қалбингизга қандай этган жо?!
Фарзандлар йўлига маҳтал бўлсин, деб,
Елкангизга ташвиш ортганми Дунё?!

Дам кулиб, дам йиғлаб йўлларга боққан,
Сабритош онадир бул мўътабар зот.
Баъзида шундайин ёнидан оққан,
Дарёнинг қадрига етмас одамзод.

Дўстларим, келинглар,
оналар қадрига етайлик!

Энахон СИДДИҚОВА

ОНАМ ТИРИК ЮРСИН

Тангрим!
Ситамларинг ютиб сўрайман,
Икки дунёнг унутиб сўрайман,
Эгам, берган жонинг тутиб сўрайман,
Фақат онам тирик юрсин!

Кўзлари йўлида... чўкар уватлар,
Оқиб, тўкилиб кетаяпти эгатлар,
Художон, изма-из кетар дарахтлар,
Қўйгил, онам тирик юрсин!

Милярд йил бир чағир тошни асрайсан,
Қуритмай қуритар ёшни асрайсан,
Гумроҳ, нобакорни шунча аяйсан,
Раҳм эт, онам тирик юрсин!

Тик шаҳд бергил, бу хазонрезги боққа,
Учиб кетмасин муштипарим ўққа,
Йўқласанг мунглиғим, онамни йўқла,
Фақат онам тирик юрсин!

Унутдим... тилломи, мисманми, чақа,
Ёдинг косасидан тўкилган лойқа,
Отсанг мени отгил, мен олтин соққа,
Фақат онам тирик юрсин!

Фароғат КАМОЛ

ОНАМГА

1

Юлдузлар йиғлабди тун бўйи, она,
Шабнам япроқларда жавдираб турар.
Соғинчини айтиб тонгга жимгина
Олис уфқларга бош урар йўллар.
Йўлларнинг бошида маъюс турибди
Узоқ болаликнинг масъум севинчи.
Эҳ, йўллардан келиб қийнайди мени
Аламдийда йиллар, йиллар Соғинчи.

2

Қайдадир олисда фиғон чекар най,
Масофалар жуда узун туюлар.
Шамоллар дайдийди ўзлигин билмай,
Кўзларимда мунис бир сиймо турар.
Қуршар хотиралар қуюни секин,
Қаерга бошлайди, ахир, қаерга?
Узоқлашиб кетар мендан бу қуюн,
Аста йиқилади таниш қабрга.

3

Сассиз урилади вақт шамоллари,
Кўзларимга сокин тунлар қуйилар.
Чорлайди ҳорҚин бир умид сингари
Олис уфқларга туташган йўллар.
Ва чорлар уфқда мени бир Соғинч,
Энтикиб бораман интиқ чорловдан.
Соғинчим сиз, она, Соғинчим билан
Олис уфқларда учрашамиз ҳам...

Аъзам ЎКТАМ

ОНАМГА

Йиғига ўхшаган табассум билан
Яна қошингизга қайтмоқдадирман.
Бу ерда ҳеч кимса парво қилмаган,
Дил розимни сизга айтмоқдадирман.
Мен осмондан ерга тушиб қолганман,
Дўстлар хиёнати бошимни эгиб.
Муҳаббат, висолдан безиб қолгандим,
Ҳатто бахтиёрлик жонимга тегиб.
Шеърсиз — бедард кунлар бисёр бунчалар,
Шодумон кунларим ортиқ кўпайди.
Илҳом мени серноз маликалардек
«Фуқаро, фуқаро, фу, қаро!» дейди.
Қадаҳга эгилган бошни кўтарсам,
Юрагим ҳирқираб сўз айтди оғир:
«Шоирмас сўзни минг куйларга солган,
Шеърни деб минг куйга тушганлар шоир!»
Асаблар қақшайди дунёга боқсам —
Ҳануз тўқнаш келар етимлар, туллар.
Уруш ўчоғининг нафси ёмондир —
Унга ўтин бўлар болалар, гуллар!..
Биз қутлуғ манзилга етмоғимиз шарт,
Кураш интиҳоси — саодат зотан.
Ўзни фидо этмак ҳам ахир бир бахт,
Биз ватанга керак, бизларга ватан!
Яшолмасанг бутун ҳаётинг бекор —
Бир қалбда ишқ бўлиб, саодат бўлиб.
Мовий келажакка бормаслик даркор,
Эзгуликдан машъум «қора хат» бўлиб.
Манзилим олисдир, менга йўл тиланг
Бобом Муқаннанинг кўйлагидек оқ.
То заминда тинчлик барқарор бўлсин,
Дунёнинг иқболи янада порлоқ!

