Приветствую Вас, Гость! Регистрация RSS

Турецкие Стихи

Четверг, 21.11.2024

Она (13)
Сарвар ЮСУПОВ

ОНА
Бир кун келиб юрак айланса тошга,
Тақдир ҳукми ғамлар ёғилса бошга,
Кипригим қорилса аччиқ кўз ёшга,
Фақат сиз, ҳамдардим бўлгайиз яна,
Тоабад сиз менинг каъбамсиз, она.

Йўлимга кўз тутиб турсангиз ногоҳ,
Орзулар тўлқини сиз ила ҳамроҳ,
Дуолар ижобат айласа Оллоҳ,
Тилаклар мен учун давомий яна,
Бахтимдан даракдир барчаси, она.

Вафо овозаси тутса оламни,
Аллалар Соғинчга бошлар одамни,
Муҳаммад айтдилар: «Асра онамни»,
Пайғамбар сўзидан куч олдим яна,
Шошилдим сиз томон, мунисим она.

Сахийлик конидан соҳир табиат,
Меҳрга ўргаай завқини фақат,
Нурли нигоҳингиз мисоли санъат,
Қушлар мадҳингизни куйлайди яна,
Мажнунтол таъзимда, бош эгар, она.

Насиба КАМОЛОВА

ОНА ВА БОЛА

Она дарахт бўлса, япроғи — фарзанд,
Онанинг жонига боласи пайванд.
Дунё меҳварида бу икки дилбанд
Бу улкан оламни гул қила олур.

Оналар саломат, фарзанд ҳам омон
Боболардан қолган бу қадимий шон,
Меҳр кўзи ёруғ жон Ўзбекистон —
Адолат нуридан йўл қила олур.

Ўзбек онасида риёлар бўлмас,
Фарзанди камоли унга зўр ҳавас.
Қалбларни тўлдирса алла айтган сас,
Тиконзор саҳрони гул қила олур.

Эй она, бахтинг шу — йўқдир армонинг,
Болангнинг бошида ёруғ осмонинг,
Буюк келажакка элтар карвонинг
Бу улкан оламни гул қила олур.

Она дарахт бўлса, япроғи — фарзанд...

Ситора ТОШМАТОВА

ОНАМГА МАКТУБ

Салом, хат!
Ассалом, меҳрибонгинам!
Сизни, дадамларни соғиндим бирам.
Укам шўхлигини ташладими сал,
Яхши юрибдими ўжар сингилчам?

Мендан сўрасангиз, мен ҳам омонман,
Гоҳи гулгун, гоҳи ранги сомонман.
Аммо сўзларингиз чиқмас ёдимдан:
Мен фақат яхшилик, меҳр томонман...

Эҳ, мен нодон қиз-а, эҳ, мен нодон қиз,
Мен деб гоҳи ҳайрон, гоҳи сарсонсиз.
Ҳеч йўқса қишлоққа нафи тегарди
Шоир қиз ўрнига чўпон туғсангиз...

Маҳаллада «бештош» ўйнаб ўтирган
Попук қизчаларни соғиндим жуда.
Бу ерда болалар тупроқ чангитмас,
Кўчага чиқишмас худа-беҳуда.

Она, сизга одат ҳар кун саҳарда
Тандирлаб-тандирлаб кулча нон ёпиш.
Менинг ишим эса сўздан сўз ясаб
Думбул шеърларимга қофия топиш...

Хатимга шу ерда қўяман нуқта,
Саломим етказинг қадрдонларга.
Ва айтинг: Зулфия, Нодира бўлмай
Қайтиб боролмайман у томонларга.

Она, гар дуолар бўлса ижобат,
Бир куни мен энг зўр шоир бўламан.
Ва дилларга қадаб ашъоргулларни,
Ватанни куйлашга қодир бўламан!

ИҚРОР

Бағрингга бошимни қўйганим замон,
Жисм-у жоним роҳат олади, она.
Борлиқ ўзгарди-ю сен — ўша ҳамон,
Чўғ тафтли қуёшдай меҳринг дурдона.

