Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Четверг, 21.11.2024

Она (12)
ОНАМГА МАКТУБ

Узоқдаман...
Соғиндим она,
Ёзаяпман сизга салом хат.
Эслаганда
Ёришди хона,
Сурат чизар хаёл бир фурсат.

Олис сарҳад,
Тун эса ярим,
Деразамдан боқар оймомо.
Қоғоз истар,
Чала сўзларим,
Соғинганман онам она-мо...

Дуогўйим дуолар қилинг,
Чорлаяпти бағрига Ватан.
Юрт корига яраган ўғлинг,
Қайтар эрта ёруғ юз билан.

Ҳамроқул АСҚАР

СЕНМИ, ОНАЖОН?..

Адирлар қўйнида кишнайди қулун,
Новдалар бандида юз очар ғунча,
Соғина-соғина юзларим сўлғин.
Қон бўлган қалбимда интиқ тушунча —
Сенми, онажон?!

Баҳор елларига муштоғ далалар,
Булутлар ортида сарғайган қуёш.
Боласин бағрига босса оналар
Тўрт бўлган кўзимда тирқираган ёш —
Сенми, онажон?!

Бўшлиқлар ҳувиллаб комига тортар,
Ҳаёт неъматлари аччиқ ва тахир.
Энг ширин сўзлар ҳам ханжардек ботар,
На у ёқ, на бу ёқ қилмаган тақдир —
Сенми, онажон?!

Замин ҳам қўзғалиб айлар зилзила,
Осмон ҳам йиҚлайди, бераолмай дош.
Кўксимни тилкалаб ўтмас тиғ ила
Субҳидам сафардан қайтмаган қуёш —
Сенми, онажон?!

Дилшод РАЖАБ

ОНАМНИНГ ҚЎЛЛАРИ

Келтирай бир таърифин онамнинг қўлларини,
Ҳам ҳабиб, ҳам табибим — онамнинг қўлларини.

Кўтарган рўзғор юкин, қилт этмай бирор туки,
Ҳам буюк, ҳам суюкли онамнинг қўлларини.

Кафтида тутган бизни — беш ўғил, икки қизни,
Қуёшдай иссиқ юзи онамнинг қўлларини. 

Биз деб ўт-сувга кирган, нонлар ёпиб, кир ювган,
Қаттиқлиги темирдан, онамнинг қўлларини.

Гоҳ суюб, гоҳ алқаган, оқ ювиб, оқ тараган,
Кунимизга яраган онамнинг қўлларини.

Соябон паноҳ бўлган, кафтлари қадоғ бўлган,
Минг «садқа-садоғ» бўлган онамнинг қўлларини.

Гоҳо тушимга кирган, кўз ёшим артиб турган,
Сўранг мен мусофирдан онамнинг қўлларини.

Баргдай титрадим ёзиб, гўё бағримга босиб,
Новдадай озган, нозик онамнинг қўлларини.

Сизлар — ака-укалар,
Тизлар букиб — чўккалаб.
Кўзга суринг сийпалаб,
Хоҳи шом, шоҳ эрталаб,
Болангиздай эркалаб,
Онамнинг қўлларини,
Онамнинг қўлларини!

Бобоқанд МИРЗО

ОНАЖОН

Она, нечук кўзингиз синиқ,
Ғамлар сизни қучдими, Она.
Лек қалбингиз осмондек тиниқ,
Тишларингиз тушдими, Она.

Сизга кулиб боқарди дунё,
Алла айтган тилингиз ширин.
Сочингиздек оқарди дунё,
Йиғлаяпсиз нечун яширин.

Она, сизга иқболим басми,
Иқболимни кўринг, онажон.
Қўлингизда дадамнинг расми,
Бас, йиғламанг туринг, онажон.

Тоғдек дардни кўтардингизми,
Муштдеккина жуссангиз билан.
Баҳордек ҳеч кўкардингизми,
Айтинг, ғаму ғуссангиз билан.

О, меҳнатда қаварган қўлни,
Тиконлар ҳам қўйдими тилиб.
Супурасиз мен борар йўлни
Сочингизни супурги қилиб.

Кексайиблар боряпсиз, она,
Қирқ жонингиз қирқилдими ё.
Ахир, сизсиз бефайз хона,
Ахир, сизсиз бефайз дунё.