Зикрилла НЕЪМАТ

ОНАЖОН

Болалик чоғим ўтган кулбамга кириб борсам,
Соғинчлардан сарғайган гулларга назар солсам,
Хаёлларга эрк бериб, бир нафас ўйга толсам,
Кўнглим уйи ногаҳон бузилади, онажон,
Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

Бизга жаннат эди-ку — Сиз юрган чанг кўчалар,
Қани энди Сиз ёпган табаррук нон, кулчалар,
Дийдорингиз соғиниб уйқу келмас кечалар,
Кўз ёшларим маржондек тизилади, онажон,
Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

Э воҳ, нечун бунча ҳам тез ўтди ўшал дамлар,
Сиз билан бу ҳаётда билинмас эди камлар,
Сизсиз бугун қалбимни ўртаб аччиқ аламлар,
Пешонамга ажинлар чизилади, онажон,
Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

Опам юзида кўргум ой каби юзингизни,
Синглимда-чи, қора қош, нур тўла кўзингизни,
Лек, излаб тополмасман, мушфиқим, ўзингизни,
Хаёлларим дарбадар кезинади, онажон,
Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!

Кенг ҳовлида тўй бўлар, мен-чи ўйга толурман,
Бедор кезган руҳингиз ногоҳ сезиб қолурман,
Одамлардан пинҳона йиғлаб-йиғлаб олурман,
Ич-ичимда нимадир узилади, онажон,
Сизни қўмсаб юрагим эзилади, онажон!


ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР

Ҳовлимизда ҳар баҳор,
Онам райҳон экарди.
Тонгда туриб ҳар саҳар
Ҳовлига сев сепарди.

Шунда гўё оламни
Райҳон ҳиди тутарди.
Думоқларни чоҚ қилиб,
Дилларни шод этарди.

Эвоҳ, энди онам йўқ,
Ўзим райҳон экарман.
Волидамни соғиниб,
Дув-дув кўз ёш тўкарман.

Онам эккан райҳонлар
Жаннатлар бўйи келар.
Қалбимдаги армондан 
Айрилиқ куйи келар.

Мен учун ўз ҳовлимнинг
Баҳорлари ўзгача.
Онам эккан райҳоннинг
Ифорлари ўзгача.

Бу оламда Соғинч кўп,
Айрилиқ кўп, армон кўп,
Аммо онам дийдорин
Хуморлари ўзгача.

Дилимдаги қаламдан
Учар андуҳ, армонлар
Гар мен ўтсам оламдан
Болам экар райҳонлар.

ОНАМ ЁДИ

Тўлин ой-ла сўзлашдим тунда,
Нигоҳларим самода қолди.
Ой оқшомлар эртаклар айтган —
Онажоним ёдимга солди.

Кўкка қўлим чўздим-у бўзлаб,
Икки қўлим ҳавода қолди.
Ойдан онам сиймосин излаб,
Қалбим оҳу нидода қолди.

Қулоқ тутмай оҳларимга ой —
Қайларгадир аста йўл олди.
Эвоҳ, менинг ҳолим бўлиб вой,
Кўзёшларим афтода қолди.

Эсга олиб ёшлик сеҳрини
Кўзларимдан уйқу йўқолди,
Дилдан куйлаб онам меҳрини,
Соғинчларим садода қолди.

Тўлин ой-ла сўзлашдим тунда...