Гоҳ билиб, гоҳ билмай дилинг оғритдим,
Сенга гоҳи қувонч, гоҳ қайғу тутдим,
Ўаттоки, баъзида боринг унутдим,
Шунда ҳам мен нодонга бўлдинг парвона...

Душманлар туртганда, қалқон бўлдинг сен,
Гоҳи йўлдан оғсам, виждон бўлдинг сен,
Гоҳо иймон бўлдинг, гоҳ жон бўлдинг сен,
Сен-чун не қилолдим, эҳ, мен нодон-а...

Онажон, кел, мени Қучоғингга ол,
Ғамларинг аритай, қувончларим ол,
Дардингни менга бер, кўрмагин завол,
Пойинг тавоф этай атаб ягона!

Икки дунём саодати ўзингсан, она!

Чаман ЖОНУЗОҚОВА

ОНАЖОН

Янги жойга кўчдим, ҳаваслар қилиб,
Янги одамларни кўраман ҳар он.
Жуда кўп нарсалар янгиланди-ю,
Юрагим талпинар сизга, онажон.

Ўйлаб кўрсам, Соғинчим янги,
Азобларим янги, дардларим осмон.
Мен шаҳарга ҳавасманд, аммо,
Дунё жилвалари эски, онажон.

Бир қоғозим янги, қаламим янги,
Аммо аввалгидек ёзаман ҳамон.
Ўйламанг, янгича шеърлар ёзгандир,
Ўша илҳомим ҳам Сизсиз - онажон!

Жасур ҲУСАНОВ

ОНАМНИНГ ДУОСИ

Маломатлар ёғиб эгилса бошим,
Ер билан бир бўлиб тўкилса ёшим,
Дунёни тарк этса танҳо қуёшим,
Онамнинг дуосин қайдан топаман.

Синиқ жилмайишиб турса райҳонлар,
Кўнгли чоғлиқ қилса кўнглим вайронлар.
ЧорбоҚимни зоҚлар этса пайҳонлар,
Онамнинг доусин қайдан топаман.

Бошим омон бўлса дунё топарман,
Яхшилар ёр бўлса зиё топарман,
Бахт-ку кулиб боқса хумо топарман,
Онамнинг дуосин қайдан топаман.

Севгисиз яшашга қиламан тоқат,
Дўст топиш машаққат, кўп эрур улфат,
Яхши кунлар бир кун келади фақат
Онамнинг дуосин қайдан топаман.

Йиғласам, мен билан йиғлайди осмон,
Армонларим эрур унга ҳам армон.
Ўзидан кўп мени ўйловчи инсон,
Онамнинг дуосин қайдан топаман.

Бекзод АМИНОВ

* * *

Алласи тунлари янграган онам,
Ҳаётим гулшани, сўзлари донам,
Дуо бор сўзида, меҳри бир олам,
Сочларидир қиров, муштипар онам.

Дуолар қилар тушларимда ҳам,
Ғамга ботсам агар, юпатиб ҳардам.
Хизматингда турай бурчимни оқлаб,
Сочларидир қиров, муштипар онам.

Куз келар, қовжираб хазонлар тўзғиб,
Кўкда ой ўхшар онамга, боради сузиб,
Битгайман қоғозга сўзларим тизиб,
Сочларидир қиров, муштипар онам.

Валишер ВОҲИДОВ

ОНАМ ДЕБ...

Юлдузни куйладим, ойни куйладим,
Ватан деб ёзишдан ҳеч ҳам толмабман.
Камбағал дарди-ю, бойни куйладим,
Онам деб бир сатр ёза олмабман.

Айтдим келажакни, айтдим ўтмишни,
Айтдим ҳаётни-ю, оддий бир тушни.
Минг жилога солдим ҳаттоки қушни,
Онам деб бир сатр ёза олмабман.

Ғазал битдим кўп бор куйлаб баҳорни,
Мадҳини битибман бевафо ёрни.
Неча бор ёзибман ёмғирни, қорни,
Онам деб бир сатр ёза олмабман.

Куйладим дунёда йўқ муҳаббатни,
Ўзимга бегона меҳр-шафқатни.
Кўп нарсани ёздим, мен фақатгина,
Онам деб бир сатр ёза олмабман.