Оҳ, кимим бор сиздек жонажон,
Денгиз каби тўлганимда ҳам.
Алла айтинг менга, онажон,
Ҳатто ота бўлганимда ҳам.


ЎКТАМОЙ

* * *

Она, мени шамолга ҳам
раво кўрмай боқдингиз,
Парча этни камолотга
олиб кетдингиз омон.
Мен нотавон қизингиздан
нелар умид этдингиз,
Ёруғ кунни кўрсатар деб
кутдингизми, онажон?
Ёруғ кунлар хаёлимда
ўтиб турса ҳам ғиз-ғиз,
Жуда-жуда хаялладим,
мен босган йўл тун эди.
Ғам дарёси чуқур экан,
сузиб кета билмадим,
Ишонганим — йўл бошловчи
сўқир эди, кўр эди.
Ортда ёруғ кунлар боқди
менга бўлиб интизор,
Юким зилдай оғир эди,
қарай олмадим ортга.
Уфқимдаги тутам нурни
тўсди оппоқ туманлар,
Мен ёғдуга ташна эдим,
қуёшим эрта ботди.
Ёруғ кунлар илинжида
яшаб қўйдим-ку узоқ,
Бу умримни ҳад-ҳудудсиз
хатоларга ботирдим.
Бўйнимдаги қарзим эди
ёруғликни кўрсатмоқ.
На бу кунни ўзим кўрдим,
на бировга орттирдим.
Отам эрта ўксиб кетди,
ёруғ бўлсин гўрлари.
Юрагимни шу кунларда,
она, ваҳм босди-да.
Бахт —  номаҳрам,
Ғам — йўлдошим
эшигимни қоқади,
Яшаяпман ёруғ ғам-ла
кун кўрмоқлик қасдида.

ҲАДИК

Мен йўл четидаги
Сўққабош дарахтга ўхшайман, она.
Менга ўтган-кетган,
Яхши-ёмонлар,
Билиб-билмасдан,
Ирғитиб ўтишар
Қўлларидаги тошни.
Баҳайбат, бардошли
Дарахтман, ахир,
Қўрқмай отаверсин,
Бағритош одамлар
Енгларга яшириб,
Қийналиб юргандан кўра.
Бироқ менга отилаётган
Бу тошлар
Сизга етгиб кетишидан
Жуда-жуда қўрғаман, она!

Собира БЎЛДИЕВА

ОНАМ

Кошки яна ёмғир ёғса-ю,
Тол барглари шаллоба бўлса,
Соябонни эсдан чиқариб,
Мен онамни кўргани борсам.
Қуёш ботиб тонг отаргача
Киприга уйқу бўлолсам.
Дардларини бошимга қўйиб.
Қучоғида ухлаб қололсам.
— Бу рўмолинг эскирибди, — дер.

Чўнтагимга пул тиқар онам,
Кўнгли вайрон осмон тоғидан,
Кўзларини узмайди бирам.
— Ёмғирлар тинмайдими-ей,

Онам сўрар кўнгли очилмай,
— ёмғир қуйса, қуяр онажон.
Тонг отади ухланг ҳадемайю
— Баҳор бунча чўзилди, ёмғир.

Суякларим тешиб ўтгандай,
Сен ишонма менинг қуёшим.
Тоғлар оша ботаётгандай.
— Отам ерга эккан шолининг,

Увоғига ўхшайди ёмғир,
Ҳаво учун қайғурманг она,
Шамол эсса кетади ғир-ғир.
Сўнг онамнинг оппоқ сочларин,
Ёстиғидан тераман бир-бир.
— Қишлоқдаги ҳовлингга қайтиб,

Товуқларга жўжа очтир, — дер.
— Товуқ боққан бедазор қайда,

Тутзорларни бузди одамлар,
Мен шаҳардан кетсам онажон,
Беҳудага ўтгандай дамлар.

* * *
Онажоним ухлаб қолади,
Юрагимда бирам хавотир.
Кошки онам ҳаёт чизиғин,
Олисларга чўздирса, тақдир
Касалхона эшикларидан
Совуқ хона киради сим-сим,
Қайғуларнинг юкидан буткул,
Эгилдим-у, кексайди ёшим.
Ниманидир йўқотиб энди,
Аланглаб юргандай дунё.
Қалбим қолган ҳув ялангликда,
Совуқ қотиб қалтирар гўё.
Ташқарида баҳорнинг куни,
Булутларга кўк кўйлак бичиб,
Руҳимга талх ўтларининг
Томирини янчиб ичказдим.