Кавсар ТУРДИЕВА

ОНА ИСИ

* * *
Сизга шеър ўқимайман тингланг, ойижон,
Аввалгидек бирдан ҳапқириб, тошиб.
Ўзингни тутгин, деб имланг ойижон,
Ўтирмай сўзимдан тағин адашиб.
Илиқлик илинжи тинчитмас мени,
Уйимга кирсам ҳам, чиқсам ҳам тишга
Энтикиб кутаман ҳар гал баҳорни,
Жунжикиб кираман қаҳратон қишга.
Сабрли бўлай деб оламан сабот,
Қорни ёриб чиққан митти кўкатдан.
Нақадар умидли экан бу ҳаёт,
Нечун қидираман сизни хилқатдан.
Ишониб қоламан баъзан ажабо, 
Мўъжиза, сеҳрга, тушга, хаёлга.
Кеча-чи ўхшатдим сизни ногаҳон,
Узоқдан кўринган мунис аёлга.
Унинг оқ сочлари чамбарак эди,
Унинг қадамлари ўхшаркан сизга.
Хаёлим чорлади мени у сари,
Хаёлим тўхтатиб қайтарди изга.
Тиниқлигингизни кўрдим булоқдан,
Юрак ҳарорати меҳр кўзингиз.
Майлига гоҳида, майли йироқдан,
Кўриниб турингиз шундоғ, ўзингиз.
Майли томчи бўлиб тушинг осмондан,
Шўх куйга айланиб хонам тўлдиринг,
Шеърим бир нуқтадан жилмаса агар,
Ёниқ илҳом бўлиб уни бўлдиринг.
Жажжи гўдаккинам оёққа кириб,
Мен томон интилса ёзиб  қулочин.
Илиқ табассумга айланиб киринг,
Қўмсаб кетганимда она қувончин.
Қаҳратон қишларда илиқ шаббода,
Иссиқ гармселни менга елдиринг,
ҚоронҚу тунларда ойнинг шуъласин,
Юлдузлар ёҚдусин териб келтиринг.
Шунда шеър ўқийман сизга, ойижон.
Қалбимни энг илиқ ҳисга ботира.
Сиз эса жимгина тингланг, ойижон,
Ўтган кунларимдан ёруғ хотира.


Салима УМАРОВА

ОНАМГА

Мен кўз очиб дунёга боқиб,
Кўрдим вафо деган оламни.
Ҳижрон отлиқ бало ютоғиб,
«Ютиворди» менинг онамни.

Қаро зулфга кўнмай кумуш доғ,
Қаро кунга юз босди бир бош.
Йўл ярмида ўчди-ку, чироқ,
Юракда нақ тоғ каби бардош.

Мунча шошдинг, ўлим — бесабр,
Бошқа йўлдан кетсанг нетарди.
Биров сенга муштоғ — мунтазир,
Ҳар он тайёр бўлиб кутарди.

Бўлмасди-ку унда нигоҳи,
Ҳар юракка санчилган гўдак.
Бахт бўлмасди фиғони, оҳи,
Олис маъволарга етгудак.

Унда бахтни сипқориб ичган
Ва кузатган инсон бор эди.
Ё бахт дея курашда кечган
Бутун умр армон бор эди.

Сен-чи, ҳисоб қилмадинг асло
На ёш билан, на юрак билан.
Идрокингда бир қатъият жо,
Жуда совуқ бир керак билан.

Иш юритдинг ўйламай-нетмай,
Олиб кетдинг унинг ёрини.
Фарёдига парво ҳам этмай,
Қаторидан узиб норини.

Қоқ бағрига ботдинг тиғ бўлиб,
Оқар эди ундан чак-чак қон.
Яшади у кунда бир ўлиб,
Шу баҳрда сақладим мен жон.

Йўлларини тўсган кимсалар
Ўша қонга кетди ғарқ бўлиб.
Қон томган ер ёқут ранг олар,
Атиргулга кетдилар тўлиб.

Гулзор узра қувиб капалак,
Мен улғайдим, етдим камолга.
Мен деганда минг жони ҳалак
Онам бугун бир зум тин олгай.

Ортга боқар ҳорғин ва маъюс,
Кўрар вафо деган чаманни.
Бу чаманга киролмагай куз,
Забт этса ҳам минг жонни — танни.

Бу боғ ичра қора зулфига,
Боғлиқ ётар эрка ҳислари.
Бу боғ ичра армон қулф ургай,
Ҳар ён тараб бардош исларин.

Олиб келди сув каби оқиб,
Умр қуруқ вужуд онамни.
Мен бу кемтик дунёга боқиб,
Кўрдим вафо деган оламни.

Муножотхон НУРМАТОВА
БИЗКИМ, ОНАДИРМИЗ...