Сен менга жон бердинг, қийналдинг қанча,
Лек кулиб турасан оналарга хос.
Мен-чи, нима қилдим, айт, шу кунгача,
Бор-йўҚи бугун шеър ёзибман холос.


Иброҳим ЮСУПОВ

ОНАЖОН

Бағрингиздан эркин қуш бўлиб,
Мен кўкларга учдим, онажон.
Меҳрингизни юракка жойлаб,
Унутмасман сизни ҳеч қачон.

Ойдин йўллар тиланг, онажон,
Шуъла сочар умидлар гўё.
Талпинурман келажак томон,
Қучоқ очар менга кенг дунё.

Билмам тақдир қайларга бошлар,
Неларга мен бардош этурман.
Йироқларга йўл олдим бугун,
Шеър ишқида ёниб кетурман.

Мисраларга излайман зиё,
Нигоҳларим ёнмоқ истайди.
Қайда бўлсам дилда меҳрингиз,
Ёмон кўздан мудом асрайди.

Каримахон ЙЎЛДОШЕВА

ОНАМ ЁДГА ТУШАР

Онам гапни мақол билан бошларди,
Аччиқ гапни ширин қилиб сўзларди.
Тоғ қулашин тоғ кўтарар, дейдилар,
Бир сўзида юз маънони кўзларди.

Онам гапни мақол билан бошларди,
Оқ кўнгил-да, баъзан кўзин ёшларди.
Бу дунёнинг синовига енгилмай,
У олдинга қараб қадам ташларди.

Ўлтирибман сувга тушим айтганча,
Шу қўлларда нилуфаргул унсайди.
Мен райҳоннинг бўйларига маст бугун,
Нима қилай, онамни дил қўмсайди.

Зурафо НАРЗУЛЛАЕВА

ОНАМ КИРДИ ТУШИМГА...

Онам Баҳра Қобулова хотирасига

Онажоним кириб тушимга,
Тақиб қўйди бўйнимга маржон.
Уйғондиму келиб ҳушимга
Ҳикмат кўрдим бунда бир жаҳон.

Фариштадек у ҳаёт чоғи,
Тутди бизга ҳалол нон, тузни.
Волимдамнинг гулдек қучоғи,
Улғайтирди биз, ўғил, қизни.

Биз боғ эдик, у қуёшимиз,
Меҳрин солдик юрак торига.
Онам силар эди бошимиз,
Ярагин деб элнинг корига.

Онажоним ишончин оқлаб,
Юртни севдик ҳар недан ортиқ.
Она халқни, замонни ёқлаб
Фарзанд бўлдик Ватанга содиқ.

Зурафоман, толеимда нур,
Кўзларимда дунё шукуҳи.
То ҳаётман мени бир умр,
Қўллаб турар онамнинг руҳи...

Турсунбой ОЧИЛОВ

ОНАМГА

Бошимга бир оғир жудолик тушди,
Ҳолим йўқ дарёдай тўлмиб-тошгани.
Нетай, ҳақсизликдан юрак увишди,
Ўафсалам қолмади довон ошгани.

Онажон, ҳаётбахш сўзлардан сўзланг,
Ҳақиқат ҳақинда тинглайин тўймай.
Фақат ёлғонларни эшитавериб,
Адолат борлигин унутиб қўймай.


ОНАИЗОРДАН БЎЛАК

Менга ҳамдард, ҳам сирдош йўқ
шеър отлиғ ёрдан бўлак,
Хаста дилга яқин дўст йўқ
нола-ю зордан бўлак.

Умрим бўйи баҳоримни
телбаларча изладим,
Лекин, рухсор кўрсатмади
қиш фасли — қордан бўлак.

Кибру ҳаво, манманликни
душман билдим, оқибат,
Бирор яқин зот қолмади
виждону ордан бўлак.

Ҳақни дедим, ҳасадгўйлар
иҚволардан уйди тош,
Яшамоққа йўқдир имкон,
сарбаланд дордан бўлак.

Боз устина ишқ ўтиға,
воҳким, малҳам топмадим,
Ўаётимда шеър сеҳри-ю,
рубобу тордан бўлак.