* * *
Кетаяпман йўл четида кун,
тақдиримга қайғуради жим.
Этагига кўз ёшин артиб,
Толбаргларга йиғлайди беун.

* * *
Онам нуқул сойнинг бўйида,
Теракларга ҳамроҳ бўлган уй.
Чорбоғининг ҳаволарини,
Юрагига тугиб сурар уй.
Отасидан қолган ҳовлининг,
Тарновларин ёдга олади.
Мажнунтоллар эгилиб ўсган,
Қирғоқларга кўнгил солади.

Адиба ҲАМРО

ОНАЖОН

Онажон, бугун яна сизни ўйладим,
Сизга етар манзил кўнглимдек олис.
Кўзим нурларини йўлга бойладим,
Хаёллар учдилар сиз томон маъюс.

Чеҳрангиз чизади қаламкаш — хаёл,
Кўз ўнгимда музтар куласиз, Она!
Мен энди гўдакмас, сиз каби аёл —
Боламга парвона — бахтиёр Она!

Дилбоғим, ҳар лаҳза қўмсайман сизни,
Ўтли нигоҳингиз умримга йўлдош!
Одамлардан фақат изладим меҳр —
Сиздек меҳрибон йўқ — беминнат Қуёш!

Муҳиддин ОМОН

ОНАМГА

Онажон, меҳринг-ла дунёни билдим,
Ҳаётни англадим, ўргандим тугал.
Сенинг Қучоғингда ўйнадим, кулдим,
Сен билан мунаввар олам мукаммал.

Онажон, фарзандман, Сенинг қошингда
Минг бора таъзимга эгилар бошим.
Сенинг тоғдек улуғ, зўр бардошинг-ла
Умрим чароғондир, порлар қуёшим!

Онажон, мунисим, мушфиқ, меҳрибон,
Сен борсан, бахтлиман, толеим порлоқ.
Қайғу-ю ҳасратни кўрма ҳеч қачон,
Шодлик бўлсин Сенга доимий ҳамроҳ!




Эркин ТУРСУНОВ

ОНАМ БЎЛГАНДА ЭДИ

Бағрим тўлиб турарди,
Қалбим ёниб турарди
Кўзим кулиб турарди,
Онам бўлганда эди.

Кўзимда бўлмасди ёш,
Барча ишда бошу қош,
Уйимда порлар қуёш,
Онам бўлганда эди.

Эзилмас асло юрагим,
Армон бўлмас тилагим.
Кўпроқ бордир керагим
Онам бўлганда эди.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

ОНАЖОНИМ

Йўлларимга зор интизор термулган,
Нон ёнига кулча ёпиб илинган.
Оллоҳимга умрим сўраб сиғинган,
Интиққинам, мушфиққинам онажон.

Дардларимга дармон бўлиб тинглаган,
Озор берсам дуо билан сийлаган.
Тунлар бедор сочларимни силаган
Бедоргинам, дилдошгинам онажон.

Қалдирғочдек чарх урдингиз бошимда,
Гўдаклигим, ҳатто етук ёшимда.
Парвонасиз она доим қошимда
Жондошгинам, тандошгинам онажон.

Баъзан сизни ғанимат, деб билмадим,
Ёнингизда тўйиб суҳбат қурмадим.
Фарзанд бўлиб нима қилдим, қилмадим,
Меҳрибоним, бардошгинам онажон.

ОЙДИННИСО

* * *

Униқибди ҳаётнинг ранги,
Кўҳна ҳислар нурабди, она.
Бой берибсиз соч қорасини,
Кўзларингиз нурини яна.

Тоб ташлабди умидларингиз,
Армон бўлмай қолибди, армон.
Чўккандайин бироз қаддингиз
Менинг кўнглим каби, онажон.

Эскирибди эскилар бари,
Эскирибди эски бошпана.
Фақат меҳр ўша-ўшадир,
Эскирмабди меҳрингиз, она.


* * *


Сизни ёмон алдадим, она.
Рости,
нелар демоқчи эдим,
нималар демоқчийдим
Сизни кўрганда!..
Лек ҳеч нима демайин яна
Сизни алдаб қўйдим, она.