Бизким, онадирмиз, касбимиз аёл
Феълимиз мулойим, лафзимиз ҳалол,
Муҳтож бўлмасакда гавҳарга-дурга,
Лекин муштоғдирмиз ҳамиша нурга,
Азизлар! Сиз бизни нур бирла асранг! 

Бахтимиз банд эмас ялтироқ тошга,
Вале илҳақдирмиз меҳри қуёшга,
Бардош беролмасмиз қуллик-зўрликка,
Лойиқ эмасдирмиз бундай хорликка,
Азизлар! Сиз бизни ҳурликла асранг!

Тоғат қилолмасмиз ёлғон-риёга,
Ўзни тенг билмасмиз нопок дунёга,
Суяниб яшаймиз соф муҳаббатга,
Иймонга йўғрилган дин-диёнатга,
Азизлар! Сиз бизни иймонла асранг.

Онасиз бу дунё қолгай қоронғу,
Агар бол топсангиз туюлгай оғу,
Оналар меҳридан олам мунаввар,
Унданда ёруғ нур бўлмас муқаррар,
Азизлар! Сиз бизни меҳрла асранг!

Оналар бахтидир ҳурлик-истиқлол,
Фарзандлар иқболи, ёруғ истиқбол,
Эрк учун Онанинг жони гаровдир,
Дуосин шуъласин мангу оловдир.
Азизлар! Сиз бизни эрк учун асранг!

Абдураҳмон АКБАР

ОНА

Ҳар икки сўзингизнинг биттаси эди «болам»,
Ҳар икки сўзингизнинг биттаси эди «жоним».
Неча йиллар ўтса ҳам, кўзларимдан кетмас нам,
Дийдори қиёматга қолганим, онажоним.

Саҳардан шомларгача пахталар терган онам,
Кечалари уйқуси неча бузилган онам.
Ўғилу қизларига кучини берган онам,
Жойнамознинг устида жони узилган онам.

Туш кўрибман, тушимда сочингиз тарармишсиз,
Деразадан кўчага қарармизсиш дамо-дам.
Боисини сўрасам, дадамлар деди йиғлаб:
«Бугун туғилган куни онажонингни, болам...»

Минҳожиддин МИРЗО

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР

Онам Эргашхон Йўлдошбой қизи хотирасига 

Ҳовлимизга жаннат бўйин таратган,
Саболарга ифор тутган, яйратган,
Кўкдан ойу офтобни ҳам қаратган,
Борлиғида малакларми ниҳонлар,
Ризвон экан онам эккан райҳонлар.

Капалаклар аримасди қошидан,
Боларилар кетолмасди бошидан,
Унганмиди онамнинг бардошидан,
Оҳ, кафтдаги жаннат дерди, гирёнлар,
Эҳсон экан одам эккан райҳонлар.

Гарчи гул кўп бу оламда ифорли,
Қўл чўзсанг гар озорлигу тиконли,
Тароватли, муслим каби иймонли,
Уни кўкдан туширмишми ғилмонлар,
Жаҳон экан онам эккан райҳонлар.

Ҳар тонг туриб сийпарди гул юзларин,
Эркалаган она каби қизларин,
Сирдош билиб айтганми дард, сўзларин,
Ўша чоҳлар нени қилмиш баёнлар,
Достон экан онам эккан райҳонлар.

Бошим қўйсам мен кўксига онамнинг,
Райҳон иси чулғар эди танамни,
Оҳ, у жаннат тарк этдими оламни
Япроғига йиғлаб тақдим маржонлар,
Фиғон экан онам эккан райҳонлар.

Она десам зор титрайди бу жоним,
Кетдим-я бор давлатим, жаҳоним,
Меҳрибоним йўқ, қайда у меҳрибоним,
Дардим энди қандай тутай пинҳонлар,
Дармон экан онам эккан райҳонлар.

Соғинчимга бу дунёда йўқ чора,
Ғариб боғман, боғбонсиз қалб минг пора,
Онамсиз мен ким бўлдим, бир бечора,
Татирмиди менга бу ширин онлар,
Даврон экан онам эккан райҳонлар.

Бир кун мен ҳам бу дунёдан ўтарман,
Балким қўлда райҳон билан кетарман,
Шундай онам дийдорига етарман,
Даркор эмас бундан ўзга унвонлар
Имкон экан онам эккан райҳонлар...

ФАХРИЁР

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 2417 | Рейтинг: 0.0/0