Муҳаббатни бахт деб билсам,
бу телба деб кулишди,
Мени ҳеч тушунмади,
онаизордан бўлак.

Мунаввара ҚОЗОҚБАЕВА

ОНАЖОН

Кўзимнинг нурисиз, онажон,
Дилимнинг қўрисиз, онажон.
Оналар кўп эрур фидойи,
Ўаммадан зўрисиз онажон.

Ризойи дилингиз истайман,
Хизмат айтинг учар қушдайман.
Набира кўрсам ҳам бир қатор,
Сиз борсиз йигирма ёшдайман.

Бошимда бор бўлинг қуёшим,
Сиз менинг ишончим, бардошим.
Икки кун кўрмасам Соғинчдан,
Кўзимдан аримас кўз ёшим.

Ғурурсиз кўксимни кўтарган,
Онаси борлар шоҳ ўтаркан.
Онаман, онам бор бошимда,
Подшоман ким менга етаркан.


Комила НОСИРОВА

ОНА...

Она, менинг кўзимдан
Ёш эмас, армон оқар.
Ўазон босган изимдан
Муҳаббат кулиб боқар.
Она, менинг дардларим
Улканлашиб бородир.
Кўнгилдаги гардларим
Мингта тошни ёродир.
Она, сўнди лабимда
Қувончим кулгулари.
Энди менинг қалбимда
Дунёнинг қайғулари
Она, бошимни силанг,
Мен уйқуга кетайин.
Она, менга бахт тиланг,
Шеърларимни битайин...

Насиба ЮСУПОВА

* * *

Она, сизни соғиндим қаттиқ,
Яна Соғинчларда гулладим.
Бу ерда ҳеч қандай таскин йўқ,
Йиғладим.

Она, бу ерларда ҳеч ким йўқ,
Ёлғизлик ўт қўйди жонимга.
Ўзимни қутқармас эканман,
Ҳеч кимга етмайди додимга.

Меҳрибоним, Сизга талпиниб,
Ҳис қиламан юрак уришин.
Нурагани қўймагайсиз Сиз,
Куч берасиз яшашим учун.

Аёзларда омон қолиш шарт,
Оловларда гуллаш мумкиндир.
Сиз борсизки, юзларим ёруғ,
Сиз борсизки, кўнглим бутундир.

Она, бахтдан масрурлик туйдим,
Хуш насмлар этгайлар риоя.
Она, бизга бахтимиз учун,
Яратганнинг ўзи кифоя.

Мен гоҳида узоқ йиғлайман,
Айтолмасам соғинганимни.
Кипригимга инади титроқ,
Мен Сиз бўлгим келади яъни...

Бир сўз излаб юрибман бунда,
Балки бир Сўз, балки бир таскин.
Она, менинг юрагим Сизда,
Нега Сизнинг кўзингиз ғамгин?!

Яхши фарзанд бўлолмадим мен,
Бор меҳримни йўлларга сочдим.
Эслолмайман бу йўллар аро
Нима топдим, нимадан қочдим.

Ва ҳис қилиб тураман доим,
Дуо, Соғинч, ҳар ҳисингизни.
Сизга мудом оғриқлар бердим,
Ўғирладим бор ҳуснингизни.


Аёзларда омон қолиш шарт,
Оловларда гуллаш мумкиндир.
Сиз борсизки, юзларим ёруғ,
     Сиз борсизки, кўнглим бутундир.

  Зуҳриддин ИСМОИЛ

ОНАМГА
Бир нур ёритади минг йилки хонам,
Парилар рақс тушган олтин остонам.
Бу — онам юзидан таралган ёғду,
Равзаи жаннатим, ризвоним онам.

Бир гул аёзларда эгмайди бошин,
Бағрида асрайди севги қуёшин.
Оқшомлар ёстиқлар кўрди кўз ёшин,
Беҳиштдан нур олган мужгоним, онам.

Бир қўл чарчамоқни уят, ор билди,
Меҳнатдан ўзини бахтиёр билди.
Етимларни боқиб йиғлади, кулди,
«Гул етим»лар боққан боғбоним, онам.