Она, қучоқламанг мени,
йиғламанг,
Пойламанг сўзютар оғзимни.
Кўзларимга
жимгина термулинг.
Жимгина эшитинг
ҳайқираётган кўзимни.

Кўзим —айтмай бўлмас сўзимдир, она.

Ойбек РАҲИМ

ОНАМГА

Қора кийинаман оғриқ сасидан,
Неча умрини кўксимда яшади ҳижрон.
Икки соҳил аро чайқалар юрак,
Қора кўзларимдан тошади ҳижрон.

Қонимга бўяйман уфқнинг юзини,
Армон қадамидан тупроқ қорадир.
Юлдузлар либосимдир, ой ҳам либосим,
Қувончим ғам танига битган ярадир.

Сени кутаман минг жонга дўниб,
Бир кун умримни ошкор этаман.
Япроқдек жудо бўлиб бандимдан,
Сени излаб тупроққа кетаман.

Бобомурод ЭРАЛИ

ОНАМ

Онам менга айтмас оғриқларини,
Шунчаки таскинлар малҳам бўлолмас.

Бошқалар сингари кўнглини очиб,
Бошқалар сингари яйраб кулолмас.

Ҳовлини супуриб-сидиргай шамол,
Ул онам ғамини супура олмас.

Ҳаёт унга берган мушкул бир савол,
Бир умр ўйланар, жавоб тополмас.

Сочлари оқарди, ўғил-қизлари
Бир тола оқини ўчира олмас.

Қанча айб қилсам, дилозорлигим
Ҳеч ким онам каби кечира олмас.

Юзига термулсам, шу онамчалик
Ҳеч ким меҳр билан тўйдира олмас.

Онам менга айтмас оғриқларини,
Шунчаки таскинлар малҳам бўлолмас.

БЕНАЗИР

ЙИҒЛАМАНГ, ОНА

Виждонни сотганлар йиғламаганда,
Гуноҳга ботганлар йиғламаганда,
Бировни йиғлатиб роҳатлар қилиб,
Дийдаси қотганлар йиғламаганда,
Ўзингиз айтгандай, турмай мардона
Сиз нега йиғлайсиз,
Йиғламанг, она!

Йиғламанг мунисим, садқаи кўз ёш,
Бандасига ёлғон, яратганга фош.
Сочингизни битта оқ толасига,
Дунё арзимайди, дунё — бағритош.
Тирналган бағримни тиғламанг, она,
Сиз нега йиғлайсиз,
ЙиҚламанг, она!

Юзимга ярашган кулгучим бўлиб,
Суянгувчим бўлиб, суйгувчим бўлиб.
Эдингиз-ку, нечун эгик қадингиз?
Йиқилсам, турғазиб қўйгувчим бўлиб.
Сиз нега йиғлайсиз,
Йиғламанг, она!

Умрим файзиёбдир ўзингиз билан,
Нокасга тик боқинг кўзингиз билан.
Ишонинг, сиз ҳали фахрланасиз,
Кун келиб, Беназир қизингиз билан.
Сиз нега йиғлайсиз,
ЙиҚламанг, она!






Комил СИНДАРОВ

ЎЗИНГИЗНИ СОҒИНАМАН, ОНАЖОН

Беш йилдирки армон бағрим эзади, 
Туйғуларим тўзон каби тўзади,
Сизни излаб тоғу тошни кезади,
Изингизни соғинаман, онажон.

Жонингизни нисор айлаб жонимизга,
Бир ўзингиз ярадингиз ўнимизга.
Тўёлмасдан кетган нурли кунимизга,
Кўзингизни соғинаман, Онажон.

Иссиқ кулча ҳиди димоғдан кетмас,
Сизсиз ширмой нонлар томоғдан ўтмас,
Ўамон келинингиз тандири битмас,
Тузингизни соғинаман, онажон.

Хаёлимдек чуваланар золим тун,
Тор дўппида бошдан ўтиб кетар кун,
Гоҳ сойдек қувноқ, гоҳида маҳзун,
Юзингизни соғинаман, Онажон.

Алқовлар кўп, орасида чини кам,
Ҳеч ким сиздек дўст бўлолмас чинакам.
ОҚир дамда бўлган дардимга малҳам,
Сўзингизни соғинаман, Онажон.