Бир қуш полапонлари олтита оташ,
Отасиз қолса не, керак-ку яшаш.
Ким топар онадан ортиқроқ дилкаш,
Аллаларда ширин забоним, онам.

Бир дил дилбандларига «ўқинглар», — деди,
«Инсонлик илмини уқинглар», — деди.
Сирғасин китобга алишган эди,
Зарлардан воз кечган урфоним, онам.

Бир йўл яратганга етиб борадир,
Савоблар китобин битиб борадир.
Оналарни кафтида тутиб борадир,
Карвонлар бошида сарбоним, онам.

Усмон БЕК

ОНАЖОН

Сизни роса қийнаб юбордим,
Ва кўриндим ҳаммага ёмон.
Кўплар сурди ўзидан нари,
Сиз қучдингиз маҳкам онажон.

Иситмадан ёнсангиз-да лек,
Чўғ кафтингиз артолди ёшим.
Хотирамда дарддан қалтираб,
Ювганингиз кир усти бошим.

Тилим чиқди, оёқладим сўнг,
Аста-секин ташладим қадам.
Ва англадим она бўлмаса,
Зим-зиё бир бўшлиқдир олам.

Бугун анча қариб қолгансиз,
Камайгандек парволарингиз.
Бироқ яйрар кунимга ҳамон,
Сутдек тотли дуоларингиз.

Юлдузой ЎРМОНОВА

ОНАМГА

Сиз менинг олий бахтим,
Бахтдан-да азиз тахтим,
Сиз-ла мазмунлидир ҳаётим,
Борлиғимсиз, онажон!
Сиз қалбимнинг чироғи,
Кўзимнинг нур-қароғи
Кўнглимнинг чин ардоғи,
БорлиҚимсиз, онажон!

ОНА

Дунёда энг улуғ зот,
У борки бор одамзод.
Буюкликда ягона —
Мўътабар, азиз она.
Унинг кўзи меҳрли,
Унинг сўзи сеҳрли.
Улуғликда ягона —
Мўътабар, азиз она.
Кимга дўстдир вафодор,
Кимгадир суюкли ёр,
Меҳри мисли дурдона —
Мўътабар, азиз она.
Жаннат унинг пойида,
Дунё меҳри қалбида
«Болам» дея яшар мардона —
Мўътабар, азиз она.

Рушана НАЗАРОВА

ОНАЖОНИМ

Олам аро ягона,
Меҳрибон, азиз онам!
Бошингиз бўлсин омон,
Сирдош менга ҳар замон,
Қалб қуёшим, онажон!

Доим бизни қўллайсиз,
СоҚлимиз ўйлайсиз.
Кўп ҳикматлар сўйлайсиз,
Дилдошим, жон-онажон,
Қалб қуёшим, онажон!

Ўзи емай, едирган,
Ўзи киймай, кийдирган.
Дилни нурга тўлдирган.
Меҳрибоним, онажон,
Қалб қуёшим, онажон.

Исомиддин ПЎЛАТОВ

ОНА

Сенга термиламан,
Кўзларимдан ёш оқар дув-дув,
Пичир-пичир қилар лабларим,
Юрагимни ғамрайди қўрқув.
Лоқайд мўлтирайман бўшлиққа,
Хаёлларга асир бўламан,
Баъзан йиғлаб, баъзан куламан
Нолаларим ўхшаб кетади, 
Гоҳо қўшиққа...

Сенга термиламан
Суякларим қарс-қарс синади,
Соғинч сиғмай борар ичимга,
Кўзёшларим қачон тинади?
Кўкрагимга ажал тепади,
Сийратимни сазойи қилиб,
Муҳаббат уруғин,
Ерга... самога... сепади.

Сенга термиламан,
Гўё покланади борлиғим.
Кўзларингга боқиб,
Юзларингга боқиб,
Сочларингга...
Оҳларингга...
Ажинларингга...
Боққанимда, термилганимда,
Юрагимни олади чақиб,
Жон-а!
Она!

Категория: SMS SHERLAR, SEVGI HAQIDA SHERLAR (30.12.2013)
Просмотров: 3377 | Рейтинг: 3.0/3