Э воҳ, кўп бўларкан етимга ҳужум,
Сизсиз ёғам вайрон, кўйлагим ғижим,
Жонсиз суратингиз кўзга суртиб жим,
Ўзингизни соғинаман, Онажон.


Ғафуржон ТОЖИБОЕВ

ОНАЖОН

Қаноти ёзилган полопон мисол,
Онажон бағрингданг учмоқ истардим.
Бу дунё не экан? Қийнарди савол,
Оламни тўйгунча кезмоқ истардим.

Энди-чи бу олам бағрида ҳамон,
Кимнидир соғиниб, кўрмоқ истайман.
Қайларда юрмайин ҳар нафас, ҳар он,
Онажон бағрингга учмоқ истайман.

Алишер БОЗОРОВ

* * *

Она, сизни соғиндим жуда,
Кўзларим бир кўрмоқ истайди.
Не қилайки, кутмоқ беҳуда,
Лек ишонгим сира келмайди.

Мана ўтди, ўтди йиллар ҳам,
Неча баҳор, кўклам ўтди ҳа.
Ҳар эсласам қалбимда мангу
Жўш уради сиз берган туйҚу.

Сиз бердингиз борлиғимга жон,
Шул сабабли ҳаётда борман.
Сен мен учун битмас ҳаяжон —
Шул сабабли мен бахтиёрман.

Агар сизни тушимда кўрсам,
Севинчларим ичимга сиғмас.
Қучоқ очиб ўрнимдан турсам,
Сиз — Юлдузсиз, қўлларим етмас.

Майли, порлаб туринг, Онажон,
Баҳра олай нурингиздан мен.
Юлдуз сочса нурларин ҳар он —
Демак, олам тинчдир ҳар қачон!

Жумагул СУВОНОВА

ОНАМГА

Ғамга тўлдим, она, бахтга тўёлмадим,
Баҳойингни бир тўхтамга қўёлмадим.
Ошиқ бўлдим, лекин шоир бўлолмадим,
Қўлинг очиб, муродимга фотиҳа бер.

Дастинг қисқа, замонанинг дили оғрир,
Меҳр кўрмай миллион боланг ўсди сағир.
Сенга улар ҳасратини тинглаш оғир,
Мен шоҳ бўлай, бул додимга фотиҳа бер.

Йўл азоби, гўр азоби бўлди, йиғлай,
Ғаним кулди, юртим ғамга тўлди, йиғлай.
Ёруғ куним зулматга жо бўлди, йиғлай,
Энди менинг кулмоғимга фотиҳа бер.

Боқдим кўзим қувонмади чўнг тоғларга,
Не дард ўтди, вабо тегди бул боғларга.
Қачон меҳринг малҳам бўлар дил доғларга,
Меҳрингга жо бўлмоғимга фотиҳа бер.



Муҳаббат ТЎХТАШЕВА 

КЎЗИМ УСТИДАСИЗ

Онамга

Югурик кунларга йўлдай босилиб,
ўанимат дунёга гулдай осилиб,
Онам ҳузурига етмай о, синиб,
Увол бўлаётган дийдор йиҚлайди.

Қуш учирган бағр — энг мунглиғ савол,
Ғуссалари ширин, ғамлари ҳалол,
Қишлоқ ва кент аро улғайган малол,
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди.

Тонг отиб кетади, отиб кетар тош,
Уйқум каби хаста, сарғаяр бардош,
Қишлоқи лаҳжамга алла айтар Шош,
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди.

Она, юринг дала-тузга ярашиб,
Шеъримга ярашиб, сўзга ярашиб,
Кўзим устидасиз, кўзга ярашиб — 
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди. 


Наргиза АСАД

ОНАМ ОРЗУСИ

Йўлга тушиб ўзи кўргани келган,
Сезиб-сезиб ҳолим сўргани келган.
Қўлида тугунин, елкада юкин
Кўтариб, борини бергани келган.
Оввора онам-а, сарсон-а, онам.

Қалбининг бешдан бир парчаси ўзим,
Хавотир уйининг дарчаси ўзим.
Дийдорни етаклаб келган чоғида
Таскин ёшларининг барчаси ўзим.
Садпора онам-а, тийрон-а онам.

Вақт етмасларга-ку сайландим, она,
Минг бир баҳонага шайландим, она.
Бу ерни қишлоққа ўхшаш деб ўйлаб,
Тош шаҳарда тошга айландим, она.
Дилпора онам-а, ҳайрон-а, онам.

Мен нима ҳам қилдим сизга арзирлик,
Бир сўз тополдимми тилга олгулик.
Билмадим, ёзганим фақат шеър бўлди,
«Бир қиз» бўлолдимми сизга орзулик,
Гулёра онам-а, бийрон-а, онам.

Дилфуза КАМОЛЖОНОВА

ТАЛАБА

Кўксимга босаман шойи рўмолинг,
Соғинсам бошимга ўраб оламан.
Онажон Жиззахга кетаяпман мен,
Меҳрингдан олисда нима қиламан?

Баъзида қийналар виждон қурмагур,
Биринчи октябрь — йилда бир байрам.
Қўнғироқ қиламан, «Онажон, кечир!»
Бугун дарсларим кўп индин бораман.

Автобус. Шабада. Шабада сочимни силар,
Оналарнинг меҳри англаб бўлмас сир.
Денгизда адашган «Елкан» мисоли,
Уйига ошиқар битта мусофир.


Абдулла ЧИМИРЗАЕВ

ОНА КЎНГЛИ

Онам урчуғидай айланди фалак
Чигал калавадай мен кетдим шошиб.
Гул узсам бир қизга, қурғур капалак,
Эслатиб юборар сизни адашиб.

Сизга не илиндим кўз ёшдан бўлак,
Болам деб тунлари мижжа қоқмайсиз.
Борлиқдан мустаҳкам ё сизда юрак,
Қанча ранжитсамда, Сиз — ранжимайсиз.

Қайтганлар бор, борса келмас жойлардан,
Етолмайман йўл тушмаса ростида.
Осмонга кўз солсам тунлар ойнадан,
Юлдузлар имлайди қишлоқ устида.

Ёстиқ гули ёшингиздан тортиб нам,
Улғайишин анча аввал билгандим.
Тағин остонада турибсиз қайдам,
Ахир келишимни айтмай келгандим.

Фариштани кўрганмисиз йўқ деманг,
Ўхшаса у онангизга ўхшайди.
Ҳатто йиллаб шаҳар кезиб дайдиган,
Тош кўнгиллик ўғил учун яшайди.

Мунаввара ҚУРБОНБОЕВА

ОНАЖОНИМ

Ғамдошимсиз, онажоним, сирдошимсиз,
Меҳрибоним, мушфиғимсиз, қуёшимсиз.
Бу дунёнинг қайғуси кўп, ғам-андуҳи,
Унга қарши бардошимсиз, бардошимсиз.

Онажоним, дунёнинг паст-баланди кўп,
Эрка кийик, оҳуларга каманди кўп.
Заҳру боли, зардобидан ошадим хўп,
Ёдингиздан паноҳ топдим, бардошимсиз.

Ушбу дунё ёруғ, гоҳи зиндон,
Гоҳи ҳаким, гоҳи жаллод, гоҳи осмон.
Гоҳи тийра бўлса кўзга олам-жаҳон,
Бошгинамдан нурлар сочган қуёшимсиз.

Онажоним, бир армоним сиз ўзингиз,
Нега бунча эрта юмибсиз кўзингиз.
Қайғу-ғамга кўмиб кетдингиз қизингиз?
Онажоним, сирдошимсиз, ғамдошимсиз.

Онажоним, меҳрибоним, мушфиғимсиз,
Жонажоним, қуёшимсиз, қуёшимсиз.
Онажоним...

ОНА

Оёғимга кирмасин деб хас,
Пойларимга тўшалган она,
ўам-қайҚуси бўлсин, деб абас,
Бошларимда бўлган парвона.

Оқ сутингиз илиқ тафтидан
Мурғаккина вужудим қони,
Бутун дунё она тафтидан
Камол топур, сиз унинг жони.

Кўзларингиз нурини сочиб
Тун-кечалар тебратиб бешик,
Илк қадамин қўйганда шошиб,
Фарзанд учун қалбингиз эшик.

Машаққатлар чеккан, онажон,
ФароҚатлар сизга ёт бўлди.
Юрагимда улуғ бир армон,
Орзуларим чечаги сўлди.

Бу дунёни эрта тарк қилиб,
Қалбгинамни тиғлаб кетдингиз.
Боғимдаги гулларим узиб,
Уни қайга томон элтдингиз?

Онажоним, сизни қилиб ёд,
Ҳазин-ҳазин қўшиқ куйларман,
Зора бўлса пок руҳингиз шод,
Кеча-кундуз сизни ўйларман.

Сизни ўйлаб, сизни куйларман,
Сизни айтиб, сизни сўйларман...

Ўктам ДАВЛЕТОВ

ОНАЖОНИМ

Учай десам бордир қанотим,
Пойгаларда туртилмас отим,
Кўнглим хушдир, қувноқ ҳаётим,
Минг шукрки, онам бор онам,
Онажоним, онам бор, онам.

Келаверар қуйилиб алёр
Қўшиқларим ҳамиша гулёр,
Омад кулиб боқар, зафар ёр,
Минг шукрки, онам бор онам,
Онажоним, онам бор, онам.

Чин кўнгилдан куло биламан,
Бахтлиман деб, било биламан,
Ҳеч ташвишсиз юро биламан,
Минг шукрки, онам бор онам,
Онажоним, онам бор, онам.

Тирик бўлгай ҳар ким онаси,
Тарк айлагай армон ноласи,
Мағрурланиб юрсин, боласи,
Минг шукрки, онам бор, онам,
              Онажоним, онам бор, онам.

Мансур ЮНУС

СОҒИНДИМ ОНА

Мусофирлик ёлғизлаб қўйди,
Сохта дўстлар бағримни ўйди.
Нетай армон бепичоқ сўйди,
Дуоларинг соғиндим, она.

Мени кутган кўзингда ёшман,
Мен бешафқат, мен бағритошман.
Сен ёқтирган гулга сирдошман,
Гулбоғингни  соғиндим, она.

Сочингдаги оппоқ толангман,
Тонгда қилган дарду нолангман.
Мен бир буюк, инжиқ болангман,
Нигоҳингни соғиндим, она.

Худойимдан мени сўраган,
Улғайтирган, бахтим тилаган.
Омон бўл деб бошим силаган,
Қадоғ қўлинг соғиндим, она.

Шўх дамларим қишлоқда ўтган,
Болалигим этагинг тутган.
Ялангоёқ қирларда юрган,
Тупроқ йўлни соғиндим, она.

Дилрабо НОРҚУЛОВА

ОНАМГА ХАТ

Меҳр — кўзда дейдилар,
Сеҳр — сўзда дейдилар.
Меҳри суйган юракни
Парча муз-да дейдилар.

Ўзим узоқдаман-у,
Кўнглим сизда, онажон.
Сиздан бошқа яқин йўқ,
Шоир қизда, онажон.

Қишлоғим кўз олдимда,
Сиз борсиз, дўст олдимда.
Нима қилай, шу... шеърга
Сал боғланиб қолдимда.

Сал эркароқ ўстирган
Ўзингиз-ку, онажон.
Менда завқлар уйғотган
Сўзингиз-ку, онажон.

Қия-қия далалар,
Қирмиз-қирмиз лолалар.
Гул отган-у гап отган
Қиякўзли болалар.

Деҳқон болаларига
Тўрт фасл — иш, онажон.
Менинг ишим гап сотиш
Ва соҚиниш, онажон.

Нақадар хуш ер ҳиди,
Хирмон ҳиди, тер ҳиди.
Гоҳо нафасим бўғар
Енгил, арзон шеър ҳиди.

Дилда кундан-кунга юртнинг
Қадри ортар, онажон.
Куйламасам кўнгилнинг
Дарди ортар, онажон.

Ишдан қайтади дадам,
Уйда кичкина байрам.
Бундан ортиқ бахт борми,
Оиламиз жамулжам.

Мен ҳам ўша кезларни
Кўп қумсайман, онажон.
Бахт, орзуни бир жойда
Кўрсам дейман, онажон.

Олма пишгунича то,
Сакраб тушгунича то,
Бу томонда — Тошкентда
Қанча турланар дунё.

Шаҳарда вақт чопоҚон,
Тойга ўхшар, онажон.
Олмафуруш ҳам катта
Бойга ўхшар, онажон.

Зорланиш бу хорланиш,
Хорланиш — абгорланиш.
Изла дейсиз яхшилик,
Яхшилар билан таниш.

Ёмонларга юзимни
Ёпиб олдим, онажон.
Мен пойтахтда ўзимни
Топиб олдим, онажон!

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 3533 | Рейтинг: 4.0/5